Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:06

Таиланд қозоқ учувчиларини озод қилди


Қозоғистонлик учувчилардан бири Виталий Шумков Таиланд миграция полициясига олиб кетилмоқда.
Қозоғистонлик учувчилардан бири Виталий Шумков Таиланд миграция полициясига олиб кетилмоқда.

Учоқда 40 тонна қурол олиб кетаётганида қўлга олинган ва Бангкок қамоқхонасида сақланаётган 4 нафар қозоғистонлик учувчи озод қилинди. Таиланд ҳуқуқ - тартибот тузилмалари қозоқ учувчиларини қамоқда сақлаш мамлакат учун фойда келтирмаслигини маълум қилган.

Жорий йилнинг 11 февраль куни Ассошиэйтед Пресс агентлиги Таиланд бош прокуратураси Бангкок қамоқхонасида сақланаётган 4 нафар қозоқ учувчисини озод қилиш қарорига келганини маълум қилди.

Таиланд Бош прокуратураси вакили Танафик Молафруек қозоқ учувчиларининг айби исботланмагани ҳамда уларни қамоқда сақлаш Таиланд учун фойда келтирмаслигини маълум қилди.

- Таиландда қўлга олинган самолёт экипажига нисбатан айблов билдириш Таиланд ва Қозоғистон муносабатларига салбий таъсир этиши мумкин.

Шу боис биз барча айбловлардан воз кечиб, қозоқ учувчиларини юртларига қайтариш қарорига келдик, - дея маълум қилди журналистларга Таиланд Бош прокуратурасининг расмий вакили.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 12 декабр куни Шимолий Корея – Украина йўналишидаги Ил-76 самолёти Бангкокнинг Дон Мианг аэропортида ёнилғи қуйиш учун тўхтаган пайтида ушлаб қолинганди.

Ўшанда 40 тоннадан зиёд қурол-аслаҳа ортилгани айтилаётган самолёт учувчилари бўлмиш Белоруснинг бир фуқароси ҳамда 4 нафар қозоғистонлик Бангкок полицияси томонидан ҳибсга олинганди.

Бундан аввал Озодлик мухбири билан телефон суҳбати давомида Бангкок қамоқхонасида сақланаётган қозоқ учувчиларидан бири Илёс Исақовнинг қизи Наталя Исақова, учувчилар қариндошлари уларнинг қурол-аслаҳа билан боғлиқ воқеага алоқадорликлари ҳақида ҳеч нима билмасликларини айтганди.

- Биз бошқаларга нисбатан анча кам маълумотга эгамиз. Сабаби биз яқинларимиз билан боғлана олмаяпмиз. Биз президент ва бош вазирга хат йўллаб, улардан учувчиларимизга ёрдам беришларини сўраяпмиз.

Ҳозирча йўллаган хатимизга жавоб олганимиз йўқ, аммо яхшиликка умид қилаяпмиз,- деган эди қозоқ учувчиси Илёсовнинг қизи.

Ўз навбатида қозоқ расмийлари ҳам учувчиларнинг бу каби нохуш воқеага алоқадорликлари борасида ҳеч бир маълумотга эга эмасликларини билдиргандилар.

Расмий Остонанинг ўз фуқароларини товон пули эвазига озод қилиш илтимосига Таиланд ҳукумати аввал рад жавоб берганди.

Суриштирув натижаларига кўра, учувчилар самолёт бортида қурол-аслаҳа борлигидан ва юкка ким томонидан буюртма берилганидан хабарлари бўлмаганини айтганлар.

Баъзи хорижий оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, ИЛ-76 самолети Грузиядаги Air West Georgia Ltd. шахсий компаниясига тегишли бўлиб, қозоғистонлик ва белоруслик учувчилар самолётдаги юкни Шимолий Кореядан Украинага олиб келиш учун ёлланганлар.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Асқар Абдураҳмонов Таиланд Бош прокуратураси қозоқ учувчиларига билдирилган айбловларни бекор қилгани ва уларни қамоқдан озод қилиш қарорига келганини маълум қилди.

- Таиланд прокуратурасининг учувчиларимизга нисбатан билдирилган айбловларни бекор қилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаймиз. Қозоқ учувчиларига нисбатан очилган жиноий иш ёпилиши керак. Сўнг улар Таиланд миграция полицияси ихтиёрига топширилиб, мамлакат ҳудудидан бадарға қилинадилар. Аммо қозоқ учувчиларининг юртларига қайтиб келиш куни белгисиз, - дейди Асқар Абдураҳмонов.

Таиланд Бош прокуратураси қозоқ учувчилари юртларига қайтарилгач, улар ишини қозоқ суди кўриб чиқиш эҳтимоли мавжудлигини айтган. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили ҳам бундай маълумотни йўққа чиқармайди.

- Бу саволингизга ҳозирча жавоб беролмайман. Аммо бу маълумотни рад ҳам қилиб ўтирмайман,- деди қозоқ Ташқи ишлар вазирлигининг расмийси.

Қозоғистон аввал ҳам Шимолий Кореяга қурол-аслаҳа етказиб бериш билан боғлиқ можарога аралашиб қолганди. 1999 йилда Қозоғистон Шимолий Кореяга бир неча қирувчи самолёт сотгани аниқланганди.

Пировардида мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Нуртай Абикаев ва мудофаа вазири Мухтар Алтинбаев қисқа муддатга ўз лавозимларидан четлатилган эдилар. Ўша амалиётнинг асосий ижрочилари енгил жазо билан қутулгандилар.

Кузатувчилар, гарчи қатор халқаро шартномалар бўйича Шимолий Кореядан қурол-аслаҳа олиб келиш таъқиқланган бўлса-да, Таиланд ҳукумати Қозоғистоннинг жорий йили ЕХҲТга раислик қилаётганини эътиборга оган ҳолда, халқаро миқёсда бу мамлакат номи билан боғлиқ жанжал келиб чиқишига йўл қўймаслик мақсадида, Шимолий Кореядан катта миқдорда қурол-аслаҳа олиб келаётган қозоқ учувчиларини озод қилиш қарорига келганини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG