Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:40

Халқаро ташкилот Тожикистондаги экологик вазиятдан ташвишда


Мутахассислар Тожикистондаги музликларнинг эриши минтақада сув танқислигига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб келадилар.
Мутахассислар Тожикистондаги музликларнинг эриши минтақада сув танқислигига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб келадилар.

Британиянинг Оксфам Халқаро Хайрия Ташкилоти Душанбе шаҳрида эълон қилган ҳисоботга кўра, Тожикистон қишлоқ хўжалиги ва мамлакатнинг кам таъминланган аҳоли қатлами иқлим ўзгаришидан катта зарар кўраяпти.

Оксфам вакили Энди Бейкернинг айтишича, иқлим ўзгариши Тожикистон қишлоқ хўжалигига катта зарар етказмоқда, бу аҳоли учун ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин.

Мутахассислар тоғ музликларининг эриши Марказий Осиёда сув танқислигига олиб келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантиради. Бундай хулосалар аҳоли билан ўтказилган суҳбат ва текширувлар натижасида чиқарилган.

- Тожикистон аҳолисининг 75 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади. Уларнинг тирикчилик манбаи асосан дехқончилик ва чорвчиликдан иборат. Ана шуни назарга олган ҳолда айтиш мумкинки, агар қурғоқчилик бўлса, очарчилик юзага келиши мумкин, дейди Энди Бейкер.

Оксфам вакили 2008 йилда Тожикистонда қиш жуда совуқ, ёз мавсуми эса ўта иссиқ келгани туфайли ҳавонинг кескин ўзгариши оқибатида дехқончилик ва чорвачилик билан шуғулланаётган республика аҳолисининг анча қисми катта зарар кўрганини қайд этади. Бунинг оқибатида ҳатто Тожикистон президенти жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, республикага шошилинч ёрдам беришни сўрашга мажбур бўлган эди.

Ташкилот ҳисоботида ёзилишича, сўнгги эллик йил давомида мамлакат иқлими икки даражагача иссиқ бўлган. Пировардида бу тоғ музликларининг 20 фоизи эришига сабаб бўлади. Бундай ҳолат эса, ўз навбатида, бутун минтақа учун хавф туғдириш эҳтимоли кучли. Бу келажакда сув тошқинлари ва ер кўчкилари содир бўлишига, ичимлик суви эса камайиб боришига сабаб бўлиши мумкин.

Бироқ тожикистонлик олимлар ва мутахассислар Оксфам ҳисоботида келтирилган маълумотларга қўшилмайдилар.

- Биринчидан, Оксфам вакиллари тадқиқот ёки текширувлар ўтказишмаган. Улар асосан оддий одамлар билан сўҳбатлашиб, мана шу фикрлар асосида ҳисобот тайёрлашган. Назаримда, бундай ҳисобот тайёрлашдан олдин мутахассислар билан биргаликда ер ҳосилдорлиги ва унумдорлиги каби қатор муаммоларни ўрганишлари лозим эди, дейди профессор Абдулҳамид Қаюмов.

Тожикистон Экологик хилма-хиллиги ва хавфсиз биология маркази ходими Неъматулло Сафаров сўзларига кўра, республикада кам ҳосил етиштирилаётганлигига иқлим сабаб бўлмаган.

- Тожикистонда қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигининг йилдан йилга камайиб боришига биринчи навбатда минерал ва табиий ўғитларнинг деярли ишлатилмаётганлиги сабаб бўлмоқда. Шунингдек, деҳқонлар арзон ва сифатсиз уруғликдан фойдаланишаяпти. Ниҳоят, алмашлаб экиш усули умуман қўлланилмаяпти, дейди Неъматулло Сафаров.

Республика атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси вакили Қурбонали Партоевнинг айтишича эса Оксфам ҳисоботида келтирилган далилларда асос бор. Бунинг учун узоққа бориб ўтириш шарт эмас. Сирдарё, Вахш, Кофарниҳон ва республикадаги бошқа дарёларга назар ташласангиз кифоя. Дарёлардаги сув йилдан йилга камайиб бормоқда.

- Бугун Тожикистоннинг қатор туманларида сув танқислиги сезилаяпти. Бунинг натижасида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ҳам қийинлашмоқда. Шаҳар ва туманларда соатлаб, гоҳида бир неча кун ичимлик суви бўлмайди. Назаримда, олимларимиз Оксфам ҳисоботини инобатга олиб, зудлик билан чора-тадбирлар белгилашлари керак.Акс ҳолда, экологик фожеа юз бериши мумкин, дейди Қурбонали Партоев.

Тожикистон ҳукумати айни замонда Вахш дарёси бўйида йирик Роғун ГЭСини қуришни режалаштирмоқда. Бу гидроиншоот қурилиши эса дарёнинг қуйи оқимида жойлашган давлатларнинг кескин норозилигига сабаб бўлаяпти. Бироқ Тожикистон ҳукумати қурилаётган гидроишоотнинг қўшниларга ҳеч қандай хатари йўқлигини айтиб келмоқда.

Оксфам ташкилоти вакилларининг айтишларича, Тожикистон раҳбарлари ҳам, мутахассислари ҳам гидроиншоот келгусида минтақадаги иқлим ўзгаришига таъсир қилишини яхши билади, лекин бунинг олдини олиш учун расмий Душанбеда маблағ ва имконият йўқ.

- Мана шу муаммоларни назарга олган ҳолда, республика ҳукумати вакиллари билан биргаликда донор мамлакатлар ва Халқаро ташкилотлар диққатини жалб этиш борасида тадбирлар белгиланган, деди Энди Бейкер.
XS
SM
MD
LG