Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:35

Ўзбек тўйда қанча ичади?


Дастурхонга ароқ тортилмаган тўйни Андижонда сўпи тўй¸ бошқа вилоятларда исломий¸ ëхуд эскича тўй деб аташади.
Дастурхонга ароқ тортилмаган тўйни Андижонда сўпи тўй¸ бошқа вилоятларда исломий¸ ëхуд эскича тўй деб аташади.

Ўзбек тўйда қанча ичади, деб савол қўяр эканмиз, албатта, сувни назарда тутаётганимиз йўқ.



Ўзбек дунёсининг янгалар тўғрисида сўз борган аввалги сонига муносабат билдирган муштарийлардан бири эшиттириш матнини ўқиб, ёзган шарҳида дугонаси яшайдиган ҳудуд – Хоразмда тўй ҳаражатининг катта қисми ароққа сарфланишидан зорланибди.

Шарҳда, жумладан, мана бундай дейилган:

"Яқинда Европада яшайдиган бир синглим Хоразмда акаси уйлангани ҳақида куйиниб гапириб берди. Уни жиғибийрон қилган нарса – "қизимиз пул юборади барибир", деб оиласининг бир миллион сўм қарз олиб, шундан 480 минг сўмига ароқ олганларидир.

Қиз "эй ароқ ичмай ўл, қўйганга ҳам, ичганга ҳам лаънат", деб ўтирибди.

Тўйда ароқ ичмаса ўзбегимнинг тўйи ўтмай қоладими? Тўйларда одамларнинг яримтани отволиб, кўзи сузилиб, кайф қилиб ўтириши шартми?

Ўзбек халқига тўйда ароқ ичириш, дастурхонга ароқ қўйиш юк эмасми? Бировдан кам бўлмайлик, деб қарз оладиган ўзбекларимиз ҳам бор экан. Ўзига ўзи зулм қилишку, бу!

Баъзан ўзини даволатишга пули бўлмайди, ўзбекларнинг. Мана ўша қизнинг онаси тўйдан бери касал бўлиб қолибди, даволанишга эса, энди пули йўқ. Бечора қиз бошини ушлаб бир миллион қарзни узайми, онамга 150 минг сўмга дорига пул юборайми, деб боши қотмоқда", деб ёзибди сайтхонларимиздан бири.

Мана шу гап "Ўзбек дунёси"нинг бугунги мавзуини белгилаб берди: Ўзбек тўйда қанча ичади? Қаерда қанча ичадилар?

Демак, сайтхонимизнинг ёзишича, дугонасининг Хоразмда яшайдиган оиласи ўтказган тўйда меҳмонларга 480 минг сўмлик ароқ тортилган.

Боринг, ана, ҳисобга тўғри бўлсин - 500 минг, дейлик.

Ароқнинг Ўзбекистондаги нархини суриштириб кўрдик. Билгичлар, сифати ўрта сифатли бир шиша ароқни 2 долларга беради, дейишди.

500 мингни долларнинг бозор курсига урдик. Чиққан пулни ароққа урдик. Тахминан 135 – 140 шиша ароқ бўлди. 140 шиша ароқ 7 яшчикка жой бўлади.

Ўтказганимиз мухтасар сўровдан шу маълум бўлдики, ургутликлар хоразмликлардан икки баравар кўп, андижонликлар уч баравар оз ичар экан.

Сўровимизда Самарқанднинг Ургутидан Муҳаммад ака, Қашқадарёнинг Яккабоғидан Хусан ака, Навоийдан Иброҳимжон, Қўқондан Ихтиёр ака, Андижондан Шарифжон акалар иштирок этди.

Мана эшитинг.

Ургутда:

“200-300 тагача ароқ кетади. Кўплари ҳозир ресторанларда қилади. У ëқда энди кўпроқ ишлатади. Ҳар бир столга беш-олти киши ўтирса¸ иккита-учта ароқ қўйилади”.

Навоийда:

- Бир тортишда ўртача 40 та ароқ кетади. Уч мартага 120 та ароқ кетади.

Озодлик: 120 шиша.

- Ҳа¸ 120 шиша ароқ тортилади.

Озодлик: 120 шиша бу ўртача тўйдаги-а?

- Ҳа¸ ўртача тўйдаги¸ дейди навоийлик суҳбатдош.

Сўровимизда иштирок этганларнинг ҳаммасидан ўртача тўй ҳақида сўрадик.

Қашқадарёнинг Яккабоғи ҳам Навоийдан қолишмайди, ҳатто баъзан ўтиб ҳам кетади ароқ ичишда:

- Беш-олти яшик¸ баъзида 10 яшик. Ҳимматига қараб халққа беришадида.

Озодлик: Беш яшикдан 10 яшиккача-а?

- Шунақа бўлиб қолади.

Озодлик: Тўйларда ароқ тортиш тобора озаяяптими ëки кўпаяяптими?

- Кўпаяяпти¸ дейди қашқадарëлик суҳбатдошимиз.

Қўқонда озроқ ичишади:

- Ўрта ҳолда уч-тўрт яшик кетса керак¸ дейди қўқонлик суҳбатдошимиз.

Андижонда янаям озроқ ароқ тортилади тўйларда.

- Яқинда ўзимнинг укам тўй қилди. Ўғлини уйлантирди. Шунга икки яшик ароқ¸ бир яшик вино кетди.

Озодлик: Бу ўртаҳоли-а?

- Ҳа¸ ўртаҳол¸ дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

Бир жойда озроқ, бошқа жойда кўпроқ, лекин барибир ўзбеклар ёппасига ичарканда, деган хаёлга борманг.

Ўзбеклар эрталабдан ичмайди.

Масалан, Яккабоғда:

- Эрталабки ошда ҳеч ким ичмайди¸ дейди яккабоғлик суҳбатдош.

Қўқонда ҳам:

- Ҳозир наҳорги ошга ароқ қўйилмайди¸ дейди қўқонлик суҳбатдош.

Эрталабдан ҳушёр бўлган яхшида!

Демак, прогресс бор!

Ўрганаётганимиз мавзу юзасидан тошкентликлардан бири билан ўтказганимиз суҳбатдан бир парчани алоҳида эшиттирмоқчимиз.

Озодлик: Базмда ароқ тортилаяптими?

- Энди тўғрисини айтсам унақалар йўқ. Исломий бўлаяптида.

Озодлик: Никоҳ тўйининг базми тўғрисида гапираяпмиз. Ўша исломий базм қанақа ўтади?

- Аëллар алоҳида бўлаяпти. Бўлинаяптида. Эркаклар эрталаб ошини еб кетади. Кейин ўзининг никоҳини аëлларнинг ўзи ўтказаяпти. У ерда эркак киши йўқ. Аëл артистлар келади. Эркак умуман йўқ.

Озодлик: Никоҳ кечаси¸ базм кечаси деяпмизку. 300 нафарга яқин ëшлар келади деяпсиз. Ўша 300 нафарга яқин меҳмонларнинг ҳаммаси аëлларми?

- Ҳа¸ ҳаммаси аëллар.

Озодлик: У ерда куëв жўралар ҳам бўладими?

- Йўқ. Ҳозир мана шунақа бўлаяпти. Мана эрталаб ош берилаяпти ва шу ошга куëвлар ҳам таклиф қилинаяпти. Кечқурун никоҳи. Айнан бизларда аëлларга қилиб берилаяпти.

Озодлик: 10 та тўйдан нечтаси сиз айтаëтган тахлитда ўтаяпти?

- Деярли учдан бири қилинаяпти.

Озодлик: Учдан иккиси қанақа бўлади?

- Эскича.

Озодлик: Советча бўладими?

- Ҳа¸ яшанг. Худди шунақа бўлаяпти.

Озодлик: Эскича¸ советча тўйда ароқ тортиладими?

- Ҳа.

Озодлик: Қанча ароқ тортилади?

- Тахминан мўлжаллаб кўрсангиз¸ анча-мунча кетади. Аниқ айта олмайману обдон тўйдирмагунча кетмайдида¸ дейди тошкентлик суҳбатдошимиз.

Демак, тошкентликлар ўтказаётган тўйларнинг учдан бири “исломий”, қолгани “советча”.

Хўш, бошқа жойларда қандай?

Навоийлик суҳбатдошимиздан сўрадик:

Озодлик: Исломий тўй деб қўйишади. Навоийда¸ Бухорода шунақа тўйлар ҳам борми?

- Мен ўзим сухандонман. Лекин беароқ ўтказилаëтган тўйни мен учратганим йўқ.

Озодлик: Сиз тўй олиб борувчимисиз?

- Ҳа. Ҳар сезонда ўртакашлик қилиб 100 дан ошиқ тўй ўтказаман. Лекин бирорта исломий тўй учратганим йўқ¸ дейди навоийлик суҳбатдошимиз.

Яккабоғликдан сўрадик:

Озодлик: Ароқсиз тўйлар ҳам борми?

- Бор.

Озодлик: Масалан¸ 10 та тўйдан нечтаси мутлақо ароқсиз бўлиши мумкин?

- Билмадим энди¸ дейди яккабоғлик суҳбатдош.

Қўқонликдан сўрадик:

Озодлик: Ароқсиз тўйлар борми йўқми?

- Ҳа¸ бор.

Озодлик: 10 та тўйдан қанчаси ароқсиз?

- Тахминан кўп билан учта-тўрттаси ароқсиз. Лекин битта-иккитаси аниқ ароқсиз ўтказилаяпти. Мутлақо яқинлаштиришмаяпти ҳам.

Озодлик: Бу энди ўша исломий деган тўйларда-а?

- Ҳа.

Озодлик: Ароқли тўйлар кўпаяяптими ëки ароқсиз тўйлар кўпаяяптими?

- Ароқсиз тўйлар кўпаяяпти ҳозирги кунда.

Озодлик: Тўйларда амри-маъруфлар бўлаяптими?

- Ҳозирги кунда йўқ.

Озодлик: Нима учун?

- Уни билмадим¸ дейди қўқонлик суҳбатдошимиз.

Андижонлик суҳбатдошимиздан сўрадик:

Озодлик: Ароқсиз тўйлар ҳам борми?

- Бор. Олдин маъруза ҳам қилиб турарди. Бу маърузани ҳам йўқотишди. Ароқсиз¸ маърузали тўй қилиб¸ бизнинг Андижонда сўпи тўй дейишади¸ буни ҳам ҳукуматимиз тақиқлаб қўйди. Яъни вилоят қозисига бориб пул тўлаш керак. Ундан кейин у “Фалонча борсин” деб рухсат беради. Ундан кейин у келиб тўйда маъруза қилар экан. Бу ҳам пулли бўлиб қолган.

Озодлик: Неча пул у?

- 170 мингмикан деб айтди.

Озодлик: Андижонда 10 та тўйдан тахминан нечтаси ароқсиз бўлади?

- Иккита ë биттаси. Бу аниқ¸ дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

Суҳбатдошларимизнинг айтганларидан шуни тушунгандек бўлдикки, ароқсиз тўй қиладиганлар одатда оддий аҳоли вакилларидир.

“Катталар” эса, тўю тўкинларида ароқни тўкиб солади.

Масалан, Тошкентда:

- Катталар бору¸ ҳалиги прокурор¸ ҳоким¸ мелиса – буларда лекин¸ ҳалиги ўрислар море дейдию¸ уларда бор.

Озодлик: Уларда ичкилик бор?

- Ҳа¸ дейди бу тошкентлик.

Навоийда ҳам:

- Катта бойваччалар¸ мансабдор шахсларнинг тўйига¸ оддий одамнинг тўйига 120 та ароқ кетаëтган бўлса¸ улар камида 220 та¸ 250 тагача тортади. Чунки у ўзининг ижтимоий шароитидан келиб чиқадида¸ дейди навоийлик.

Бошқа жойлардаги суҳбатдошларимиз ҳам шунга ўхшаш фикрларни билдирди.

Хўш, ароқ бугунги ўзбек жамиятида кишининг ижтимоий мавқеи баландлиги белгисига айланиб қолдими?

Бу саволга жавобни, энди, Сиздан кутамиз, азиз муштарий.
XS
SM
MD
LG