Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:05

Эркин микрофон - Қайси замонда яшаяпмиз?


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

21 асрда нега ҳам газ¸ ҳам электр ўзиники бўлган ўзбеклар ҳар иккаласига бу қадар зор яшамоқда¸ дея зорланади самарқандликлардан бири.

Саволимизга ким жавоб беради?

Қороқалпоғистоннинг Қўнғирот туманидан сим қоққан илк суҳбатдошимиз 1-гуруҳ ногирони Мурод Ҳайитбоев Ўзбекистон президенти фармонига кўра, пенсия ва нафақалар миқдори 12 фоизга оширилган бўлишига қарамай, пенсионерлар ҳозиргача ўз пенсиялари ўз вақтида берилмаётгани ва қанчага оширилганидан бехабар эканликларидан нолиди.

Мурод Ҳайитбоев: Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманиданман. Бизнинг президентимиз декабр ойида нафақага ва ойликка 12 фоиз қўшилади¸ деб фармон чиқарди. Президентнинг фармонига бўйсунмасданми билмайман¸ бизнинг Қўнғирот туманида кимгадир беш фоиз¸ кимгадир олти фоиз қўшди. Декабр ойига олти фоиз қўшди. Энг тепа пенсияга 12 фоиз қўшдик¸ дейди. 100 мингдан ўтганига қўшганимиз йўқ¸ дейди. Биз шуни тушунмаяпмиз.

Озодлик: Сизлар пенсия билан таъминлайдиган идораларга қўнғироқ қилиб “Нимага шунақа?” деб сўрадингларми?

Мурод Ҳайитбоев: Қўнғироқ қилмадим. Ўзим бориб сўрадим.

Озодлик: Нима дейишди?

Мурод Ҳайитбоев: Энг паст ойликка 12 фоиз¸ энг юқори ойликка 12 фоиз¸ ўртасига олти фоиз қўшдик дейди. Нимага бунақа эканлигини ҳеч ким айтмайди.

Озодлик: Сиз ўша фармонни кўзингиз билан кўриб¸ ўқиб¸ танишиб чиқдингизми?

Мурод Ҳайитбоев: Уни кўрсатмайди бизга.

Озодлик: “Мен бир кўрай¸ кимга қанча қўшишини” деб сўраб кўрмадингизми?

- Сўраган билан кўрсатмайди. Биз нафақахўр биринчи гуруҳ инвалидимиз. Ким бизга аниғини айтади? Шуни бир аниқлаб берсангизлар¸ деб сизларга телефон қилаëтган эдим. Бизнинг қишлоқ жойларида иш йўқ. Иш сўрасак¸ икки-уч миллион пул талаб этади. Шу билан болаларимиз қарияларнинг нафақасига қараб ўтирибди. Мана ҳали январ ойини олганимиз йўқ. Декабрни яқинда берди. Шуни бир сўраб эшиттирсангиз. Раҳмат. Соғ-саломат бўлинг¸ дейди 1-гуруҳ ногирони Мурод Ҳайитбоев.


Пул сўрайдиган ўнта¸ газ берадиган битта ҳам йўқ...

Самарқанднинг Оқдарё туманидан Озодликка қўнғироқ қилган Шавкат Ҳамидов ўзи яшаётган туманда газ ва электр тақчиллиги давом этаётганидан шикоят қилди.

Шавкат Ҳамидов: Самарқанд вилояти¸ Оқдарë райониданман. Бизнинг районимизда газ жуда қаттиқ проблема бўлиб қолди. “Газнинг пулини беринглар” деб келадиган одам кўп¸ лекин газнинг тайини йўқ. Нима деган гап бу? Ҳеч тушуниб бўлмайди. Президентимиз ҳам бу ҳақда ўйлаб кўрмаяптилар. Агар ўйлаб кўрганларида¸ жуда яхши иш бўларди. Инсон деган халқнинг қийналганини сезиш керак. Мана ҳозир баҳор келаяпти. Айни далада иш бошланган пайтда бизда газ йўқ. Газ бўлган тақдирда уч баробар пулини беринглар деб келишади. Бунинг устига свет йўқ. Қанақа жойда¸ қанақа вақтда яшаяпмиз? Бу 21 асрку. 21 асрда халқимиз тинч¸ фаровон¸ яхши ҳаëт кечириши керакку. Нима учун Англия¸ Америка¸ Франция умуман Европа мамлакатларида¸ Россияда ҳеч ҳам свет ўчмайди? Бизда уч куннинг бирида свет ўчаверади. Буни президентимиз ўйлаб кўрсалар бўларди. Уч-тўрт баробар пулни сўрайди. Пул тўла деб ўнтаси югуриб келади. Светнинг пулини тўла деб уч-тўрт баробар қилиб ëзиб келади. Бу нарсани бир ҳокимлар ҳам ўйлаб кўрсин.

Озодлик: Свет¸ газ йўқлиги учун свет¸ газ идораларига мурожаат қилдингизларми? Сабабини сўрадингларми?

- Сўрадик. Ҳаммаси компьютер¸ компьютер деяверади. Компьютердаги борини текширсангиз¸ ҳоким буюрган дейди. Пул сўраб келиш жуда осон. Инсонлар пулни қаердан топади? Ҳайрон қоласиз. Нечта одамлар мана ҳозир Россиядамиз. Пул учун шу ерда юрибмиз бола-чақа боқайлик деб. Майда-майда фирмалар¸ организациялар очилсаю¸ бизлар шу ерда ишласак¸ ишимиз яхши бўлмайдими? Яхши бўлади. Халқимизнинг¸ юртимизнинг гуллаб-яшнаши учун жуда катта ëрдам берган бўламиз. Халқимизнинг фаровонлиги ошган бўлади. Унинг ўрнига биз ахмоқ бўлиб юрибмиз. Президентимиз бир фирма очай демайди. Бу нима деган гап? Президент ҳам буни бундай ўйлаб кўриши керакку. Министрлар советининг раиси¸ район ҳокими¸ област ҳокими шу нарсаларни ўйлаб кўрса бўларди. Қачон қаерга борсангиз¸ йўлингизга иккита милиция келади. Документингни кўрсат дейди. Самарқанднинг ўзида юрсангиз ҳам шу гап. Чўнтагингни кавлаб пулингни олишдан бўшамайди. Ҳокимлар ҳам ўйлаб кўрса бўларди. Қачон қарасангиз шунақа ишларни қилишади. Чўнтагингизни шилишади¸ дейди Шавкат Ҳамидов.


Тожикистонда ўзбек газеталари тақиқланди...

Озодликка қўнғироқ қилган тожикистонлик мухлислардан бири Тожикистон расмийларининг Ўзбекистонда нашр этиладиган газета ва журналларнинг Тожикистонга олиб келинишини тақиқлаб қўйганини айтди.

- Исми шарифимизни айтишга биз нима қиламиз. Мен Тожикистондан бўламан. Биз Ўзбекистоннинг газеталарини ўқиймиз. Бизга олиб келишади. Шуни қўйишмаяптида. Тожикистонликлар бу ëққа ўтказишга қўймаяпти.

Озодлик: Қанақа газеталар келарди шу кунгача?

- “Даракчи”¸ “Кўнгил”¸ “Сўғдиëна”.

Озодлик: Қачондан бери тақиқланди?

- Икки ҳафтадан бери.

Озодлик: Ким тақиқлади?

- Билмадик энди. Радиода қарор чиқарилган деб айтди.

Озодлик: Бу Тожикистон ҳукуматининг қарорими?

- Ҳа. Роғун тўғрисида Ўзбекистон томони сиëсий нималар ëзаяпти деб бу газеталарнинг ўтказилишини ман қилди.

Озодлик: Бошқа ўзбекча нашрлар борми ўзларингизда?

- Бор. Замондош дегани бор.

Озодлик: Тақиқланишининг сабаби сиëсий мавзуларда нарсалар ëзилаëтгани дедими?

- Ҳа. Икки ҳафтадан бери газета келмай қўйди. Бизнинг тилагимиз шуки¸ ўзбек тилидаги газеталар бизга ўтиб турсин. Ман қилинмасин. Бу бизнинг она тилимиз¸ дейди тожикистонлик суҳбатдошимиз.


“159 болалари” рўйхати узун...

Москва областидан қўнғироқ қилган қирғизистонлик ўзбек йигити Акмал Насибов "159 болалари" рукни орқали 1999 йилги портлашларга алоқадорликда айбланиб узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган Дилшод Камоловнинг болалари ҳақида маълумот беришни илтимос қилди.

- Мен Москва областидан меҳнат муҳожири Акмал Насибов бўламан. Озодликнинг ашаддий мухлислариданман. Шу ерда ишлаб¸ бола-чақага уч-тўрт сўм жўнатаяпмиз. Кеча “159 болалари” эшиттиришини эшитиб хурсанд бўлдим. Янги рубрика учун сизларга катта раҳмат. Шу эшиттиришнинг қайсидир сонида 1999 йилги портлашларда айбланиб ноҳақ қамалган Дилшод Камоловнинг болалари тўғрисида¸ уларнинг ҳаëти тўғрисида маълумот беришингларни сўрайман. Озодликка муваффақиятлар. Яхши-яхши рубрикалар олиб чиқишига тилакдошман¸ дейди Акмал Насибов.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG