Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:01

Ироқда парламент сайловлари бўлиб ўтди


АҚШ қўшинлари Ироққа кирган 2003 йилдан буён иккинчи маротаба ўтказилаётган парламент сайловлари ҳам портлашлар ва ракета ҳужумлари остида ўтди.
АҚШ қўшинлари Ироққа кирган 2003 йилдан буён иккинчи маротаба ўтказилаётган парламент сайловлари ҳам портлашлар ва ракета ҳужумлари остида ўтди.

Ироқда мамлакат бўйлаб хавфсизлик чораларининг кучайтирилганига қарамай, сайлов участкалари очилиши биланоқ бир неча шаҳарда қўпорувчилик амалиётлари ва ракета ҳужумлари уюштирилди. Унда 20 дан зиёд одам нобуд бўлгани айтилмоқда.

Зўравонликлар давом этаётганига қарамай, кўпгина ироқликлар бугунги сайловда овоз беришга ошиқдилар.

- Эрталаб портлаш овозларини эшитдик. Эрта тонгда мактаб олдида бир нечта портлаш рўй берди, ундан сўнг яқинимизга ракета келиб тушди. Бу каби портлашлар бизни қўрқита олмайди. Бизнинг иймонимиз мустаҳкам ва террорчиларнинг бизга қандай мужда йўллашидан қатъий назар, биз сайловларда овоз берамиз, деди бағдодлик сайловчилардан бири.

Ироқнинг Қут шаҳридаги кекса аёл эса ўғлидан айрилишга сабаб бўлган зўравонликларга жавоб тариқасида бугунги сайловда қатнашаётганини айтади:

- Мен ўғлимни йўқотганлигим туфайли сайловларда иштирок этмоқдаман. Мен ўғлимдан айрилган бўлсам-да, овоз бериш ҳуқуқимдан мосуво бўлганим йўқ, дейди кекса аёл.

Сўнгги хабарларга кўра, Ироқ бўйлаб рўй берган зўравонликлар оқибатида камида 24 киши нобуд бўлган, ўнлаб фуқаро тан жароҳати олган.

Зўравонликлар Бағдод, Фаллужа, Бақуба ва Самарра шаҳарларида кузатилган.

Энг кўп талафот кўрилган ҳужумлардан бири Бағдодда содир этилган. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра, пойтахтдаги сайлов участкаси очилишидан сўнг рўй берган портлашда камида 12 киши нобуд бўлган, саккиз киши тан жароҳати олган.

Бағдод хавфсизлик хизмати расмийси генерал Қоссим ал-Муссавий сўзларига кўра, Бағдоддаги бугунги ракета ҳужумлари асосан суннийлар истиқомат қилувчи туманлардан содир этилган.

Ироқнинг яхши қўриқланадиган “Яшил ҳудуд”да овоз берган мамлакат бош вазири Нурий ал-Маликий бугунги ҳужумларни “шовқин-сурон” дея баҳолаб, бу каби зўравонликлар ироқликлар руҳини синдира олмаслигини қўшимча қилди.

- Ироқликлар ўз овозлари қанчалик муҳим эканини англаб етдилар. Бу сайловлар янги ҳукумат ва парламентни ташкил қилишда муҳим рол ўйнаб, келажакдаги сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатади. Шунинг учун мен барча ироқликларни сайловда иштирок этишга ва тўғри қарор қабул қилишга чақираман, деди Нурий ал-Маликий.

Янги парламентдаги 325 ўрин учун 80 дан зиёд сиёсий партия номидан салкам 6200 номзод ўзаро кураш олиб бормоқда. Мамлакатда 19 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга.

Айни пайтда маҳаллий кузатувчилар бугунги сайловлар ҳеч қандай камчилик ва жиддий қонунбузарчиликсиз ўтказилганини таъкидламоқдалар.

Маҳаллий вақт билан эрталаб соат 7.00 да очилган сайлов участкалари соат 17.00 да ёпилди.

Сайловнинг дастлабки натижалари келаси икки-уч ҳафта ичида эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG