Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:06

Ўзбекистонда матбуотга оид қонун яна ўзгаради


Андижондаги қонли воқеалардан сўнг расмий Тошкент мустақил матбуотга қарши уруш эълон қилди.
Андижондаги қонли воқеалардан сўнг расмий Тошкент мустақил матбуотга қарши уруш эълон қилди.

Дунëнинг сўз ва матбуот эркин аксар мамлакатларида бу эркинлик конституцияда кафолатланган ва оммавий ахборот воситаларига оид махсус қонунлар йўқ. Аммо эркин матбуотнинг ўзи йўқ Ўзбекистонда бу соҳага оид қонунлар тахлами қалинлашмоқда.

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларига доир мавжуд қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга ҳозирлик кўрилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма йиғилиши чоғида маълум қилинди.

Қонунчилик палатаси депутатларига кўра, матбуотга доир мавжуд қонунларга ўзгартиришлар киритиш ахборот хавфсизлигини кучайтириш ва ўзбек халқининг миллий манфаатларини таъминлаш заруратидан келиб чиқади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятига алоқадор ўндан ортиқ қонунлар амал қилади. Таҳлилчиларга кўра бу қонунлар матбуотнинг эркин фаолияти учун нормал шароитлар яратади, цензурани қатъиян тақиқлайди. Аммо асл вазият мутлақо ўзгача эканлиги, мамлакатда эркин матбуот мавжуд эмаслиги халқаро ташкилотлар ҳисоботларида бот-бот таъкидланади.

Жумладан, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг сўз эркинлиги индекси бўйича Ўзбекистон 175 мамлакат орасида 160 ўринни эгаллайди. Собиқ шўро республикалари ичида Ўзбекистондан абгорроқ ҳолат фақат Туркманистондадир. Бу икки репрессив мамлакат жаҳондаги эркин матбуотни таъқиб этувчи энг ёмонлардан ва вазиятни яхшилашга ҳаракат ҳам қилмаётган давлатлардан, деб эътироф қилинади.

Матбуотга доир қонунчиликка киритилиши кўзланаётган ўзгартиш ва қўшимчалар эса журналистлар фаолиятини янада қийинлаштиради, деган хавотирдалар соҳа мутахассислари.

www.ferghana.ru ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов ҳам айнан шу фикрда.

Даниил Кислов: Агар сўз масъулиятни кучайтириш ва терроризм, экстремизмга қарши туриш ҳақида бораётган бўлса, ўз-ўзидан фикр келиб чиқадики, бу журналистлар фойдасига бўлмайди. Ҳозир Ўзбекистонда амалда бўлган Оммавий ахборот воситаларига доир қонун етарлича либерал. Бошқа ривожланган мамлакатлардаги каби ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланган. Журналист ва унинг манбалари ҳимояланган. Ҳаммаси қоғозда яхши ёзилган. Аммо воқеликда нимани кўряпмиз?

Энг янги мисол, Россиянинг ахборот портали www.lenta.ru да бир хабарча пайдо бўлди. Бир одамнинг соқоли нега ўсиб ётгани, у ваҳҳобий ва террористми ёки йўқлигини маълум идорада узоқ тушунтиргани ва у одам ҳужжатини алмаштириши жараёнида шундай сўроқларга тутилгани тўғрисидаги хабарча эди. Ўзбек провайдерлари шу заҳоти бу анча обрўли www.lenta.ru ахборот агентлигига блокировка қўйишди. Энди бу порталга фақат прокси орқали кириш мумкин. Бу нарса шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда номақбул ахборот учун реал цензура мавжуд. Фикримча, бу соҳада мамлакатда ҳеч нарса ўзгармайди, шундай ҳолат давом қилади.

Озодлик: Кутилаётган бу қарор фақатгина салбий оқибатларни кўзламас, балки ижобий қадамлар ҳам кутилар?

- Ўзбек расмийларининг сўнгги ҳаракатлари мисолида журналистлар фаолиятида яхши нарсаларни кутиб бўлмайди. Тузум ўзини ўзи бурчакка қадаб қўймоқда. Ўзбекистон ахборот олиш имконсиз бўлган қора туйнукка айланиб бормоқда. Ҳатто мана бу олигархларнинг қамалиши бўйича ҳам базўр нимадир хабар топа оляпмиз. Одамлар амалда бирор нарса дейишдан қўрқишади. Журналистлар ишлашдан қўрқишади, амалдорлар ҳам, режим қурбонларининг ўзи ҳам журналистлар билан алоқа қилмайди. Бир сўз билан, бу бир қора туйнук¸ дейди Даниил Кислов.

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда рўй берган қонли воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда мустақил журналистлар учун фаолият олиб бориш имкониятлари йил сайин ёмонлашган, ўнлаб мустақил журналистлар ва хорижий радиолар мамлакатни ташлаб чиқишга мажбур бўлишган эди. Айни пайтда ўнга яқин журналист ҳибсда қолмоқда.
XS
SM
MD
LG