Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:59

Эркин микрофон - Бугунги бойлар халқнинг ҳалол қонини сўрувчи зулуклардир


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Маърифатчи бойлар қиëфаси ҳақидаги "Қурултой" дастурида кўтарилган муаммога муносабат билдирган ўзбеклардан бири ана шундай фикрда.

Душанба куни Озодликка сим қоққан аксар ўзбекистонликларни якшанба куни эфирга узатилган "Қурултой" мавзуси фикр билдиришга ундабди.

Бойлар халқ қонини зулукдай сўрмоқда

дейди Жиззахдан қўнғироқ қилган муштарий.

- Ассалому алайкум. Жиззах вилояти¸ Ғаллаорол туманидан телефон қилаяпман. Кеча “Қурултой” эшиттиришида бир ажойиб муаммо кўтарилдида. Бойлар тўғрисида. Шу муаммога мен муносабатимни билдирмоқчи эдим. Отим Набижон¸ фамилиям Жўрабоев. Мурувватли бойлар ҳам Ўзбекистонда кам топиладию¸ лекин халқ ҳисобидан бойийдиган бойлар кўпайиб кетди. Амалдор бойлар кўпайиб кетди. Мен шу тўғрисида гапирмоқчи эдим.

Бизнинг Жиззах вилояти¸ Ғаллаорол туманида беш йил ҳокимлик қилган Қўшбоқов деган инсон бор эди. Бултур ишдан бўшаб кетди. Мана шу инсон ўзига бойлик орттириш учун бутун районни сўриб¸ районни бутунлай ерга ўтказиб кетди. Мен шу тўғрисида гапирмоқчи эдим. Биласизми¸ беш йил ичида мана шу одам нима қилди? Ғаллаоролимизда битта парк бор эди. 4500 туп дарахт экилган эди. Шу дарахтнинг ўрнини бузиб¸ бутун боғни йўқ қилиб¸ одамларга ерни сотиб¸ ер ҳисобидан ўзига бойлик орттириб кетди. Бундан ташқари туманимиздаги винзаводни йўқ қилди. Селхозтехника деган катта ажойиб жойимиз бор эди. Буни йўқ қилиб кетди. Район бўйича РайПО деган жойни йўқ қилиб кетди. Колхоз¸ совхозларимиздаги қўйларни¸ ғаллаларни ундан бунга¸ бундан унга сотиб йўқ қилиб кетди. Тумандаги катта ғишт заводини йўқ қилиб кетди. Ҳатто ҳокимиятда тўртта-бешта машина бор эди. Иккита ГАЗ 31¸ Битта УАЗик¸ битта Тико машиналарини сотиб йўқ қилиб кетди. Шундан бойлик орттириб ўзининг манфаати учун иккита-учта участка қурди. Мен шуни айтмоқчиман.

Бизнинг давлатимиз халқнинг ҳисобидан бой бўладиган инсонларга қарши курашиши керак. Саховатли бойларга қарши курашиш керак эмас. Улар ўз ҳаққи билан¸ ўз кучи билан¸ ўз меҳнати билан бойлик орттираяпти. Халқни зулукка ўхшаб сўриб¸ халқнинг ҳисобидан бойлик орттираëтган инсонларга қарши курашса¸ жуда ҳам яхши бўларди. Айрим раҳбарлар халқни зулукка ўхшаб сўраб ëтибди. Зулук ҳам инсоннинг ҳаром қонини оладику. Лекин булар инсоннинг ҳалол қонини сўраяпти. Халқнинг орқасидан бой бўлаяпти демоқчи эдим¸ дейди жиззахлик суҳбатдошимиз.


Бурунги бойлар яхши эди¸ ҳозиргилари ëмон

дейди тарих китобини варақлаган тошкентлик Абдуқаҳҳор ака.

- Кечаги "Қурултой"да бойлар тўғрисида гап бўлдию. Тошкентда ҳам маҳаллий бойлар бўлган экан. Мана 1929 йилда вафот этган экан. 10-15 тадан кўприклар қурилган¸ етимларнинг суннат тўйлари қуриб берилган¸ 15 та масжид¸ йўллар қурилган экан. Ҳақииқй ўзимизнинг бойлар қилган экан. Шунга атаб менда битта шикоят аризам бор эди. Мана мен ҳозиргина келдим. Бутун гуллаган дарахтларни, "магазин қурамиз", деб ўмариб ëтишибди. Мана бойларнинг иши шу. Маҳалланинг ерини олиб қўйиб¸ магазинлар қураяпти. Буларнинг устида ким турибди? Президентга ëзилган¸ бош прокуратурага ëзилган¸ ИИВга ëзилган. Бу ерда одамларни қўрқитиб¸ уриб¸ шунақа нарсалар бўлаяптида. Бизларнинг Ўзбекистонда бундай эшитадиган¸ телевидениега олиб чиқадиган журналист йўқ. Халқ кимга мурожаат қилсин? Бойлар деймизку¸ бу бойлар ҳам ўзимизнинг олдинги ҳокимлар¸ прокурорлар. Ким ëрдам қилади¸ дейди Абдуқаҳҳор ака.


Маърифатни маърифатсиздан ўрган

дейди қўшни Қирғизистондан туриб "Қурултой"да кўтарилган мавзуга муносабат билдирган навбатдаги суҳбатдош.

- Маърифатли бойлар тўғрисида гапларим бор эди. Бу дунëда маърифатли бойлар кўп. Айниқса¸ Ўзбекистонда кўп. Мен Қирғизистонданман. Наманган вилоятига яқин. Намангандаги Сайдана хусусий поликлиникасининг раҳбари Олимжон ака бор. Шу одам қанча-қанча одамларга ëрдам қилган. Яна Шокирбой дегани бор. Бу одамнинг чойхонаси¸ заправкаси¸ бозорлари бор. Камбағалларга ëрдам қилади. Яна бир маърифатли бой бор. У Қирғизистондан. Айтсам бўладими?

Озодлик: Бўлади.

- Маърифатли бойлардан Ботиров Қодиржон ака дегани бор. Бу киши Қирғизистонда ўзбеклар учун янги университет очиб¸ Америкадан¸ Франциядан¸ кўпроқ Ўзбекистондан профессорларни олиб келиб¸ университетда ўқитаяптилар. Қўлида йўқларнинг контрактларини ўзлари тўлаяптилар. Ҳар Ҳайитда иккита-учтадан буқаларни сўйиб¸ элга ҳайитлик¸ ифторлик бераяптилар. Маърифатли бойлар кўп. Кечаги кунда чет элдан бир киши телефон қилди. Салим ака¸ Ғафур акалар тўғрисида сал оғирроқ гапириб қўйди. Қадимдан “Маърифатни маърифатсиздан ўрган” деган гап бор. Салим ака билан Ғафур ака қандай йўл билан пул топган бўлса ўзлари учундирку¸ лекин булар элга кўп яхшилик қилишган. Қирғизистондан бўлсак ҳам Ўзбекистонда қанча қашшоқларнинг тўйларини ўтказиб берганини биламиз. Шунинг учун маърифатли бойлар кўп. Маърифатли бойлар яна кўпаяверсин¸ дейди қирғизистонлик ўзбек.

Ўзбек бойлари ҳақидаги қирғизистонлик ўзбек суҳбатдошимиз билдирган фикрлар яна бир бор "Қўшнининг кампири қиз кўринади" деган нақлни эсга солди.


Қўқонда болалар нафақаси туя қилинмоқда

Бир замонлар бир кап-катта одамнинг етим бола қўлидаги бутун нонни туя шаклини қилиб бераман¸ деб ярмини еб қўйгани нақл қилинади. Шундан бери "Нони туя қилинди" деган ибора машҳур бўлди. Қўқондан қўнғироқ қилган келинчак ҳасратига қулоқ берамиз.

- Қўқонданман. Болалар пулини бериши юзасидан гапирмоқчи эдим. Битта болам бор. Дори-даромон бўлар десак¸ тўрт ойдан бери бермаяпти. Декабр қолиб январни берди. Қўл қўйдириб олдию¸ 10 кундан бери қўлимизга пул бергани йўқ. Борсак¸ “Эртага¸ индинга” деб юрибди. Ўзбекистон тумани¸ Муқимий жамоа хўжалигида. Қўқон томонда. Хотинлар жуда қийналиб кетди. Бир ойдан бери қатнайди. Жуда қийналиб кетдик. Ўшани бир кўтарайлик¸ деб телефон қилган жойим эди. Янги кассир қўйиб қўйган. У қийнаяпти одамларни. Қўл қўйдириб олган лекин. Ўшанда ҳам ярмини бераяпти¸ ярмини ўзларига уриб қолаяпти. Шунақа қонун дейишаяпти¸ дейди қўқонлик суҳбатдошимиз.


Ўзбек мардикорини зинҳор мардикор деманг¸ кўнглига келади

деган таклиф билдирди Россияда ишлаëтган ўзбек муҳожирлари номидан яна бир суҳбатдошимиз. Ўзбек меҳнат муҳожирларини мардикор дейиш шоир Ҳамза замонидан бери ишлатиб келинаëтган калима. Агар бу калима кимнингдир кўнглини оғритган бўлса узр.

- Россияда муҳожирликда юраëтганларни мардикор демасдан¸ муҳожиратда юрган деб айтса бўладими деб кўпчилик илтимос қилаяпти. Келган муҳожирларнинг ҳаммаси ўзининг ҳунари билан иш қилаяптику. Қўлида ҳунари йўқ¸ ҳар қандай ишни қиладиган одамни мардикор дейди. Сизлардан илтимос¸ мардикор деган сўзни эшиттиришда айтмасдан муҳожиратда юрганлар¸ тирикчилик учун келганлар¸ деб айтишингларни сўраймиз. Мардикор дегани бу қора ишларга маҳкум бўлган¸ қўлида ҳунари йўқ¸ ҳар қандай нарсага тайëр одам. Шунинг ўрнига пул топиш учун келган¸ бола-чақа боқиш учун келган муҳожирлар деб айтсангизлар. Шуни кўпчилик номидан илтимос қиламан¸ дейди Россиядан қўнғироқ қилган меҳнат муҳожири.


Озодликнинг интернет нашрига қандай кирамиз

деб сўради бизни доимо радиоприëмник орқали тинглайдиган мухлисимиз.

- Озодлик сайтига кирмоқчи бўлга эдик. Шунга икки марта телефон қилган эдик. Озодлик сайтига кириб кўрмоқчи эдим. Ўшанда сайт номини айтасизми? www.ozodlik.

Озодлик: org

- Орг-а?

Озодлик: Ҳа. Думалоқ о билан ëзинг. А билан ëзманг. Думалоқ қилиб тарвуздай-тарвуздай ҳарфлар билан ëзинг.

- Ҳа¸ майли, дейди бизни радиоприëмник орқали тинглайдиган мухлисимиз.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776... рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG