Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:34

Назарбоев Каримовни Раҳмон билан яраштирмоқчи


Айрим таҳлилчилар¸ Назарбоевнинг Тошкентга Каримов ва Раҳмон ўртасидаги кескинликни юмшатиш ниятида келганини тахмин қилмоқдалар.
Айрим таҳлилчилар¸ Назарбоевнинг Тошкентга Каримов ва Раҳмон ўртасидаги кескинликни юмшатиш ниятида келганини тахмин қилмоқдалар.

17 март куни Тошкентда Ислом Каримов билан учрашган Қозоғистон президенти Роғун ГЭСи қурилиши юзасидан орадаги зиддияти кучайиб бораëтган Ўзбекистон ва Тожикистон президентларини бир муросага келтиришга уриниб кўрди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида Тошкентда бўлиб ўтган музокарадан кейин икки давлат ўртасида бешта давлатлараро ҳужжат ва қўшма баёнот имзоланди.

Uzmetronom мустақил интернет-газетаси хабарига кўра, журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ҳамкорлик алоқалари, хусусан иқтисодий имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани ҳақида гапирган.

Казинформ ахборот агентлиги хабарига кўра, Назарбоев ва Каримов ўртасидаги мулоқот чоғида Марказий Осиё сув ресурсларидан келишилган ҳолда самарали фойдаланиш масаласи, хусусан Тожикистоннинг Роғун ва Қирғистоннинг Қамбарота ГЭС иншоотлари қурилиши лойиҳаси ҳам муҳокама қилинган.

Каримов ва Назарбоевнинг Тошкентдаги учрашувидан сўнг Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари минтақада ГЭС лойиҳаларини амалга оширишдан олдин¸ албатта¸ халқаро экспертиза ўтказилиши кераклигини таъкидлади.

Казинформ хабарига кўра, Назарбоев Тошкентга келишидан олдин Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев билан бу ҳақда сўзлашган ва улар “бундай экспертизага принципда тайёр эканини” билдирган.

Ахборот агентлиги хабарига кўра, Нурсултон Назарбоев Ислом Каримов билан экспериза хулосалари чиққанидан сўнг Ўзбекистон ва Қозоғистон бу лойиҳаларда иштирок этишга тайёр экани ҳақида баёнот берган.

Айрим таҳлилчилар Қозоғистон раҳбари Тошкентга минтақанинг энг долзарб сув муаммосини ҳал қилиш учун воситачи сифатида борган, деган фикрда.

Озодликнинг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Брюс Панниер бу фикрга қўшилади. Унга кўра, Қозоғистон раҳбари ўз баёноти орқали қўшни давлатлар раҳбарларига бир хил мужда йўллашга муваффақ бўлган.

- Афтидан Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон раҳбарини ГЭС лойиҳаларига мустақил ва бетараф баҳо берилишига ишонтирган ҳамда Тожикистон ва Қирғизистон президентларига Ўзбекистоннинг талаби қондирилмагунча доимий муаммолар бўлиши ва улар олдинга қадам ташлай олмасликлари ҳақида мужда йўллашга муваффақ бўлган, дейди ғарблик таҳлилчи.

Бироқ тожикистонлик иқтисод фанлари доктори Ҳожимаҳмад Умаров Қозоғистон раҳбари Ўзбекистонга воситачи сифатида борган деган гапга қўшилмайди. У ўз фикрини минтақа давлатлари ўртасида қатор муаммолар тўпланиб қолгани билан изоҳлади.

- Мен Назарбоев Ўзбекистонга воситачи сифатида борд деб ўйламайман. Чунки ҳозир орамизда, яъни, Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ўз ечимини топмай келаётган муаммолар йиғилиб қолган. Масалан, юкларнинг транзит ташилиши, қувур қурилиши, миграция ва бошқа муаммолар кўп. Назарбоев соғлом фикрловчи сиёсатчи ва у ГЭС қурилишларига қаршилик қилиш Каримовнинг обрўсига ва мамлакатнинг халқаро миқёсдаги нуфузига путур етказиши мумкинлигини билади¸ дейди тожикистонлик иқтисод фанлари доктори.

Қирғизистон Фанлар академиясининг Сув муаммолари институти директори Душан Маматкановга кўра, Марказий Осиёдаги гидро иншоотлар лойиҳалари собиқ Совет иттифоқи даврида ишлаб чиқилгани ва унда барча жиҳатлар¸ жумладан унинг атроф-муҳитга эҳтимолий таъсири ҳам ўрганилган. Бундан ташқари бу лойиҳаларга қўшни республикалар рози бўлган.

“Шу боис Марказий Осиё давлатлари юзага келган сув муаммосини хориж мутахассисларини жалб этмаган ҳолда ўзаро мулоқот орқали ҳал қилса, мақсадга мувофиқ бўлади”, дейди Душан Маматканов.

- Мен ушбу электр станциялар қурилишида бундай йўл орқали қатнашмаслик керак¸ деб ўйлайман. Бунинг ўрнига ташқи аралашувсиз стол атрофига ўтириб ўзаро келишиб олиш ва гидроэлектрстанцияларни қуриш керак, дейди Қирғизистон Фанлар академиясининг Сув муаммолари институти директори Душан Маматканов.

Ҳожимаҳмад Умаров агар мустақил экспертиза ўтказилса, у ижобий натижа беради ва бундан Ўзбекистон ҳам катта манфаат кўради деган фикрда.

Душанбе расмийлари Роғун лойиҳасида Ўзбекистон иштирок этишини хоҳлайдими, деган саволга Ҳожимаҳмад Умаров Тожикистон Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилашдан манфаатдорлиги шубҳасиз эканини айтди.

- Душанбе расмийлари буни¸ албатта¸ хоҳлайди. Мен бунга ишонаман, дейди тожикистонлик иқтисод фанлари доктори Ҳожимаҳмад Умаров.
XS
SM
MD
LG