Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:01

Ўзбекистонда “банк сири” қўлма-қўл бўлди


Янги қарор¸ кузатувчиларга кўра¸ ўзбекистонликларнинг мамлакат банкларига нисбатан ишончини буткул йўқ қилади.
Янги қарор¸ кузатувчиларга кўра¸ ўзбекистонликларнинг мамлакат банкларига нисбатан ишончини буткул йўқ қилади.

Ўзбекистондаги қатор катта бойлар хорижга қочиб кетгани ортидан мамлакат Адлия вазирлиги ва Марказий банки уларнинг Ўзбекистонда қолган жамғармалари¸ қолаверса кўчмас мулки ва автомобилларини мусодара қилишга замин яратувчи қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Марказий банк кенгашининг “Қарздорлар банк ҳисоблари ва уларнинг дебиторларини қидириш бўйича Миллий информация базасидаги ахборотлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги қарори кучга кирди. Бу қарор қарздор дебиторларнинг банкда сир сақланаётган маблағларининг суд қарори бўйича ошкор этилишига ва суд ижросининг ўз вақтида бажарилишига қаратилган.

Ўзбекистон Марказий банкининг ўз исмини ошкор этишни истамаган ходими сўзларига кўра, Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Марказий банк кенгаши қабул қилган “Қарздорлар банк ҳисоблари ва уларнинг дебиторларини қидириш бўйича Миллий информация базасидаги ахборотлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги қарори, Марказий банк ва суд қарорлари ижроси Департаменти ўртасидаги ҳамкорликни ва ахборот алмашувини тартибга солишни назарда тутади.

Унинг айтишича, бу қарорга кўра, суд қарори билан билан юридик ва жисмоний шахсларнинг банкдаги реквизитлари ҳақидаги ахборотлар суд ижрочиларига берилади ва улар ё қарздор, ё қочувда бўлган юридик ёки жисмоний шахслар қарзларини даъвогар корхона ёки томонга ундириб беради. Қарздор томоннинг мулки унинг жамғармаси, ҳовлиси, машинаси ва шунга ўхшаш бошқа моддий бойликлари ҳам саналиши мумкин, дейди банк ходими.

Ўзбекистон Марказий банкида бўлим бошқарувчиси бўлиб ишлаган Сапарбой Жубаевнинг айтишича, бу қарор Ўзбекистондаги “банк сири”ни ошкор қилишни легаллаштиришга хизмат қилади. Яъни суд қароридан сўнг исталган юридик ва жисмоний шахснинг банкдаги сирларига кириш учун қонуний йўл янада кенгаяди.

- Банк сири деган нарса энг биринчи аҳоли бўладими¸ юридик шахс бўладими уларнинг қўйган пуллари яъни депозитлари¸ иккинчиси ўзларининг ҳисоб рақамидаги бўлган пуллар тўғрисидаги ҳисоб-китоблари¸ пуллар миқдори¸ қаëққа тўланаëтгани тўғрисида суднинг қарори бўлмагунча банк ҳеч кимга хабар бериши мумкин эмас. Бутун дунë ҳамжамиятида бу нарса бор. Бизнинг Ўзбекистонда ҳам шунақа қонун қабул қилинган. Ҳар бир одам ҳисоб рақамида қанча пули борлигини фақат ўзи кўриши мумкин. Бошқа ҳеч кимга хабар қилиши ман қилинади. Ҳозирги Ўзбекистон вазиятида бу нарсани қарор билан чиқаришига озгина ҳайрон қолиб турибман. Чунки Ўзбекистонда сир сақланибди деган нарса мантиқий эмас. Бизнинг ҳокимиятдагилар ëки ҳуқуқни сақлаш органлари буни суднинг қарорини олиб кўраверарди. Ўзбекистонда сири сақланибди деган нарса кутилмаган нарса. Суднинг қарорини олиш бизда жуда осон. Мана шу одамни текшириб кўрайлик деб суднинг қарорини олиб банкка борса¸ банк уни қонуний кўрсатиши мумкин¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистонлик тадбиркор, айни пайтда муҳожирликда яшаётган андижонлик Нурилло Мақсудовнинг айтишича, Ўзбекистонда “банк сири” деган нарсанинг ўзи ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилинмаган ва бунинг оқибатида ҳукумат ва Миллий хавфсизлик хизмати истаган пайтда истаган юридик ёки жисмоний шахс ҳақида истаган маълумотини олиши мумкин.

- Сир сақлаш деган нарса Ўзбекистондаги банкларда йўқ. Ўзбекистондаги ҳамма банклар МХХ нинг рўйхатида туради ëки улар билан ҳамкорликда иш олиб боради. Энг аввало банк хизматчилари ҳам¸ банк директори ҳам пулдор одам бўлади. Улар бойлигини йўқотиб қўйиши мумкинлиги ëки хавф бўлиб қолишлиги борлиги учун мажбур. Нимага деса¸қўрқитади. Уларнинг ҳаммасини қўлга олади деб биламан. Шунинг учун Ўзбекистонда биз ишлаëтган даврда ҳам¸ ҳозир ҳам инсоннинг хавфсизлик хизмати таъминланмаган. Ўзбекистондаги барча ҳимоя ташкилотлари¸ мана қаранг Миллий хавфсизлик хизмати¸ у 10-20 нафар бойнинг эмас миллатнинг хавфсизлигини ўйлаши керак. Касаллик тепадаги бошқарувда эканда. Тепадаги раҳбарнинг сиëсати¸ омманинг урф-одати дегандай тепадаги раҳбар қандай сиëсат юргизса¸ ўша бошқарув тизимига химат қиладиган ҳамма тизимлар раҳбар нима қилса шуни қилаяпти¸ дейди Нурилло Мақсудов.

Унинг айтишича, банк сирларининг ошкор бўлиши суд қарори билан амалга оширилар экан, демак Ўзбекистондаги судларнинг бугунги ҳолатидан келиб чиқиб бу қарорларга ҳам ажабланмаса ҳам бўлади.

- Суд¸ прокуратура¸ банк¸ ички ишлар¸ тепадаги бошқарув – қонунга ҳеч қайси амал қилмайди. Ҳамма ташкилотларни мафиялар¸ биринчи навбатда Каримовлар оиласи ва қолганлар бўлишиб олиб¸ ўзлари пул қилиш мақсадида фақат пулни ўйлаяпти¸ холос. Суд бошқарувдан ташқаридаги одамларни ҳимоя қилмайди. Ҳаммаси тепадан бериладиган буйруққа асосан иш олиб боради. Мана ҳозир катта бозордаги бойларга ҳужум кетаëтганини эшитдик. Мақсад пул қилиш. Уларга бу бойлар доим пора бериб турадию. Бериб турса ҳам озлик қилиб иш юритаëтган¸ пул топаëтган бойларнинг ҳамма бойлигини олиш мақсадида уларни қамаяпти. Ҳамма бойликлари¸ уйлари¸ магазинлари уларнинг фойдасига ўтиб кетади. Ўшаларни ушлаш мақсад қилиндими суд¸ прокуратура ўртага туша олмайди. Тепадагилар бизнес қилишаяпти. Улар пулдан бошқа нарсани кўрмай қолди¸ дейди Нурилло Мақсудов.
XS
SM
MD
LG