Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:43

Каримов уруш фахрийларини сийлади


Ўзбекистонлик уруш фахрийлари кўксини Россия орден ва медаллари безайди.
Ўзбекистонлик уруш фахрийлари кўксини Россия орден ва медаллари безайди.

Ўзбекистон президенти бу йил мамлакатдаги уруш фахрийларини 200 минг сўмдан пул билан мукофотлади. Кун сайин сафлари сийраклашиб бораëтган ўзбекистонлик уруш фахрийлари ўзларига нисбатан йилда бир марта кўрсатиладиган бундай эътибордан хурсанд.

“Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 65 йиллиги нишонланиши муносабати билан 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларини мукофотлаш тўғрисида” Ўзбекистон президенти махсус фармон чиқарди. Фармонда уруш қатнашчиларига 200 минг пул мукофоти бериш баробарида фахрийларнинг юбилей медали билан ҳам тақдирланиши айтилади.

Ўзбекистон “Нуроний” жамғармасининг ўтган йилги маълумотига кўра, Ўзбекистонда 13 мингга яқин иккинчи жаҳон уруши фахрийси қолган. Жамиятдан олинган янги маълумотга кўра, айни пайтда уруш фахрийлари қайтадан рўйхатга олиняпти ва уларнинг қанча қолганлиги 1 апрелда маълум бўлади.

Ўзбекистон президентининг мамлакатдаги уруш фахрийларини 200 минг сўмдан пул билан мукофотлаши ҳақидаги фармони эълон қилингандан сўнг, бир неча уруш фахрийси билан телефон орқали боғландик. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида истиқомат қилаётган 86 ёшли Икромали бобо Ҳайдаровнинг айтишича, у 18 ёшида урушга кетган.

- 1944 йил как раз Будапештда уруш кетаëтган пайтда¸ шундай етиб бориб урушга кирдик. Венгрияни озод қилдикда¸ кейин Австрияга ўтдик. Австрияни озод қилиб¸ кейин Чехословакияга ўтдик. Прага шаҳрига 10 километр етмасдан уруш тугади. Кейин бир ой ўша ерда дам олдикда¸ қайтиб Венгрияга келдик. Етти йил хизмат қилдик армияга. 1950 йилда келдикда¸ дейди 86 ëшли Икромали бобо.

Икромали бобо уруш фахрийларига берилаётган имтиёзлардан мамнун эканлигини айтади:

Икромали бобо: Ҳозир ҳурмат яхши. А так ҳаммамиз ҳурматдамиз¸ Худога шукур.

Озодлик: Имтиëзлар борми ахир?

- Ҳа¸ бор. Ҳамма имтиëзлардан фойдаланаяпмиз¸ дейди Икромали бобо.

Яна бир уруш фахрийси, 86 ёшли Ҳусанбой бобонинг айтишича, у ҳам Европани фашизмдан озод қилишда қатнашган:

Ҳусанбой бобо: 18 ëшимда армияга чақирди. 19 ëшимда командир мактабини битирдим. Командир взвод бўлдим. 1944 йилда Беларусияда ярадор бўлдим. Иккинчи марта Полшанинг Гданск шаҳрида томоғимдан ярадор бўлдим. Беларусиядан Полша¸ Германиянинг денгиз бўйидаги шаҳригача бордик.

Озодлик: Сиз қайси полкда хизмат қилгансиз? Пиëдаларми¸ танкми¸ ...

- 224-Помир полки¸ 162-Ўрта Осиë дивизияси¸ дейди Ҳусанбой бобо.

Ҳусанбой бобо, уруш фахрийларининг жамиятда қадрланиш масаласига тўхтар экан, “ҳар ҳолда бизни байрамларда табриклаб туришибди”, дейди.

Ҳусанбой бобо: Кўзим хира¸ қулоғим кўп эшитмайди. Секин юраман.

Озодлик: Сизларга берилган имтиëзлардан фойдаланаяпсизми? Имтиëзлар борми?

Ҳусанбой бобо: Докторга бепул бораяпман болницага.

Озодлик: Хабар олиб туришибдими сиздан?

Ҳусанбой бобо: Яқинда домком келиб кетди. Уч-тўрт кун бўлди.

Озодлик: Йил давомида фақат байрам арафасида хабар олишадими ëки мунтазам хабар олиб туришадими?

Ҳусанбой бобо: Ҳар йили байрам арафасида хабар олишади.

Озодлик: Бошқа пайтдачи?

- Илгари янги йилда келарди. Бу йил келмади¸ дейди Ҳусанбой бобо.

1995 йилда советлар ғалабанинг 50-йиллигига бағишланган ҳарбий парадда иштирок этган сирдарёлик уруш фахрийси Қаршибой Сатторовнинг айтишича, фахрийларнинг жамиятдаги қадри яхши:

Қаршибой Сатторов: Бизлардан ҳозирча энди хабар¸ эслаб туради. Ҳар байрамларда¸ мана Наврўз байрамларда¸ Ғалаба кунларида эслашади. Мен Ғалабанинг 50 йиллиги юбилейида Москвада қатнашганман. Областдан битта ўзим қатнашганман. Ҳар байрамларда эслаб¸ пул маблағлари беришади. Ўтган йил 80 минг сўм берган эди. Мана бу йил 200 минг билан медал беришга қарор қабул қилибди. Ҳар байрамларда эслайди бизни. Қаердан пенсияга чиққан бўлса¸ шу ташкилотлар эслаб туради.

Озодлик: Пенсиялар яхшими?

- Пенсиялар яхши ҳозир. 250 минг пенсия оламан¸ дейди Қаршибой Сатторов.

Бироқ, ҳамма фахрийлар ҳам жамиятда уларга кўрсатаётган меҳрибонликлардан кўнгли тўлмаётганини айтади. Фарғона вилоятининг Сўх туманида яшовчи уруш фахрийси Аъзамжон Муталибовнинг Озодликка айтишича, у бир йилдан буён Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган “Дамас” машинасини сотиб ололмайди. Фарғонадаги “Ўзавтосаноат” дўкони сотувчилари аввал унга “бобо, Дамас долларга сотилади, доллар олиб келинг”, деб айтишди. Бироқ бобо доллар тополмади.

- Мен оддий бир ўқитувчиман. Доллар деган нарса қаердан бўлсин менда. Мен уни кўрмаганман ҳам. Доллар бу бошқа кишиларда бўлади. Демак¸ бу машинани биздай одамлар олмас эканда¸ дейди Азим бобо Муталибов.

Дамас сўмга сотиладиган бўлганда эса, у яна ҳассасини тўқиллатиб ўша дўконга борди. Энди отахонга “ота, навбат кутинг”, деб айтишди. Ота корчалонларнинг уруш фахрийсига қилган бундай муомаласидан кўнгли оғриганини айтади.

Президент фармонига кўра, уруш фахрийлари пул мукофоти билан бирга “1941-45 йиллардаги Улуғ ватан урушидаги Ғалабанинг 65 йиллиги” юбилей медали билан ҳам тақдирланади.

Президент фармонида, қолаверса Ўзбекистон матбуотида “Улуғ ватан уруши” иборасининг ишлатилмай қўйилганига кўп йиллар бўлди. Президент Ислом Каримов таклифи билан Ғалаба куни ҳам Хотира ва қадрлаш кунига айлантирилди. “Улуғ ватан уруши ибораси” ўрнига “иккинчи жаҳон уруши” ибораси ишлатила бошлади. Сўнгги йилларда ҳатто Ўзбекистон матбуотида чоп қилинаётган уруш фахрийлари суратларидаги орден ва медаллар ҳам ретуш қилиниб, олиб ташланди. Лекин энди яна нега бу ибора пайдо бўлиб қолди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, 2008 йилда МДҲ давлатлари кенгаши ҳамдўстликка аъзо давлатлар учун “1941- 45 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 65 йиллиги” ягона юбилей медалини таъсис этиш ҳақида қарор қабул қилган эди. Ўз навбатида ҳамдўстликка аъзо Ўзбекистон ҳам “Улуғ Ватан уруши” иборасини яна қўллашга мажбур бўлди.

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 430 минг нафар одам иштирок этган. Улардан 400 мингдан ортиғи фронтда ҳалок бўлган. Тахминан 130 мингга яқин одам бедарак йўқолган. 338 ўзбекистонлик Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонини олган.
XS
SM
MD
LG