Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:26

Ўзбекистон яна хандақ қазимоқда


Ўзбекистон томони хандақ амалиëтини Хонобод портлашларидан кейин илк бор ўзбек-қирғиз чегарасида қўллаган эди.
Ўзбекистон томони хандақ амалиëтини Хонобод портлашларидан кейин илк бор ўзбек-қирғиз чегарасида қўллаган эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги Ровот анклави аҳолиси Ўзбекистон томони чуқурлиги 1¸5 метр, эни 1 метр ва тахминан 30 метр узунликдаги чуқур ковлаб, ер эгаларини ўз томонига ўтказмай қўйганидан шикоят қилишмоқда.

Конибодомнинг Ровот қишлоғи Тожикистоннинг Ўзбекистонга туташ ҳудудида жойлашган. Аммо бу қишлоқ аҳолисига тегишли тахминан 60 гектар ер¸ хусусан ҳосилдор ўрикзор Ўзбекистон ҳудудида жойлашган.

Ровотликлар собиқ шўро замонларидан шу яқин вақтгача ўзларига тегишли бу ердан фойдаланиш учун бемалол у ёқдан бу ёққа ўтиб турган.

Аммо, дейди ровотлик Фарида Маҳкамова, ўтган йил ноябридан буён ўзбек чегарачилари ер эгаларини умуман ўз томонига ўтказмай қўйган.

-Ўтманглар¸ деб қўймаяптида ҳозир бизни. Чуқурлиги 1¸5 метр, эни бир метр, узунлиги 30 метр қилиб чуқур ковлаб ташлашган. Ҳамма ёққа солдат қўйиб ташлаган.

Фарида ўзларига тегишли 1 гектарча ерда болалигидан ишлаб келганини айтади.

- Бир гектар ер олиб, ўрик кўчат экиб ўзим катта қилганман. Мана кўчат экканимга ҳам 18 йил бўлди. 18 га кирган кўчатларим бор. Ўша ердан¸ мендан ташқари Ровотимиздан 100 хўжалик фойдаланарди. Мана 92- йилдан бери Ўзбекистон чегарачилари бизни қийнашади. Ўша ёққа ўтгани қўймайди. Лекин энди одамларимизнинг кўзи қонга тўлди. Энди бўлмайди уруш қиламиз дейишаяпти, дейди ровотлик аёл.

Фарида тўрт боласи ва яна 90 ёшдан ошган қайнонасидан иборат оиласини шу боғидан олаётган даромад эвазига боқиб келганини айтади.

"Бу муаммони маҳаллий ҳукумат ёки шаҳар ҳокимлиги билан ҳал қилишга уриниб кўрдингизларми?" дея сўрадик аёлдан.

- Қишлоқ советига айтдик , лекин Тожикистоннинг катталари ўша бизга тегишли ер вақтинчалик Ўзбекистон ихтииёрига топширилганини айтишди. Нега бизнинг ерларни Ўзбекистон ўзлаштирар экан, бизники дер экан. Меҳнатини биз қиламиз, налогини биз берамиз шу кунгача, дея хуноб бўлади Фарида.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Давлат чегараларини қўриқлаш бошқармаси масъулларидан бири¸ подполковник Муслим Имомқулов Озодлик билан суҳбатда Ровот анклавидаги ер анчадан буён икки томон ўртасида баҳсга сабаб бўлаётганини яширмади.

Аммо Имомқулов¸ ровотликларга тегишли ернинг Ўзбекистон ихтиёрига берилганига доир қишлоқликлар айтганларни рад этди.
Тожикистонлик чегарачига кўра, ровотликлар назорат ўтказиш постларида бемалол қайддан ўтиб, ерларида ишлаб қайтишлари мумкин.

- Тожикистонлик чегарачилар ҳам, ўзбекистонлик чегарачилар ҳам бунга қарши эмас. Лекин улар ўз уйи ёнидаги қисқа йўлдан ўтиб қайтишни исташади, дея билдирди тожик зобити ўзаро суҳбат давомида.

Муаммога ойдинлик киритиш учун Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасига ҳам сим қоқдик.

Телефон гўшагини кўтарган элчихона расмийси Зафаржон Раҳимжонов бу гаплардан хабарсизлигини билдирди.

-Хизмат сафарида эдим, бугун чиқдим ишга. Бу гаплардан хабарим йўқ, деб қисқагина жавоб берди Ўзбекистон ҳукумат вакили.
XS
SM
MD
LG