Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:38

Ўзбекистон бозорлари Хитой молидан тозаланмоқда


Ўзбекистон бозорларини тўлдириб турган аксар моллар Хитойда ишлаб чиқарилган.
Ўзбекистон бозорларини тўлдириб турган аксар моллар Хитойда ишлаб чиқарилган.

Ҳукуматнинг бу сиёсатини баъзилар бозорни юқори лавозимли амалдорлар, хусусан, президентнинг қизи назорат қиладиган ширкатларга бўшатиб беришга уриниш, деса, бошқалар маҳаллий ишлаб чиқарувчига шароит яратиш йўли, деган фикрда.

"3 апрел эрталабдан бошлаб Ангрен шаҳри бозорида тинчлик йўқ: савдогарлар ёппасига Хитойда ишлаб чиқарилган товарларини яширмоқда, уларни бозор ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетмоқда", деб хабар қилди Ангрен.ру сайти.

Таҳририяти Россияда жойлашган сайтнинг Ангрендаги манбаларидан олинган маълумотларга таяниб ёзишича, савдогарлар комиссия келиб, товарларини мусодара қилишидан қўрқмоқда.

Сайтдаги мақолага илова қилинган суратларда товарларни бозордан олиб чиқиб кетиш жараёни акс этган.

Бу воқеадан оддий ангренликларнинг ҳам хабари бор.

Масалан, ўзини Марғубахон, деб таништирган ангренлик аёл “савдогарлар Хитойда ишлаб чиқарилган товарларини пештахталардан йиғиштиришмоқда”, деди.

Шундай аҳволни шу кунда Қўқон шаҳри бозорларида ҳам кузатиш мумкин.

- Бу ерда ҳам энди тадбиркорлардан эшитганимда. Оғзаки айтиб чиқишаëтган экан. Oгоҳлантириш. “Хитой товари борлар йиғиштиринглар. Кўрсатманглар” деган мазмунда айтиб чиқаëтган экан¸ деб хабар қилди қўқонлик Абдурасул ака.

Ангрен ва Қўқон бозорларидаги бу воқеа, принципда, янгилик эмас, балки ҳукуматнинг мамлакат бозорини Хитой товарларидан тозалаш сиёсатининг бир кўриниши¸ холос.

Ўзбекистон ҳукумати қўшни давлатлардан олиб кириладиган товарлар учун бож миқдорини максимал даражага кўтариб қўйган.

Хитой товарларининг энг йирик манбаи - Қирғизистондаги Қорасув бозори билан боғловчи Қорасув чегара масканини ўтган ой бошида Ўзбекистон ёпиб қўйди.

Лекин бу чоралардан, ўзбекистонликлар сўзларига қараганда, самара чиқаётгани йўқ: маҳаллий бозордаги товарларнинг аксарияти Хитойники.

Қўқонлик Абдурасул ака мана бундай деди.

- Маҳсулотларнинг деярли 90 фоизи адашмасам¸ ҳамма нарса ўша ëқники бўлиб кетдику. Фарфор буюмлари¸ кийим-кечак¸ оëқ кийимлари асосан Хитойдан олиб келинади¸ дейди қўқонлик Абдурасул ака.

Суҳбатдошимиз адашаётган бўлсин ҳам, дейлик. Бозордаги товар массасининг 90 фоизи эмас, 70 ёки 60 фоизи Хитойники бўлсин. Ўшандаям жуда кўп.

Хўш, эшиклар тақа-тақ ёпилган шароитда бунча товар қандай кириб келаяпти?

Қўқонлик савдогар мана бундай деди:

- Энди йўлда тўловларимиз икки баробар ошиб қолди. Чегара ниҳоятда қаттиқ. Шунинг учун йўлдаги тутган таможнячиларга биз икки баробар ошиғи билан нақд тўлаб етиб келиб олаяпмиз Қўқонга.

Озодлик: Таможняга берадигани энди давлатнинг пулими?

- Йўқ¸ пораку бу. Пораку бу¸ дейди қўқонлик савдогар.

Хитой товарларининг мамлакат бозорига йўлини тўсишга ҳаракат қилар экан, Ўзбекистон ҳукумати протекционистик сиёсат юритаётган, яъни маҳаллий ишлаб чиқарувчи учун шароит яратиб бермоқчи бўлаётган бўлиши мумкин.

Бироқ ўзбекистонлик суҳбатдошларимиздан эшитганларимиз, чиндан ҳам шундайдир, деган фикрга келишимизга изн бермайди.

Масалан, риштонлик Баҳодиржоннинг хабар қилишича, маҳаллий кулоллар кеч куздан бери ишсиз ўтирибди. Сабаби – газ йўқ.

Баҳодиржон: 26-28 октябрда кулолларни тўхтатишди. Қишда газ ишлатмагин дейишди. Хўп¸ деб кулоллар ишламади. Энди баҳор келди¸ ҳамма ëқ исиб кетди. “Рухсат бергин¸ бирор нарса ишлаб чиқарайлик” десак¸ рухсат йўқ. Газ берилмаяпти. Газнинг таги йўқ дейишаяпти.

Озодлик: Риштонлик кулоллар шу кунда ҳам ишлай олмаяптими?

Баҳодиржон: Мана бугун эрталаб ҳам туман газ идорасига бордик. Счëтчик қўйгин деяпти. “Хўп бир миллион 700 мингга шу счëтчикни олиб қўямиз. Қўйгандан кейин газ бўладими? Кафолат берасизми?” десак¸ “У нарсага ҳеч ким кафолат бермайди. Газ масаласи ҳозир қийин” деб жавоб беришаяпти.

Озодлик: Риштонда қанча кулол бор?

- Баҳром Зиëев деган киши бултур масжидда бир айтган эди. “Биз санаб чиқдик. 3000 та кулол бор экан” деб айтган эди. Ўшаларнинг йўқ деганда 10 тадан шогирди бор. 10 тадан шогирдига ҳафтасига 25 мингдан беради. Энди ўзингиз ҳисобланг. Бугун райгазда тўполон бўлиб кетишига оз қолди¸ дейди риштонлик Баҳодиржон.

Абдурасул ака Риштонда эмас, Қўқонда яшайди. У ишлаб чиқаришни тўхатишга мажбур бўлган тадбиркорлардан.

- Ўзимнинг ишлаб чиқаришим бор эди. Иложи бўлмади. Мажбур бўлдим¸ ëпдим. Тинимсиз чироқни ўчиришаверди. Газ тинимсиз ўчади. Менинг асосий ишлаб чиқаришим электр энергия билан газдан эди. Мен ўша ерда беш-олтита одамни ишлатардим. Ҳатто сезон пайтида 150 долларгача чиқариб олган ишчиларим бўлган эди¸ дейди Абдурасул ака.

Абдурасул ака ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур қилган бошқа омиллар ҳақида ҳам айтиб бердики, уларга алоҳида тўхталармиз.

Мамлакат бозоридаги жорий вазият тасвирию тадбиркорлар билан ўтказганимиз суҳбатлардан ўз-ўзидан бир фикр сизиб чиқмоқда: Хитой товарлари импортини чеклаш ортида маҳаллий ишлаб чиқарувчини рағбатлантириш мақсади ётганга ўхшамайди.

Унда баъзи таҳлилчиларнинг ҳукуматнинг бу сиёсати бозорни юқори лавозимли амалдорлар, хусусан, президентнинг қизи назорат қиладиган ширкатларга бўшатиб беришга уринишдир, деган фикри тўғрими?
XS
SM
MD
LG