Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:27

Ўқитувчилар пиллакорга айлантирилмоқда


Сирдарёлик ўқитувчиларнинг айтишларича, пилла қурти боқиш машаққатидан зериккан муаллимлар пулни бериб қутулишни афзал кўрмоқдалар.
Сирдарёлик ўқитувчиларнинг айтишларича, пилла қурти боқиш машаққатидан зериккан муаллимлар пулни бериб қутулишни афзал кўрмоқдалар.

Ўзбекистонлик ҳуқук фаолларининг маълум қилишича, Сирдарё вилоят ҳокимлиги томонидан вилоятдаги ўрта таълим мактабларининг ҳар бирига 300 килограммгача пилла топшириш ёки унинг пулини тўлаш лозимлиги ҳақида кўрсатма берилган.

Мазкур кўрсатмани амалга ошириш вилоят Халқ таълими бошқармасига зиммасига юклатилган.

Сирдарёлик ўқитувчилар бу борада арз қилишнинг ҳам ҳожати қолмаганини билдирмоқдалар.

- Бизда мақсадли боқишга шароит йўқ, чунки пиллага берилувчи баргнинг ўзи йўқ бизда. Ҳар сафар пул берамиз ва улар ўзлари бошқа жойдан пиллани сотиб олиб келиб топширарди. Ўқитувчилардан пул йиғиб олади. Ўтган йили 8 мингдан эди. Бир-икки йил боқдик мактабда, лекин барг еткизиб бера олмадик, бошқа жойдан гаплашиб сотиб олдик. Шунга рози бўлмаслигимизнинг иложи ҳам йўқ-да, боқа олмаймиз – шароитимиз йўқ. “Бўлмаса, ўзларинг боқинглар” дейди, чунки аҳоли боқмайди, дейди пилла етиштиришнинг машаққатлари ва уни ҳар йиллик мажбуриятга айланиб бораётгани тўғрисида сўзлаган сирдарёлик ўқитувчилардан бири.

Айни пайтда, маълумотларга кўра, айрим ўқитувчиларнинг ипак қурти боқишни ўқувчилар зиммасига юклашга уринишлари ҳам йўқ эмас.

Шу ўринда “Нима учун Ўзбекистон ҳукумати пилла етиштиришнинг замонавий усулларидан фойдаланиш йўлидан бормай, бу ишни яна оддий ўқитувчилар ва ўқувчилар зиммасига юклаб қўяяпти?” деган савол пайдо бўлади. Бу саволга жавоб бераркан, “Эзгулик” жамиятининг Сирдарёдаги фаоли Исроил Ризаев бу амалиётни қўллашдан мақсад маҳаллий ҳокимият ҳеч қандай сарф-харажатларсиз май ойининг охирларига “Пилла етиштириш режаси бажарилди” деб ҳисобот берилиши учун замин тайёрлаяпти, дея фикр билдиради.

- Сирдарё вилоятида ҳар йили бюджетдан маош олувчи ташкилотлар қатори умумий ўрта таълим мактабларига ҳам апрел-май ойларида пилла боқиш режаси берилади. Бу биринчи маротаба эмас. Худдики ўша буғдой топшириш режаси ёки пахта чопиғи каби иккита-учта районларда, ҳаммасида дея олмайман, мактабларда контингентига, яъни ўқитувчилар сонига қараб, пилла мажбурияти юкланаяпти. Фақат аввалги йилларга нисбатан бу йил бир коробка берилди, аввал икки коробка берилар эди ўқитувчиларга. Ўқитувчиларнинг, албатта, боқишга имкониятлари йўқ эди. Мактаб фаррошлари ёки бирорта боқишга қурби етадиган хонадонларга бериларди. Унга навбат билан ўқитувчилар барг, хашак етказиб берардилар, ўқувчилар билан ҳашарларга бориб туриларди. Албатта пилла етишганда уни териб олишга ўқувчилар жалб қилинар эди. Бу йил на коробкалик уруғлик пилла бор, фақат ўша мактабларнинг бирига 100, бирига 200-300 килограммдан норма берилаяпти. Битта мактабга ўртача 750 минг сўмдан тўғри келяпти. Масалан, 20 ўқитувчи бўлса, уларга шу миқдор бўлиб ташланаяпти. 40 минг, 50 минг, 60 мингдан тўғри келяпти ҳар бир ўқитувчига. Апрел ёки май ойи маошидан туман ҳокимликлари томонидан беришга мажбур қилинаяпти, деди “Эзгулик” жамиятининг Сирдарёдаги фаоли Исроил Ризаев.

Таҳлилчилар мамлакатда пиллачилик норентабел соҳа экани, шунинг учун ҳукумат бу ишни аҳоли зиммасига юклаётганини таъкидламоқда.

ЎзА маълумотига кўра, Ўзбекистонда пилла етиштириш кўрсаткичлари йилдан-йилга ўсиб бораяпти. 2007 йилда мамлакат бўйича 22 минг тонна, 2008 йилда 23,5 минг тонна, 2009 йилда эса 24 минг тоннага яқин пилла етиштирилган. Region.uz веб-саҳифасининг маълумотига кўра, жорий йилда Ўзбекистонда 25 минг тонна пилла етиштириш режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG