Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:02

Бакиев - Қозоғистон учун исталмаган меҳмон


15 апрел куни президентликка истеъфо бериб¸ Қозоғистоннинг Тараз шаҳридан бошпана топган Қурмонбек Бакиевнинг 7 апрел куниëқ Қирғизистондан қочиб Олмаотага келгани¸ бироқ Остона уни мамлакатга киритмай¸ қайтариб юборгани ошкор бўлди.

15 апрел куни истеъфога кетиш ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйгач Россия ҳарбий учоғида Қозоғистоннинг Тараз шаҳрига учиб келган Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиев ҳозирча Қозоғистонда қолмоқда.

- Ўйлашимча, Қозоғистонда қолиш ёки бошқа давлатга кетиш Бакиевнинг шахсий қарори бўлади. Ҳозирча у Қозоғистонда. Остоналик амалдорлар билан Бакиев учрашгани йўқ, деди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги халқаро маълумот комитети раиси Роман Василенко 16 апрел куни.

Роман Василенко Қозоғистоннинг Қурмонбек Бакиев учун транзит давлат экани ва яқин кунларда унинг бошқа давлатга юборилиши ҳақида айрим оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган хабарларни шунчаки иддао¸ дея атади.

Айни пайтда Остона расмийларидан бири Озодликка 7 апрел куни Бакиев ўтирган учқичнинг Қозоғистонга қўнгани ҳақида пайдо бўлган хабар чинлигини тасдиқлади. Мазкур манбанинг айтишича¸Бишкекдаги исëн авжга чиққан 7 апрел кечқурун Қурмонбек Бакиев самолëти Олмаотага учиб келган, аммо аэропортда Бакиевга трап берилмаган. Шундан сўнг Қурмонбек Бакив ўтирган учоқ Олмаота яқинидаги Бурундай ҳарбий аэропортида ёнилғи қўйиш учун тўхтаб, сўнг Жалолободга учиб кетган¸ деди Остона расмийси.

Остонанинг 7 апрел куни Қурмонбек Бакиевни ўз ҳудудида қабул қилмагани, 15 апрел куни эса унинг Таразга келишига изн берганини шарҳлаган қозоғистонлик сиёсатчи Алихон Байменов, Назарбоев нуфузли халқаро ташкилотлар, Россия ва АҚШ раҳбарлари билан келишувдан сўнггина Бакиевни ўз ҳудудига киритганини айтади.

- Бакиевнинг илк маротаба Қозоғистонга киритилишига рухсат берилмагани сабаби, 7 апрел куни Қозоғистон ҳукуматининг Қирғизистонда содир бўлаëтган воқеаларнинг қандай ривож¸ қандай якун топиши мумкинлигини билмаганидадир. Агар биринчи сафар Бакиев учоғига Қозоғистон ҳудудига қўнишга рухсат берилганида, бу Қирғизистон муваққат ҳукумати билан Остона ўртасига совуқчилик тушириши мумкин эди. Аммо муваққат ҳукумат Бакиевнинг мамлакатни тарк этишидан манфаатдор эканини билдиргач, Қозоғистон Бакиевни ўз ҳудудига киритиш бўйича пухта қарор қабул қилди, дейди Алихон Байменов.

Айни пайтда, Қозоғистон социал-демократик мухолифат партияси раиси Бўлат Абилов, Озодлик билан суҳбатда Қурмонбек Бакиевнинг рафиқаси ва тўнғич ўғли Марат 7 апрелдан бери Қозоғистон ҳудудида яшириниб ўтиргани боис ҳам Қурмонбек Бакиев Қозоғистон ҳудудига келтирилганини айтиб ўтди.

Абилов¸ ўз партияси бугун баёнот очиқлаб, унда қозоқ ҳукуматидан Бакиевни зудлик билан Қозоғистон ҳудудидан учинчи давлатга чиқариб юбориш талабини қўйганини билдирди.

- Биз Бакиев зудлик билан Қозоғистон ҳудудини тарк этиши керак¸ дея ҳисоблаймиз. Кўплаб бегуноҳ одамлар қонини тўккан Бакиевга Қозоғистонда жой йўқ¸ деган фикрдамиз.

Тасаввур қилинг, ҳозир Қирғизистон муваққат ҳукумати Қозоғистондан Бакиевни юртига экстрадиция қилишни талаб қилиб қолса, бу бизнинг мамлакатга яна бош оғриқ туғдириши мумкин. 21 асрда бундай одамлар нормал давлатда яшашга ҳақли эмаслар, улар суд олдида содир қилган жиноятлари учун жавоб беришлари керак, деди сиёсатчи Бўлат Абилов.
XS
SM
MD
LG