Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:13

Европа бўйлаб парвозлар тўхтатилди


Исландиядаги вулқондан ҳавога чиқаётган кулдан иборат булут Европанинг жанубий ва шарқий қисмига тарқалаётгани боис 16 апрел куни Европанинг ўндан ортиқ давлатида минглаб парвоз бекор қилинди.

Исландиядаги вулқондан отилиб чиққан кулдан ҳосил бўлган булут Европанинг жанубий минтақалари ва шарқ¸ хусусан Россия томон соатига 40 километр тезликда тарқалмоқда.

Кул билан бирга ҳавога ёйилаётган шиша, тош ва бошқа заррачалар самолёт моторига шикаст етказиши мумкинлиги сабаб 15 апрел куни Британия, Дания, Ирландия, Норвегия, Швеция ва Финляндияда барча йўловчи самолётлар парвози тўхтатилди. 16 апрел куни бу давлатлар қаторига Полша ва Чехия ҳам қўшилди.


Исландия вулқони кули Европани қамрамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:35 0:00
Бевосита линк


Исландия университетининг вулқоншунос олими Арманн Хоскулдссон кул таркибидаги турли элемент зарралари самолёт моторида эриб¸ уни тўхтатиб қўйиши мумкинлиги боис парвозлар тўхтатилганини айтди.

- Кул кварц, темир, алюмин, магний ва бошқа элементлардан иборат бўлиб¸ улар жуда паст ҳароратда, яъни, Цельсий ўлчови бўйича 1000 – 1050 даражада эрийди. Учоқлар мотори 1400 даражада ишлайди. Шу боис бу элементлар эриб самолёт моторини тўхтатиб қўйиши мумкин, дейди исландиялик олим.

16 апрел куни Европанинг ўндан ортиқ давлатида қарийб 17 минг самолёт парвози бекор қилинди.

Европанинг ҳаво транспорти қатновини назорат қиладиган Евроконтрол ташкилоти матбуот вакили Кила Еванс 16 апрел куни Европа ҳаво ҳудудида одатдагидек кунига 28 минг эмас балки 11 минг самолёт учиши кутилаётганини айтди.

Бу фуқаролик авиацияси тарихида парвозлар энг кўп тўхтатилган воқеа эканини айтилмоқда.

Ўндан ортиқ Европа давлатида самолётлар қатнови иккинчи кун тўхтаб қолгани учун аэропортларда тартибсизлик юзага келди. Ўз манзилига вақтида жўнаб кета олмаган йўловчилар эса учиш вақтини асабий ҳолда кутмоқда.

- Мен таксида меҳмонхонага бориб, бир кеча ётиб, бугун эрталаб яна таксида аэропортга қайтиб келдим. Бугун ҳам самолёт учмаслигини айтишди, дейди икки кундан бери Франкфурт аэропортида кутаётган йўловчилардан бири Ройтер ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда.

Амстердам аэропортида ҳам икки кундан бери минглаб йўловчи самолётлар учишига рухсат берилишини кутмоқда.

- Биз кеча эрталаб учиб кетишимиз керак эди. Кейин парвоз бекор қилинди. Бизга бугунга чипта беришди. Бугун эса ҳатто аэропортга киришимизга рухсат беришмаяпти. Юкларимиз ҳам қайтариб берилмади. Биз шу ерда қолиб кетдик. Улар бизни меҳмонхона билан таъминлашмади, бизга овқат ҳам беришмади, деди Амстердам аэропортида кутиб ўтирган Аня исмли йўловчи.

Минглаб самолёт қатнови тўхтатилгани боис давлатлар ўртасида халқаро поезд қатнови сони кўпайтирилмоқда. Хусусан¸ 16 апрел куни Германия ва Австрия ўртасида қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилди.

Европада аксар самолётлар парвози тўхтатилганига қарамай, Полша президенти Леҳ Качинскийнинг оила аъзолари ҳукуматни якшанба кунига белгиланган дафн маросимини ўз вақтида ўтказишга чақирди. Ўтган ҳафта Россиянинг Смоленск валоятида содир бўлган самолёт ҳалокатида Леҳ Качинский билан бирга яна 94 киши¸ жумладан унинг рафиқаси Мария ҳам нобуд бўлди.

Европада самолётлар парвози учун ноқулай вазият ҳукм сураётган бўлишига қарамай, АҚШ президенти Барак Обама, Германия канцлери Ангела Меркел, Россия президенти Дмитрий Медведев Полша раҳбарининг дафн маросимида иштирок этишини билдирди. Чехия собиқ президенти Вацлав Ҳавелнинг Полшадаги маросимга поездда бориши маълум қилинди.
XS
SM
MD
LG