Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:43

Ҳукумат ҳимоясидаги монополист деҳқонни синдирмоқда


Бугун Ўзбекистон бозорларидаги аксар мевалар¸ мамлакат ичидаги ерларнинг асосан пахтачилик ва ғаллачиликка берилгани оқибатида¸ Эрондан келтирилмоқда.
Бугун Ўзбекистон бозорларидаги аксар мевалар¸ мамлакат ичидаги ерларнинг асосан пахтачилик ва ғаллачиликка берилгани оқибатида¸ Эрондан келтирилмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат ички бозорини ҳимоя қилиш сиёсати мева-сабзавот етиштириш билан шуғулланиб келган юз минглаб деҳқонни тирикчилик ўтказишнинг бошқа усулларини излашга мажбур қилмоқда.

Андижонлик Иброҳимжон ака билан худди шу мавзуда ўтган йили ҳам гаплашган эдик.

У кишини яна безовта қилишимизга баъзи манбаларнинг Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси матбуот хизматига таяниб 21 апрель куни берган хабари туртки бўлди.

Айтилишича, божгирлар кейинги кунларда мамлакатдан ғайриқонуний олиб чиқиб кетилаётган умумий қиймати 25 миллион сўмлик бир неча тонна пиёз, бодринг, помидор, анор ва бошқа маҳсулотларни ушлаб қолган.

Айни пайтда божхона ходимлари республикага ғайриқонуний олиб кирилган 32 миллион сўмлик олма ва нокни мусодара қилган.

Бу хабар, табиийки, республикадан мева-сабзавотни олиб чиқишнинг қонуний йўли қандай, деган саволни пайдо қилди ва уни божгирларга беришга уриндик.

Республика Bожхона қўмитаси телефонларини биров кўтармагач, Андижон вилоят Bожхона бошқармаси билан боғландик. Бошқарма вакилининг жавоби бундай бўлди:

- Ака, бунақа маълумотлар телефонда берилмайди.

Озодлик: Энди аҳоли билиб қўйгани яхшида шунақа маълумотларни. Эртага контрабандист бўлиб қўлга тушиб ўтирмасди.

- Контрабанда олиб чиқиш ҳеч кимга рухсат берилмаган.

Озодлик: Контрабанда билан олиб чиқишга ҳеч бир замонда¸ ҳеч бир маконда рухсат берилмаган. Контрабанда жиноят. Қонуний йўл билан ким ва қандай олиб чиқиши мумкин? Шу ҳақда маълумот бериш мумкинку.

- Шартномаси бўлса олиб чиқадида уни.

Озодлик: Шартномани ким билан тузади?

- Партнëрлар билан тузиладида.

Озодлик: Масалан¸ Россиядаги партнëри билан шартнома тузса¸ олиб чиқса бўлаверади-а? Масалан андижонлик ...

- Сизга телефонда тушунтириб бера олмайман ака. Сиз экономистмассиз. Сиз ҳам яхши тушунмайсиз буни ҳозир сизга гапириб берганим билан.

Озодлик: Оддий андижонлик помидорфуруш икки тоғора олиб чиқиши мумкинми¸ йўқми?

- Идорага келсангиз¸ анақалари нима қилинади ака¸ дейди Андижон вилоят Божхона бошқармаси хизматчиси.

Андижон вилоят Божхона бошқармаси хизматчисини бекор қийнабмиз.

Буни Божхона қўмитаси сайтига кириб билдик.

Сайтнинг “Савол-жавоб” саҳифасидаги жавоблардан бири айнан бизни қизиқтирган мавзуда экан.

Ўқиб билдикки, Ўзбекистондан мева-сабзавот экспорт қилиш ҳуқуқи фақат икки ташкилотга – “Ўзулгуржисавдоинвест” ассоциациясига ва “Матлуботсавдо” ҳиссадорлик жамиятининг ҳудудий тузилмаларига берилган.

Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2008 йил, 8 майда қабул қилган 93-қарор билан жорий этилган.

Божхона сайти жавобидан ангашиладики, тилга олинган икки монополистдан бошқа ҳеч ким республикадан ташқарига мева-сабзавот олиб чиқа олмайди.

Икки монополист ҳатто экспорт учун олинадиган божхона тўловларидан ҳам озод қилинган.

Иккитагина ташкилотга бундай шароит яратиш коррупцияга кенг йўл очиб беришини тахмин қилиш учун мутахассис бўлиш шарт эмас.

Демак, оддий андижонлик, боя айтганимиздай, икки тоғорагина помидорни ёки олтиариқлик икки қопгина бодрингни қўшни Қирғизистон ёки Тожикистонга олиб чиқиб сотиш ҳуқуқидан маҳрум. Қонунга биноан, у контрабандачига айланади.

Келинг энди, Совет даврида помидор етиштириб, Россияга олиб чиқишга "ихтисослашган" Андижондаги қишлоқлардан бирида яшовчи Иброҳимжон ака билан суҳбатни тингланг.

Озодлик: Сиз яшаб турган қишлоқда битта мавсумда қанча юк чиқарди тахминан?

Иброҳимжон ака:15-20 та группа бўларди. Ҳар битта группа энг кам уч КамАЗ юк олиб борарди. Олтита-ўнтагача етказганлар ҳам бўларди. Боринг учтадан ҳисоблайлик. Ҳар биттаси 10 тоннадан бўлганда ҳам¸ 10 тонналик машиналарга одамлар кам юкларди¸ 14-15 тонна юк сиғадиган машиналарга юкланарди. Битта группанинг ўзи 45 тонна юк олиб чиққандан кейин ҳисоблайверинг. 450-500 тоннадан ортиқ юк чиқиб кетарди ҳар йили Совет даврида. Бу асосан помидор маҳсулотлари.

Озодлик: Бу фақат сизнинг қишлоғингиздан-а?

Иброҳимжон ака: Ҳа. Бундан ташқари мева пишгандан кейин мева олиб бориларди. Масалан¸ олча¸ олма¸ нок¸ шафтолига ўхшаган нарсалар. Хуллас бир йилда 500 тонна юк чиқиб кетардида.

Озодлик: Сизнинг қишлоғингиздан.

Иброҳимжон ака: Ҳа¸ албатта.

Озодлик: Кейинги йилларда қанча чиқаяпти?

- Ўтган йили чиққан бўлса¸ 10 тоннадан бўладиган бўлса¸ 50 тонна нарса чиқдида¸ дейди Иброҳимжон ака.

Демак, суҳбатдошим Иброҳимжон ака яшайдиган қишлоқ аҳолиси Россияга мева-сабзавот олиб бориш имконидан деярли маҳрум бўлди. Бу қишлоқдан экспорт ҳажми Совет давридагига қараганда, 10 мартага қисқариб кетган. Ўтган йили чиқарилган тахминан 50 тоннали юк ҳам, афтидан контрабанда қилинган.

Натижа нима бўлди? Андижон бозори тўлиб қолдими?

Совет давридаям бўш турган эмас, дейди Иброҳимжон ака. Ҳозир эса, баъзи маҳсулотлар ўта арзонлаб кетганки¸ деҳқоннинг меҳнатида маъно йўқолиб қолмоқда.

- Ўтган йили бодринг ҳаддан ташқари арзон бўлди. 1000 сўмга уч кило ҳам¸ тўрт кило ҳам бўлди. Помидор ҳам ўтган йил бодрингсифат бўлган¸ дейди Иброҳимжон ака.

Ўтган йили Ўзбекистон бозорларида сабзи ҳам “ит емас” даражада арзонлаб кетган, килоси 50 сўмгача тушиб кетган эди.

Натижада деҳқоннинг меҳнат қилишга рағбати қолмаяпти, дейди Иброҳимжон ака.

- Нарсалар билан бозор тўлиб кетгани йўқ. Tўлиб кетмаслигининг ўзининг сабаби бор. Чунки одамлар аввал оддий каркас қилиб туриб¸ плëнка ëпишиб¸ ичини иситмасдан ҳам март ойидан бошлаб экилган нарсалар эртароқ чиқарди. Мана шунақа қилиб ҳам кўп маҳсулот экиларди. Бурун экилмаган хўжалик бўлмасди. Аввалгига ўхшаб ҳамма 2000-3000-5000 талаб помидор¸ турп экиш йўқ бўлиб кетган ҳозир¸ дейди Иброҳимжон ака.

Ўзбек деҳқонию боғбони кетмонини улоқтириб юбораётгани Божхона қўмитасининг лавҳамиз бошида келтирганимиз маълумотидан ҳам кўриниб турибди.

Эътибор беринг: мамлакатдан олиб чиқиб кетилаётганда ушлаб қолинган мева-сабзавот 25 миллион сўмлик, олиб кирилаётганда мусодара қилинган мева-сабзавот 32 миллион сўмлик.
XS
SM
MD
LG