Қарши овоз берган бўлмади. Икки депутат холис қолди.
Агар Белгия Сенати тасдиқласа, кучга кирадиган мазкур қонунга биноан аёллар жамоат жойларида ким эканлигини юзидан билиш мумкин ҳолатда юришлари лозим бўлади, яъни араб аёллари анъанавий ниқоби ёки афғонистонлик муслималар бурқаси билан юролмайди.
Ёки паранжида бўлса, чачвонсиз юриши лозим.
Демак, қонун кучга кирса, Белгияда ниқоб, бурқа ёки чачвон билан юриш жиноят, деб ҳисобланади.
Қонун лойиҳасида бундай жиноят учун жазо – 15 евродан 25 еврогача жарима ёки 7 кунгача ҳибс ҳам белгилаб қўйилган.
Белгия либерал партияси лидери Daniel Bacquelaine таъкидича, янги қонунни муслималарни камситадиган ҳужжат, деб қабул қилмаслик керак.
- Бурқа диний унсур эмас, энг аввало сиёсий унсурдир, деди у.
Bacquelaine ва унинг партиядошлари фикрича, ниқоб ёки бурқа "оёқли турма"дир ва у жамоат хавфсизлигига таҳдиддир.
Унинг фикрига ўзини яқиндагина муслима тан олиб, иймон келтирган ва бир ой олдин ниқоб тақа бошлаган 22 яшар Селма қўшилмайди.
- Жуда кўп аёллар ниқобни ўзлари учун онгли равишда танлаганлар, улар ниқобни ўзлари хоҳлаганлари учун тақадилар. Одамлар шуни тушунишни истамаётган бўлсалар, нима ҳам қила олардик, деди Cелма.
Bacquelaineга кўра, Белгияда юзини тўсиб юрадиган бир неча юз аёл бор ва уларнинг сони тобора кўпайиб бормоқда.
Бироқ бу масалада тақиқ жорий этилишига қаршилар фикрича, бурқада юрадиган аёллар сони ваҳима қилишга арзийдиган даражада кўп эмас.
Улардан бири, диний масалалар бўйича маҳаллий эксперт Caroline Sagesser фикрича, Белгия аҳолисининг 3 фоизигина муслим ва муслималардир ва уларнинг жуда кичик қисмигина юзини тўсиб юради.
Қонунни назарда тутар экан, у "пашшани босқон билан ўлдиришга уринишга ўхшайди", деди.
Белгиялик мусулмонлар ташкилоти вице-президенти Isabelle Praille фикрича, кучга кириши кутилаётган қонун жамоатчиликда мусулмонлардан ҳадикни кучайтиришга, ҳатто уларга ҳужум қилинишига сабаб бўлиши мумкин.
Халқаро Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Белгия парламенти маъқуллаган қонунни танқид қилди. Ташкилот фикрича, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши "хавфли прецедент" бўлиб, бу кишиларнинг диний эътиқод эркинлигини бузишдир.
Ташкилот Белгия Сенатига мурожаат қилиб, мазкур ҳужжат юзасидан овоз беришдан олдин уни пухта ўрганиб чиқишга чақирди.
Бироқ кузатувчилар фикрича, Сенат қонунни тасдиқлаши мумкин.
Сенат бу масалани, хабарларга қараганда, ёзда кўриб чиқади.
Агар қонун тасдиқдан ўтса, Белгия ҳижобнинг юзни ёпиб турувчи унсури – ниқоб таъқиқланган Европадаги биринчи давлат бўлади.
Белгияникига ўхшаган қонун мусулмон жамоаси катта бўлган Францияда ҳам муҳокама қилинмоқда.