Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:35

Афина бўҳрондан чиқишга уринмоқда


Грецияда оммавий норозилик кўлами кенгайиб бормоқда.
Грецияда оммавий норозилик кўлами кенгайиб бормоқда.

Афинада 5 май куни ўтказилган норозилик намойишида уч киши нобуд бўлганига қарамай, қарзга ботган Греция ҳукумати бўҳронга қарши дастурини қабул қилиш чорасини кўрмоқда.


Давлат ва жамоатчилик секторида сарф-харажатларни кескин камайтириш назарда тутилган бўҳронга қарши дастур 6 май куни Греция парламенти аъзолари муҳокамасига тақдим этилди. Ҳужжатнинг депутатлар томонидан жиддий қаршиликсиз қабул қилиниши айтилмоқда.

Европа иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармаси қарзга ботган Греция ҳукуматига 145 миллиард доллар қарз беришни ваъда қилган. Эвазига Афина ҳукумати бўҳронга қарши дастурини тўлиқ амалга ошириши талаб этилади.

Ҳужжат овозга қайилишидан олдин Молия вазири Жорж Папаконстантинос бу чора мамлакатни “банкрот”ликдан сақлаб қолишнинг ягона йўли эканини таъкидлади.

Айни пайтда Социалистлар етакчилигидаги Афина ҳукуматининг бўҳронга қарши чораларига қарши норозилик кучаймоқда.

5 май куни Афинада намойишчилари билан полиция кучлари ўртасида содир бўлган тўқнашувда уч киши нобуд бўлди, ўнлаб одам жумладан полиция ходимлари жароҳатланди.

Одамлар нобуд бўлганига қарамай, касаба уюшмалари ҳукумат режасига қарши норозилик акцияларини давом эттиришга чақирди.

- Ишчилар буни ўз тарихий ҳуқуқларига қарши қилинган ҳужум¸ деб биладилар ва биз бундай сиёсатга қарши курашимизни давом эттирамиз, деди АДЕДИ номли касаба уюшмаси раҳбари Илиас Вреттакос Ройтерс ахборот агентлиги мухбирига.

Айни пайтда халқни масъулият ҳис қилишга чақирган Бош вазир Георгиос Папандреу оғир дамларда барча греклар жипслашиши кераклигини таъкидлади.

- Ҳар бир фуқаро намойиш ўтказиш ҳуқуқига эга. Аммо ҳеч ким зўравонлик, айниқса, фуқароларимиз нобуд бўлишига сабаб бўладиган зўравонликни қўллаш ҳуқуқига эга эмас. Зўравонлик кўпроқ зўравонлик келтириб чиқаради. Намойишлар бир нарса, қотиллик бошқа нарса, деди Греция Бош вазири.

Грециядаги зўравонликлар евронинг барқарорлиги хусусида билдирилаётган хавотирни кучайтирди. Европа марказий банки Европа иттифоқининг яна бир қарзга ботган аъзоси, яъни, Португалия пойтахти Лиссабонда йиғилиш ўтказиб евронинг ойлик фоиз миқдори масаласини муҳокама қилмоқда.
XS
SM
MD
LG