Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:18

Маҳбусларнинг яқинлари миршабларни инсофга чақирмоқда


Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, сўнгги 2 йил давомида Ўзбекистон қамоқларида қийноқлардан 20 киши ўлган.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, сўнгги 2 йил давомида Ўзбекистон қамоқларида қийноқлардан 20 киши ўлган.

Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган ва мунтазам қийноқларга солинаётгани айтилаётган 300 дан ортиқроқ маҳбуснинг ота-оналари ҳамда қариндошлари куч ишлатар тизимлар ходимларига мурожаат йўлладилар.

Бу ҳақда хабар берган интернет нашрларга кўра, мазкур мурожаат “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти томонидан тарқатилган. Мурожаатда ҳуқуқ-тартибот ва жазони ўташ тузилмалари ходимлари иймон, инсофга чақирилади.

Мурожаатда айтилишича, халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари бир неча йиллардан бери Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилишидан бонг уриб келадилар. БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ҳам ўзининг йиллик ҳисоботларида Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар мавжуд эканини таъкидлаб келади. “Бироқ шунга қарамай, қамоқхоналарда қийноқлар қўллаш давом этмоқда”, дейилади мурожаатда.

Мурожаат муаллифларига кўра, қийноқлар ва хўрлашлар асосан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159 (Конституциявий тузимга тажовуз қилиш), 242 (Жиноий гуруҳ ташкил этиш), 244 прим 1 (Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш), 244 прим 2 (Диний экстремистик, айирмачилик, фундаменталистлик ва бошқа таъқиқланган ташкилотларни ташкил этиш, раҳбарлик қилиш ҳамда аъзо бўлиш) моддалари асосида айбланиб, қамоққа олинганларга нисбатан қўлланилмоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳбусларнинг ота-оналари ва яқинлари мустақил мамлакат тарихида биринчи марта бундай мурожаат йўлламоқдалар.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг кўпчилиги Ўзбекистонда мунтазам қийноқлар қўллаш қамоқхоналарда одатий ҳолга айланганидан ташвиш билдириб келадилар.

2003 йилда Ўзбекистонга ташриф қилган БМТнинг қийноқлар бўйича маҳсус ҳисоботчиси Тео Ван Бовен ҳам гапирган эди.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, кейинги икки йил давомида Ўзбекистон қамоқларида қийноқлар туфайли 20 киши ўлган.

Бироқ расмий Тошкент бу маълумотларни рад этиб, мамлакатда қийноқлар қўлланилмаслиги ҳақида гапириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG