Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:07

Меҳнат муҳожирларидан бармоқ излари олинади


Россия Федерал Муҳожирлик хизмати расмийларига кўра, 2011 йилдан бошлаб марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари Россияда патент асосида ишлайдилар.
Россия Федерал Муҳожирлик хизмати расмийларига кўра, 2011 йилдан бошлаб марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари Россияда патент асосида ишлайдилар.

Россияда меҳнат муҳожирларини оммавий дактилоскопия кутмоқда. Интерфакс агентлиги хабарига кўра, 7 май куни Россия парламенти “Россия Федерациясидаги чет эл фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати ҳақида”ги қонунига бир қатор ўзгартиришлар киритди.

Давлат Думаси депутатларининг фикрига кўра, қонунга киритилган ўзгартиришлар қоғозбозлик ва порахўрлик иллатларидан қутулишга имконият яратади. Киритилган янгиликлар ҳақида қўшимча маълумот олиш учун Россия Федерал Миграция хизмати матбуот хизмати раҳбари Константин Полторанинга мурожаат қилдик:

- “Чет эл фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати ҳақида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишлар биринчи навбатда кириб келаётган муҳожирларга керакли бўлган ҳужжатларни бирор-бир қийинчиликсиз расмийлаштиришга имкон яратади. Дактилоскопия ёки бармоқ изларини олиш борасида бир нима дея олмайман, ҳозирча. Лекин бунинг ажабланарли жойи йўқ: биометрик маълумот олиш дунёнинг деярли барча мамлакатларида жорий этилмоқда. Шуни айтиш жоизки, дактилоскопия, бизнинг ташаббусимиз эмас.
Қонунга киритилаётган биринчи ўзгариш: йилига 2 миллион рублдан зиёд даромад олаётган юқори малакали муҳожирлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳукуматимиз томонидан доимий яшаш ҳуқуқи берилади. Улар патент сотиб олишдан озод қилинади.
Иккинчи ўзгариш - 4 миллионлик Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келаётган ва хусусий секторда ишлаётган оддий меҳнат муҳожирларига тегишли.

2011 йилдан бошлаб уларга патент қоидаси киритилади. Бу уларга 1 йил давомида Россия ҳудудидан четга чиқмасдан туриб меҳнат фаолияти билан шуғулланишга имконият беради. 1000 рубллик ойлик тўловлар бевосита банк бўлимлари орқали амалга оширилади ва шу тариқа улар легал тарзда Россиядаги ўз ҳуқуқий ҳолатларини тасдиқлаб борадилар. Бу ўша иш учун рухсатнома олишга асос бўлади. Расман Россияда йилига 7 миллион зиёд меҳнат муҳожирлари қайдга олинади. Хуллас, ўзгартириш киритишдан асосий мақсад коррупцияга қарши курашишдир, деди Константин Полторанин.

Оммавий ахборот воситаларидан олинган хабарларга кўра, Россияга ишга келаётган муҳожирлардан нафақат бармоқ излари, балки фотосурат ҳам олинади.

Москва шаҳрида анча йиллардан бери ишлаётган қурилиш бўйича юқори малакали мутахассис Илҳомжон Ваҳобов бундай ўзгаришлардан мамнун эканлигини билдирди:

- Албатта бу барчанинг фойдасини кўзлаган қонун бўлса керак. Россия территориясида ишлаëтган мутахассисларнинг шу ерда қолишини кўзлаб қилинган нарса, менинг фикримча. Фуқароларнинг фойдаси бир тарафдан кўзланган бўлиши мумкин. Асосий кўзланган нарса Россиянинг ўзининг фойдаси кўзланган бўлса керак.

Озодлик: Сиз мутахассис сифатида имконият яратилса, хурсанд бўлармидингиз?

- Менинг шу ерда қолиш ниятим бўлса¸ албатта хурсанд бўлардим. Биласиз, бир ҳужжат тўғрилаш учун қанча ҳаракат қилиш керак. Бу нарса шу ерга келиб ишлайдиган ҳамюртлар учун жуда ҳам фойда бўларди. Қилинаëтган ҳужжатларнинг ҳам кўп асли сохта.

Озодлик: Сохта ҳужжат қанча туради?

- 15 минг атрофида, назаримда. Бу пулни сарфлагандан кейин ишлаб ола оладими ëки йўқми - бу ҳам муаммо. Ўзи ҳамма жойда қоғозбозликдан азият чекиб келамиз¸ деди ўзини Илҳомжон Ваҳобов деб таништирган меҳнат муҳожири.

Россия Думасининг Конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси расмий сайтининг хабар беришича, янги қонун 2010 йилнинг 7 майида Россия парламенти томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди. Мазкур қонунга мувофиқ:
1) ишга жойлашишдан олдин меҳнат муҳожири маҳаллий Федерал Миграция хизмати бўлимида 1000 рублга патент сотиб олмоғи зарур. Бу патент 1 ойга амал қилади ва 12 ой давомида узайтирилиши мумкин. Патент олиш вақтида улардан бармоқ излари (дактилоскопия) ва фотосурат олинади. Ушбу биометрик маълумотлар ягона маълумотлар мажмуасига тўпланади.
Лекин муайян ҳудудларга берилган ишчилар квотаси миқдори сақланиб қолдирилди.

2) Россияда юқори малакали мутахассис ҳисобланиш учун йиллик даромад 2 миллион рублдан зиёд бўлиши керак. Юқори малакали мутахассисларлардан дактилоскопия ва фотосурат олинмайди. Улардан Россия фуқаролари қаторида 13 фоизли жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ундирилади. Шунингдек, юқори малакали мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларига Россияда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат топширилади.

Федерал Миграция хизмати вакили Константин Полторанин билдиришича, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Германиянинг муҳожирларга нисбатан қўллаган тажрибаси асос қилиб олинди.

Қонун киритилан ўзгартиришлар 2011 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.
XS
SM
MD
LG