Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:06

Иш кучи миграцияси - оила кушандасими?


Россиядан қайтган муҳожир отани қаршилаш...
Россиядан қайтган муҳожир отани қаршилаш...

Миллионлаб ўзбекистонлик рўзғор тебратиш илинжида ўз уйини ташлаб¸ ўзга эллардан иш излаëтган айни маҳалда¸ уларнинг миллионлаган болалари нормал оила ҳаëтидан мосуво тарзда улғаймоқда.

Дилором Абдуқодирова қамалишини билганида Андижонга Австралиядан қайтармиди?

Бу савол жавобини 10 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилинган опанинг ўзигина билади.

Биз фақат тахмин қилишимиз мумкин.

Аёл ҳақида, Она ҳақида муайян тасаввурларимиздан келиб чиқиб тахмин қилишимиз мумкин.

Олисда қолган тўрт фарзандини бир мартадан бағрига босса, ҳидларини туйса, юзларига, 5 йилдан бери чўзилиб қолган бўйларига қараб, қароқлари бир зум яйраса бўлди.

Қолгани бекор.

Кейин қамасалар ҳам майли. Ўн йилга қамайдиларми, юз йилгами – барибир.

Она фарзандларини кўрди.

Онанинг қамоқдан ўлмай чиқишига фарзандларига меҳри кафил.

Лекин ҳамма бирдай эмас. Оналар ҳам.

Мана бошқа бир андижонлик она оиласининг мухтасар шарҳи:

- Tоға ўлиб қолди. (Тоғасининг оиласи тўғрисида андижонлик Ҳалима опа ҳикоя қилаяпти.) Ўлганига саккиз йил бўлди. Шоҳидахонни берган маҳалда ўлган. Шу эсимда бор. (Шоҳидахон опанинг қизи. Қизини турмушга чиқарганини айтаяпти опа.) Кейин хотин (Тоғанинг хотини, Ҳалима опанинг келинойиси.) Россияга кетдим¸ деб кетган эди. Бировлар кўрипти. УФАдами қаëқда юрибди эмиш. Шу бўйича келмай қўйди. У хотиннинг келмай қўйганига 10 йилдан ошиб қолди. (Келинойи эри ўлганида ҳам бормаган Андижонга) Катта ўғли уйланди. Битта болали бўлди. Кичик ўғли ҳали уйлангани йўқ. Анча-мунча келишиб кетишиб туради. (Катта ўғил 29 га, кичиги 28 га кирган) Каттаси ўтириб чиқди. Болалар билан группавой тўполон бўлиб бир нарсаларга илакишиб қолган эди¸ бир-икки йил ўтириб чиқишди. (“Бир-икки йил” қамоқда ўтириб чиққанини ҳар эҳтимолга қарши айтиб ўтай.) Чиққандан кейин биттасининг ўғли йўқ экан. Тўртта-бешта қизи бор экан. Ўзлари ўғил қилиб¸ қизини беришиб¸ ўзлари уйига олиб кириб олди у болани. Яхши ўтирибди ҳозир. Ўтган кун қизини кўтариб келибди бизникига. (Яхши одамлар ҳам кўп, қолаверса, қизининг ҳам ўз тенгини топишини ўйлайди одам) Кичиги юрибди энди. Ҳали уйлангани йўқ. (Оддий андижонлик йигит юр бирга яшаймиз, деб дуч келган қизни уйига олиб кириб кетолмайдику?!) Уч йил бўлиб қолди. Бир келган эди. “Аям салом деб юборибди. Унақа¸ бунақа” деб юрарди. Билмаймиз дейишаяпти болалари ҳам. Бир расмини кўтариб келган эди. Тўртбурчак бўлиб семириб кетган экан. Биз ҳам “битта-яримта татар чолга тегиб олди шекилли ўша ëқда” деб кулаяпмиз. Йўқ. Дом-дараксиз йўқ¸ дейди андижонлик Ҳалима опа.

Андижонлик Ҳалима опа оиласини унутиб, Россияда улоқиб юрган келинойиси тўғрисида, келинойининг касридан тўзиб кетган оила тўғрисида айтиб берди.

Келинойи Россияга кетган йили ўғилларининг бири 19 га, иккинчиси 18 га кирган бўй болалар эди.

Келинойи 10 йилдан бери фарзандларини соғинмади.

Унинг ҳамшаҳри Дилором Абдуқодирова эса фарзандларини соғиниб, уларни, фақат уларни деб Австралиядан қайтди ва 10 йилга қамалди.

У ҳолатда ҳам, бу ҳолатда ҳам ўзбекнинг икки оиласи Онасиз қолди. Уютқисиз қолди.

Бир миллатнинг икки аёли. Икки онаси.

Хўш, бугун, бутун дунё Оила кунини нишонлаётган бир кунда ўзбекнинг оиласида қандай ўзгаришлар юз бермоқда?

1993 йилдан буён ҳар йилнинг 15 майи Халқаро оила куни сифатида нишонланади. БМТ Бош Ассамблеяси бу кунни таъсис этар экан, дунё мамлакатлари жамоатчилиги эътиборини оиланинг кўплаб муаммоларига қаратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди.

БМТ Бош котибининг бу йилги Оила куни арафасида жаҳон жамоатчилигига йўллаган мактубида, жумладан, мана бундай дейилган:

Бу йилги Халқаро Оила кунининг бош мавзуи жаҳон бўйлаб оилаларга миграциянинг таъсири қандай бўлаётганидир.

Тобора кучайиб бораётган ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик бир томондан одамларни туғилиб ўсган юртларини ташлаб кетишга мажбур қилаётган бўлса, иккинчи томондан, жозибалироқ имкониятларни излаб топишга рағбатлантирмоқда. Кўпчилик ишсизлик, сиёсий ва қуролли можаролар ёки инсон ҳуқуқлари топталиши оқибатида муҳожирликка юз тутмоқда,


дейилади БМТ Бош котиби мактубида.

Биз ўзбеклар сал мақтанчоқроқ келамиз. Балки буям яхшидир?

Биз яхшимиз, биз чиройлимиз, биз одоблимиз, бизнинг улуғлар бошқаларнинг улуғларидан улуғроқ, бизнинг катта бошқаларнинг каттасидан каттароқ, бизнинг келажак бошқанинг келажагидан буюкроқ ва ҳоказо, ва ҳоказо, ва ҳоказо...

Наманганлик кўпни кўрган Абдураҳмат ака ҳам ўзимизни мақтайди доим.

- Бошқа юртларга ҳам бораяпмиз. Бизнинг миллатимизда ҳурмат қилса арзийдиган жуда зўр одатларимиз бор. Менинг назаримда¸ бундан энг зўри ëшларнинг каттага бўлган ҳурмати. Бошқа бирор жойда бизникидаги даражада нимани кўрганим йўқ. Эҳтимол¸ жузъий бузилишлар бордир. Лекин умуман олганда ëшларнинг катталарга нисбатан¸ боланинг ота-онага нисбатан ҳурмат-эътибори роса ҳавас қилса арзийдиган нима. Бундан ташқари ўзбек оиласида биз жуда кошоналарда яшамаймиз. Уйларимиз ташқаридан қараганда жуда кўримсиз. Олдиларимиз бошқа. Лекин уйнинг ичига кирсангиз¸ 90 фоиз халқ деворнинг тагигача тозалаб¸ дарахтларнинг тагларини тозалаб райҳонларни экиб шунақа бир чиройли қилиб ўтиради¸ ниҳоятда гўзал. Шунақа ҳурмат қилса арзийдиган нималаримиз бор. Ўша эски оила традицияси давом этаяпти¸ дейди Абдураҳмат ака.

Ҳа, ўзбекнинг оиласи зўр.

Лекин, андижонлик Ҳалима опанинг келинойиси оиласи ҳам ўзбекнинг оиласику?!

Албатта, бу Россияда юрганки онанинг, Россияда юрганки отанинг оиласи келинойиникидай тўзиб кетаяпти, дегани эмас.

Фақат, тўзиб кетиш хавфи мана бир неча йилдирки, юз минглаб ўзбек оиласига таҳдид солиб турибди. Чунки миллионлаб ўзбек ўз оиласини ташлаб Ўзбекистондан ташқарида нон илинжида юрибди.

Шуни ёдига солдим наманганлик фермер Абдураҳмат аканинг ёдига. У киши фикримга қўшилди.

Абдураҳмат ака: Қишлоқнинг 50 фоиз ишга лаëқатли¸ яна қўлидан энг зўр иш келадиган йигитлари Россияда юрибди. Мен буни нормал ҳаëт¸ деб билмайман. Бола-чақасидан¸ хотинидан узоқда.

Озодлик: Шуларнинг оиласи қолган мана. Ойлаб¸ йиллаб отасиз яшашаяпти. Меҳнат мигрантлари фарзандларининг тартибида ўзгариш сезасизми сезмайсизми?

Абдураҳмат ака: Энди бунга қаранг. Ота-онанинг қошида ўсиш бошқаю¸ ота-она назоратидан¸ айниқса ота назоратидан¸ бизнинг оилада эркакнинг роли жуда каттаку бола тарбиясида.

Озодлик: Шундан келиб чиқиб айтаяпманда. Ўзгариш борми йўқми? Агар бор бўлса¸ нимада? Агар йўқ бўлса¸ отасиз ўсган ўзбек боласининг тарбияси бузилмаслигининг сабаблари қаерда?

- Отаси йиллаб келмаган оиладаги фарзандларнинг тарбиясида салбий ўзгариш борлиги кўриниб турибди. Кўчаларда тўда-тўда бўлиб юришлар¸ тўйларда ярим кечасигача нима ўйин қилишлар¸ “Қаерда юрибсан?” дейдиган одамнинг йўқлиги. Онасига унча қулоқ солмайди. Бу нарсалар энди кўриниб турибди¸ дейди Абдураҳмат ака.

Абдураҳмат ака айтаётган “Қаерда юрибсан?!” деган талабни ўғил-қизлари олдига қўйиш имконидан маҳрум, яъни ватандан узоқда тирикчилик кўйида юрганлар қанча?

Расмий Тошкент бу хусусдаги рақамларни эълон қилиш у ёқда турсин, Меҳнат вазирлиги шуғулланадиган бир неча минг мигрантдан бошқа мигрант ишчи борлигини тан олмайди ҳам.

Норасмий маълумотларга кўра эса, биргина Россиянинг ўзида бир неча миллион ўзбекистонлик меҳнат қилиб юрибди. Уларнинг катта қисми оилали, ўғил-қизлари ватанда қолган кишилардир.

Расмий Тошкент меҳнат мигрантлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилмасада, кўраётган баъзи чоралари баъзи хулосаларни қилишга имкон беради.

Масалан, куни-кеча Ўзбекистон парламенти мамлакат Маъмурий кодексига киритган бир ўзгартишга биноан вояга етмаганларнинг жамоат жойларида тунда бўлиши учун ота-оналар, тунда ишлайдиган муассасалар мудирлари жавобгарлиги кучайтирилди.

Қонунга киритилган ўзгартиш тўғрисидаги хабарларда айтилишича, ўсмирлар содир этган жиноятларнинг ҳар учинчиси тунда юз берган.

Агар, чиндан ҳам шундай бўлса, ўсмирларнинг тунда кўчага чиқишини чеклаш мантиқли кўринади. Бу – бизнинг фикр.

Хўш, мутахассис нима дейди?

Сўз навбати ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловга.

Суҳроб Исмоилов: Бош прокуратура таъкидлаяптики ўзининг хабарларида¸ ҳозирги кунгача Ўзбекистонда 6381 та вояага етмаган шахс ўзларининг салбий феъл-атворлари орқасидан ҳуқуқ-тартибот органларида ҳисобда туришаркан. Улар вақти-вақти билан профилактика тадбирларига жалб қилинаркан. Мана шу ҳозирги кунда бизга маълум бўлган расмий асослари мана шунақа қонуннинг қабул қилиниши. Қонун ҳақида хабаримиз борки¸ мана сенатнинг охирги йиғилиши пайтида Ўзбекистон республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 188/2 рақамли янги модда билан тўлдирилди. Ушбу модданинг номи "Вояга етмаган шахсларни тунги пайтда жамоат жойларида ота-оналари ëки уларнинг ўрнини босувчи шасхларнинг кузатувисиз бўлишлари тўғрисида"ги модда.

Озодлик: Одатда ўзбек оиласи анча мустаҳкам келади ва одатда ўзбек фарзанди¸ бошқа мамлакатларга солиштирсакда энди¸ одатда ўзбек фарзанди қонунни бузмайдиганроқ келади. Шунга розимисиз? Шундоқми?

Суҳроб Исмоилов: Менимча¸ умумий ҳолатларда бунга қўшилса бўлади. Ҳақиқатан ҳам¸ Ўзбекистонда агар маданий жиҳатдан¸ маънавий жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак¸ ҳақиқатан ҳам криминоген ҳолатни жуда юқори ëки салбий¸ деб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам бизда анча-мунча мўътадил ҳолат. Лекин менинг ўйлашимча¸ мана шу қонунчиликка ўзгартириш киритилишининг зарурияти¸ асосан¸ кейинги пайтлардаги бизнинг ҳам кузатувларимиз кўрсатаяптики¸ ëшларнинг ўртасида ҳақиқатан ҳам криминоген ҳолат¸ албатта¸ салбий ҳолатга кучайиб кетаяпти. Буни фақатгина ëшларнинг тунги пайтларда жамоат жойларида ëши юқори шахсларнинг кузатувисиз бўлиши билан боғлаш мумкин эмас. Бу биттагина сабаблардан бири. Лекин биз ўйлаймизки¸ нима бўлса ҳам қонун ижобий характерга эга. Ҳақиқатан ҳам қисман бўлса ҳам криминоген ҳолатни пасайтиришга олиб келиши мумкин. Лекин бу сабаблардан фақатгина биттаси. Ҳукумат ҳақиқатан ҳам ëшларнинг орасидаги салбий хулқ-атворнинг камайишини истаса¸ бизнинг фикримизча¸ масалага кенгроқ¸ жиддийроқ ëндашиш керак. Бу хусусан ëшларнинг ҳақиқатан ҳам таълим соҳасидаги қизиқишларини кучайтириш керак. Ëшларга таълим берилиш пайтида танқидий фикрлаш руҳларини кучайтириш керак. Болалар меҳнатидан воз кечиш керак. Қолаверса¸ қўлларида дипломи бор ëшларни иш билан таъминлаш орқали ëшларда билим олишга¸ вақтларини фойдали меҳнат ëки бир малакаларни олишга қизиқиш уйғотиш шунақа стимуллар ярата олиш керак. Шунинг учун ҳозир қабул қилинган чора-тадбирларни тўлиқ деб бўлмайди.

Озодлик: Бу қонун ëки қонунга киритилган ўзгартиш халқаро оила арафасида қабул қилинди. Шундоқ тасодифдир бу. Атайлаб шунга тўғирлашмагандир. Бас шундай экан бир табиий савол туғиладики¸ мана миллионлаб ўзбек мигрантлари ташқарида юради. Жуда кўпчилиги оилали. Уларнинг фарзандлари ватанда қолган. Ўша ëшлар орасида¸ ўсмирлар орасида криминоген вазиятнинг оғирлашиб кетгани мана шу ҳолат билан изоҳланиши мумкинми?

- Менимча¸ бунинг миграцияга ҳам боғлиқлик томони бор. Лекин менимча¸ умумий вазият барибир кўпроқ бошқа сабабга тегишли. Бу ҳам бўлса шу сабабки¸ ҳозирги пайтда кўпгина ëшларимиз ўзлари хоҳлаб-хоҳламай кўчага чиқиб кетишди. Кўпчилик ота-оналар майли ўзларининг фарзандлари кўчада юришса ҳам¸ айниқса ўғил болалар¸ кунига бир-икки сўм даромад олиб келишса ëки фарзанди “Мен тадбиркорликни ўрганаяпман. Бирор жойда дарсдан бўш пайтларимда икки-уч соат меҳнат қилаяпман” деса¸ мана шунинг ўзи фарзанднинг кўчага чиқиб кетишига асос ëки оқлаш бўлиб қолаяпти. Жуда кўп ота-оналар мана шунга кўз юмишга мажбур бўлишаяпти. Мен ўйлайманки¸ барибир умумий бир сабаблари ҳозирги пайтдаги Ўзбекистонда келиб чиқаëтган ижтимоий-иқтисодий ҳолатнинг ночорлигига боғлиқ¸ дейди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.

Меҳнат муҳожирлари фарзандлари ўз атрофида мавжуд ҳолатлардан пайдо бўладиган бир қатор эмоционал ва иқтисодий муаммоларга дуч келади. Хусусан, уларнинг одам савдоси ёки зўравонлик қурбони бўлиши, эксплуатация қилиниши хавфи кучлидир,

дейилади БМТ Бош котибининг 15 май- Халқаро Оила куни муносабати билан жаҳон жамоатчилигига йўллаган мактубида.
XS
SM
MD
LG