Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:26

Иосиф Бродскийни йўқлаш...


Иосиф Бродский
Иосиф Бродский

Бундан роппа-роса 70 йил муқаддам – 1940 йилнинг 24 майида Ленинградда туғилган Иосиф Бродский¸ 1996 йилнинг 28 январида Ню Йоркда вафот этди. Бу оралиқда эса у дунëнинг буюк ëзувчиларидан бири сифатида яшаб улгурди...


Иосиф Бродский ҳаëти ва ижоди¸ аксар буюклар каби¸ одамлар зеҳниятида ўрнашган қатор қолипларни синдириш намунасидир.

Иккинчи жаҳон уруши арафасида Ленинградда туғилган Бродский¸ туғилган шаҳри билан бирга немислар қамалидан омон чиқади¸ 15 ëшдан бошлаб тегирмондан ўликхонага қадар ғаройиб жойларда ишлайди.

18 ëшдан шеър ëза бошлаган Бродский¸ Евгений Рейн¸ Дмитрий Бобышев ва Анатолий Найманлар аъзо бўлган Ленинград ижодкорларининг норасмий гуруҳига қўшилади.

Кўп ўтмай Бродский машҳур шоира Анна Ахматова назарига тушади – шоира Бродский сатрларини "мафтункор"¸ дея атайди.

1963 йили 23 яшар Иосиф "ижтимоий паразитчилик"да айбланиб қамоққа олинади¸ 1964 йили суд ҳукми билан 5 йиллик Архангелск қамоғига жўнатилади.

“Улар бизнинг малласочимиз учун қанақа биография ҳозирлашмоқда! Афтидан Иосиф уларни ўзига оғдирган кўринади” деган эди бу ҳукм ҳақида Ахматова.

Бродский ўз устидан бўлиб ўтган маҳкамада ҳакамнинг “Касбингиз?” деган саволига “Шоир ва таржимон!” деб жавоб қайтарган ва бу жумла кўп ўтмай машҳур бўлиб кетган суддаги қисқа мулоқотни бошлаб берган эди.

“Сизни ким шоирлар сафига қўшди?” деган эди бу жавобга жавобан ҳакам.

“Ҳеч ким. Мени ким инсоният сафига қўшди?” дея саволга савол билан жавоб қайтарди Бродский.

Ҳакамнинг¸ "Сиз ҳатто ўрта мактабни ҳам тузук-қуруқ тугатмаган экансиз"¸ дея қилган эътирозига жавобан Бродский “Бу ерда мактабнинг аҳамияти йўқ. Менимча¸ шоирлик Худодан келади” деган эди атеизм ҳукмрон бир мамлакат маҳкамасида.

Бродскийнинг 5 йилга озодликдан маҳрум этилиши халқаро майдонда катта шов-шувга сабаб бўлиб¸ таниқли композитор Дмитрий Шостакович¸ француз ëзувчиси Жан-Пол Сартр каби машҳур ижодкорлар бу ҳукмга эътироз билдиргач¸ жазо 18 ойга туширилган эди.

1972 йили Бродский СССР дан сургун қилинди. Совет раҳбари Леонид Брежневга ëзган хатида Бродский ватанини тарк этишга мажбур қилинганидан ғазабнок эканини таъкидлай туриб¸ “Мен СССР фуқароси бўлишдан тўхтаган бўлсам ҳам¸ рус шоири бўлишдан тўхтамайман” деган эди.

Аввалига Вена ва Лондонда қисқа вақт яшаган Иосиф Броский кўп ўтмай АҚШда қўним топди ва 1977 йили Америка фуқаролигини олди. Ëшлигидан ўзи мустақил инглиз тилини ўрганган Бродский¸ Америкага келгач мамлакатдаги машҳур университетларда адабиëтдан сабоқ бериш баробарида¸ инглиз тилида ижод қилишга ўтди.

Ижодини рус тилида бошлаб¸ сўнгра уни айни даражада инглиз тилида давом эттирган Иосиф Бродский Америкадаги энг нуфузли мукофотлар¸ хусусан 1981 йили Жон ва Катерина МакАртур жамғармасининг “генийлик” мукофотига лойиқ топилди.

Бродскийга 1987 йили Адабиëт бўйича йилнинг Нобел мукофоти¸ 1991 йили эса¸ "АҚШ шоири" унвони берилди.

Ашаддий чекувчилардан бўлган Бродский икки марта очиқ юрак хуружини бошдан кечирди ва 1996 йили 55 ëшда Ню Йоркдаги квартирасида вафот этди.

Узоқ вақти ватанида тан олинмаган Иосиф Бродский туғилган куннинг 70 йиллиги бугунги Россиянинг турли шаҳарларида ижодий интеллигенция томонидан нишонланмоқда.
XS
SM
MD
LG