Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:12

Консорциумда барча баробар. Ҳатто кон эгалари ҳам...


“Aral Sea Operating Company” консорциуми жорий йилнинг июн ойида Орол денгизида иккинчи текшириш қудуғини қазишга киришади. Маълумотларга кўра, Орол денгизидаги қазиш ишларида Ўзбекистондан ташқари яна 4 мамлакатнинг тенг улушли ширкатлари иштирок этмоқда.

Май ойи бошларида “Aral Sea Operating Company” Ғарбий Оролдаги биринчи қувурдан суткасига 120 минг кубометр миқдордаги газ оқими олингани тўғрисида хабар берган эди. 2007-2009 йиллари давомида Россиянинг “ПетроАльянс” очиқ акционерлик жамияти томонидан Ғарбий Орол, Умид, Оқтепа ва Шағал тизимларида бурғулаш жойлари аниқланган.

Қазиш ишларининг ҳозирги ҳолати борасида гапирган Aral Sea консорциуми матбуот вакилининг айтишича, консорциум аъзолари томонидан бурғулаш ишлари давом этмоқда:

- Ҳозир бизларда иккинчи қудуқда бурғулаш ишлари бўйича тендер кетаяпти. Ҳозир тендерда ким иштирок этаëтганини эълон қила олмаймиз. Биринчи интервал бўйича ҳозир якуний ишлар олиб борилаяпти, деса бўлади. Тўртинчи интервал тугатилаяпти. Тўртинчи интервал натижаси яхши бўлса¸ кейинги интервалларга ўтилади, агар у ерда газ¸ фойдали қазилма чиқса. Бу ерда бешта инвестор олдин келишган. Шундан кейин маҳсулотни тақсимлаш бўйича ҳам шартнома тузилган. Ҳозир маҳсулотнинг ўзини чиқариш бўйича разведка ишлари олиб борилаяпти¸ деб таъкидлади Оролда қазиш ишларини олиб бориш учун тузилган “Aral Sea Operating Company” мутасаддиси.

Бу консорциум сармоячилари ва таъсисчилари Ўзбекистоннинг “Ўзбекнефтегаз”, Малайзиянинг “Petronas Carigali SDN BHD”, Хитойнинг “CNPC International LTD”, Кореянинг “KNOC Aral Ltd.” ва Россиянинг “LUKOIL Overseas Aral Ltd.” ширкатларидир.

Ўзбекистоннинг нефт-газини қайта ишлашга эса қизиқиши борлигини Малайзиянинг “Petronas” компанияси ҳамкори, Жанубий Африка Республикасининг Сасол ширкати вакили Жаки О’Салливан билдирди:

- Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекнефтегаз биз билан жуда яхши ҳамкорлик қилди. Бу биз учун жуда яхши имконият бўлди. Ҳамкорларимиз биз билан бирга ишлашни астойдил хоҳлаяпти. Биз ҳамкорликни янги босқичда давом эттириш ниятидамиз. Масалан, синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқарувчи завод қуриш лойиҳаси бўйича келишувлар мавжуд, деди Жаки О’Салливан.

Сўнгги йилларда жадаллик билан Ўзбекистоннинг нефт-газ бозорига кириб бораётган русларнинг “LUKOIL Overseas Aral Ltd.” ширкати матбуот котиби Владимир Семаковнинг Озодликка билдиришича, бу компанияларнинг молиявий-иқтисодий иттифоқи муайян натижа бера бошлаган:

- Консорциумнинг ўтган давр мобайнида эришган ютуқлари қуйидагича: охирги бир йил давомида 606 километр миқдорида 2Д ишлари амалга оширилди. 2007 йилдан буён тўпланган сейсмик маълумотлар қайта ишланди ва натижада 4 объект бурғулашга тайёрланди. Жумладан, Ғарбий Орол, Умид, Шимолий Умид ва Шағал. Ғарбий Оролда бурғулаш ишлари муайян газ миқдори борлигини кўрсатди. Аниқланган қудуқларда қанча газ заҳираси борлигини ҳозирча айта олмайман, чунки бунинг учун биз барча қудуқлардан олинган бирламчи натижалардан сўнг бирор нима дейиш мумкин. Яқинда биз иккинчи жойда бурғулаш ишларини бошлаяпмиз, деди "LUKOIL Overseas Aral Ltd." ширкати вакили Владимир Семаков.

Унинг айтишича, газ қазиб олиниши саноат миқдори даражасига етса¸ шу ерда суюқ газ конденсатларини ишлаб чиқариш ҳам режада бор.

Лукойлнинг “Aral Sea” консорциумидаги ҳиссаси ҳақида саволимизга Лукойл мутасаддиси Владимир Семаковнинг берган жавоби бизни анча таажжубга солди:

- 20 фоиз. Ҳар бир консорциум иштирокчиси 20 фоиз улушга эга. Шу қаторда “Ўзбекнефтегаз” ҳам 20 фоизга эга¸ деди Лукойл матбуот котиби Владимир Семаков бу аниқ факт эканлигини таъкидлаб.

Гап шундаки, “Aral Sea" компаниясининг оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинган расмий маълумотларига кўра, 2006 йил 8 августда Ўзбекистон ҳукумати ва 5 компания томонидан имзоланган маҳсулотни тақсимлаш ҳақидаги келишувга биноан дастлабки қазиш ишларида консорциум иштирокчилари 10 фоизли ҳиссага эга, Ўзбекистоннинг бу лойиҳадаги улуши эса 50 фоизни ташкил этиши керак!

Прайм-ТАССнинг маълум қилишича, бугунги кунга келиб “Орол” лойиҳасига 75 миллион доллар атрофида сармоя киритилган. 2010 йилда бу сармоянинг 17 миллион доллари ўзлаштирилиши режалаштирилган.

Ўзбекнефтегаз расмий маълумотида берилишича, сўнгги бир неча йил давомида Устюрт минтақасида 10 та газ конлари топилган. 2005-2020 йилларда Ўзбекистоннинг нефт-газ соҳасидаги саноат заҳиралари 620 миллион тоннага етади.
XS
SM
MD
LG