Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:43

Москва НАТОдан норози


Сингапурда хавфсизлик масаласига бағишлаб ўтказилаётган халқаро анжуманда сўзлаган Россия бош вазири ўринбосари Сергей Иванов расмий Москва Афғонистондаги банг саноатига қарши курашдан қониқмаётганини таъкидлади.

Афғонистонда етиштирилаётган, сўнгра ноқонуний йўллар билан экспортга чиқарилаётган наркотик моддалар Европа, Осиё ва АҚШга тахдид эканини урғулаган Иванов ўз нутқида Афғонистондаги НАТО қўшинларини кўкнори экинзорларини йўқ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришга чақирди.

- Халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонда наркотикларга қарши олиб бораётган урушидан биз мамнун эмасмиз, деди Россия бош вазири ўринбосари Сергей Иванов хавфсизлик масаласига бағишлаб Сингапурда ўтказилаётган халқаро анжуманда қилган чиқиши чоғида.

Иванов, шунингдек, ўз чиқишида Афғонистонда наркотик моддаларнинг ишлаб чиқарилиши ҳануз давом этаётганини қайд этаркан, “героиннинг экспорт қилинаётгани учун биз Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик таъминлаш маъсулиятини ўз зиммасига олган кучларни айблашимиз лозим”, дея таъкидлади.

Россия бош вазири ўринбосари сўзларига кўра, Афғонистондаги халқаро кучлар қўмондонлиги кўкнори экинзорларини йўқ қилиш ва героин ишлаб чиқарилишини олдини олиш борасидаги уринишларни имкон қадар тез фурсатда тезлаштиришлари лозим.

Иванов ўз нутқида халқаро кучларнинг Афғонистонда узоқ муддат қолаётганини ҳам тилга олиб ўтди.

- Келаси йил, фикримча, халқаро кучлар совет қўшинларидан ҳам кўра кўпроқ муддат Афғонистонда қолишлари мумкин, деди Сергей Иванов.

Ивановнинг билдиришича, совет қўшинларининг Афғонистонни оккупация қилган 1979-1978 йиллар давоми наркотик муаммоси умуман бўлмаган.

Айни пайтда, БМТ ҳисоб-китобларига мувофиқ, жаҳон қора бозоридаги наркотик моддаларининг қарийб 90 фоизи Афғонистонда ишлаб чиқарилади.

Ивановга кўра, 1980 йилги ҳарбий можарога қарамай, собиқ Совет иттифоқи маҳаллий ҳукуматга мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашган.

Россия расмийси ҳозирги Афғонистон ҳукуматига ёрдам беришга уринаётган давлатларга тавсиялар берди.

- Афғонистонда оддий ижтимоий аҳволни яхшилаш борасида талайгина ишлар амалга оширилиши лозим. Агар биз ушбу йўналишда ҳеч нарса қилмасак, у ердаги ҳарбий ҳозирликдан ҳеч қандай фойда йўқ, дер экан Сергей Иванов Афғонистонга ёрдам беришга ҳаракат қилаётган давлатлар кўкнори экинзорларини йўқ қилиб юборган тақдирда бошқа анъанавий экинларга сармоя киритиши лозим бўлишини қўшимча қилди.

Россия Бош вазири ўринбосари расмий Москва Афғонистонда тинчликни қарор топтириш бўйича халқаро ҳамжамият томонидан қилинаётган уринишларга кўмаклашаётганини ҳам таъкидлаб ўтди.

- Биз халқаро кучларнинг Афғонистондаги уринишларига, яъни логистика, транспорт ва разведка масаласида кўмаклашиб келмоқдамиз, бироқ бир нарса аниқ ҳеч қачон Афғонистонга қайтиб кирмайди, деди Сергей Иванов.
XS
SM
MD
LG