Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:32

Ўшда қолганларга инсонпарварлик ёрдами етказиш қийин кечмоқда


Инсонпарварлик юки¸ асосан ун¸ айтилишича¸ айрим жойларда уйма-уй тарқатилмоқда.
Инсонпарварлик юки¸ асосан ун¸ айтилишича¸ айрим жойларда уйма-уй тарқатилмоқда.

Давом этаëтган зўравонликлардан қочиб¸ баррикадалар ортида¸ вайронага айланган уйлар ертўласида жон сақлаëтган ўшликлар Қирғизистон ҳукумати йўлга қўйилганини даъво қилаëтган инсонпарварлик ëрдами ўзларига етиб келмаëтганини айтмоқдалар.


БМТ нинг Озиқ-овқат дастури расмийлари Ўшда аҳолига озиқ-овқат тарқатиш ишлари бошланганини билдирмоқда. Айтилишича¸ 13 июндан бошлаб инсонпарварлик ёрдамини Бишкекдан Ўшга етказиш йўлга қўйилган. Ўшга дастлабки ёрдамни бишкекликлар ва Қирғизистон шимолидаги аҳоли уюштирган бўлса, кейинчалик бу жараëнгахалқаро ташкилотлар ва хусусий тадбиркорлар ҳам қўшилди.

Бишкекдаги Манас аэропорти фуқаровий авиацияси бошлиғи Александр Мастаев Ўшга кунига бир неча самолёт инсонпарварлик ёрдами жўнатилаëтганини тасдиқлади.

- Биз суткасига 170 тонна атрофида юк узатмоқдамиз. 16 июн куни тўртта рейс юбордик айнан Ўш аэропортига. Яна учта рейснинг учиши кутилмоқда¸ деди Манас аэропорти фуқаровий авиацияси бошлиғи Александр Мастаев.

Айни пайтда Манас аэропортида Қирғизистонга келаëтган инсонпарварлик ёрдамининг анчаси тўпланиб қолган.

Ўш ва Жалолободга инсонпарварлик ёрдамини узатиш учун Бишкекда ташкил этилган штаб ходимига кўра, аэропортдан ташқари, автотранспорт билан ҳам инсонпарварлик ёрдамини жўнатиш бошланган.

Ўш шаҳрида қамалда қолганлар орасида турли миллат вакиллари бор. Ўшдаги Оммавий ахборот воситалари рресурс маркази координатори, журналист Алла Пятибратова ўзи ва қўшнилари инсонпарварлик ёрдамини олишни бошлаганлигини айтади:

- Ўш марказида яшовчи рус миллатига мансублар инсонпарварлик ёрдамини олишмоқда. Шаҳарнинг четроғидаги русларга эса етказиш қийин бу маҳсулотларни. Биз марказда яшаганимиз учун ёнимизда ёниб кетмаган савдо дўконлари ҳам бор. Ўша ердан озиқ овқат маҳсулотларини сотиб олдик. Инсонпарварлик ёрдами сифатида кейинги икки кун нон келади. Ҳар бир оилага бир буханка нон берилаяпти¸ деди Ўшда яшовчи журналист Алла Пятибратова.

Айни пайтда¸ Ўшнинг асосан ўзбеклар яшовчи Ўн адир маҳалласига шу пайтга қадар инсонпарварлик ёрдами келмади¸ дейди Гулбаҳор Жўраева :

-Ҳеч нарса келмади уч кундан бери. Ярим кило картошка, иккита сўлиган бодринг, битта пиёз келаяпти. Одамлар эшитаяпти гумпомош борлигини, лекин ҳеч ким кўрмаяпти. Бир нарса емаяпти. Кейин қирғизлар олиб кетиб қолаяпти. Одамлар оч ўтирибди.Бир чинни овқатни тўртта одам еяпти. Бир аёл учта боласи билан бир коса овқатни бўлишиб еяпти, овқат йўқ, дейди Ўн адир шаҳарчасидан Гулбаҳор Жўраева.

Ўш шаҳрининг Облгаи номи билан маҳаллий аҳолига таниш ҳудудда яшовчи Шукрулло Маҳмудов эса¸ келаëтган инсонпарварлик ёрдамининг ўз маҳалласида сотилаётганлигини айтади:

- Ўзбекларга сотилаяпти бу нарса пулга.

Озодлик: Неча пулдан сотаяпти?

- Ҳар хилда энди. 100-200-300 сўм пулга берилаяптида. Сал қолиб қолган нарса бўлса бераяптики¸ яхши нарсани қирғизлар ўзлари бўлиб олишаяпти.

Озодлик: Нонни сизларга ким сотди ва неча пулдан сотди?

- Битта нонда бўлмаяпти гап. Пулга олинаëтган нони ҳам бор¸ картошкаси ҳам бор¸ сабзиси ҳам бор¸ молокоси ҳам бор¸ макарони ҳам бор. Гуманитар ëрдам айнан керакли жойларга етиб келмади, дейди Ўшнинг Облгаи ҳудудида жон сақлаётган Шукрулло Маҳмудов.

Ўшнинг яна бир чеккасида қолган Аҳроржон Йўлдошевга кўра, уларга инсонпарварлик ёрдами шу пайтга қадар келмаган.

- Жўнатилаëтган гуманитар ëрдамлар бизгача келмаяпти. Йўлда қирғизларга жўнатаяпти. Ўзбекларга кетаëтган гуманитар ëрдамни қирғизлар бўлиб олаяпти. Бизга овқатининг кераги йўқ. Бизга дорилар етмаяпти¸ дейди Аҳроржон Йўлдошев.

Ўшдан олинган сўнгги маълумотларга кўра¸ шаҳарнинг Мажримтол маҳалласи, Жанубий мавзеси, ҳамда Черëмешкининг бир қисмига 16 июн куни тушдан сўнг инсонпарварлик ёрдами етказила бошланган.

Марказий Осиё сув альянси раҳбари Элмира Йўлдошева H-net ташкилоти ёрдамида Ўшдаги зўравонликлардан зарар кўрган фуқароларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилаётганлиги, аммо ëрдам миқдори камлиги боис одамларга етмаётганлигини айтади.

- Ҳар куни 150 тоннага яқин юк келмоқда.Тўғрисина айтганда, бу кам эканлигини тан оламан. Бир оила инсонпарварлик ёрдамини тарқатаётганда икки ёки уч килограмм ун олаяпти. Биз инсонпарварлик ёрдами сотилаётганлиги ҳақида ҳам маълумот олдик. Аммо текширганимизда бу тадбиркорлар ўзларининг омборидаги картошкани сотаётганлиги аниқланди. Яна бир инсонпарварлик ёрдамининг баъзи маҳаллаларга етиб бориши қийинлигининг сабаби - бу ўзбек маҳалалаларига кириш хавфсизлик учун тўсиб ташланган. Бизларни киритмаганлик ҳолатлари бўлган. Аммо биз ҳаракат қилаяпмиз, дейди Ўшдаги Марказий Осиё сув альянси раҳбари Элмира Йўлдошева.

Суҳбатдошимиз ўшликлардан сабрли бўлишни, шу билан бирга инсонпарварлик ёрдамини етказаётган инсонларга ҳужум қилмасликни сўради.
XS
SM
MD
LG