Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:50

Россия минтақаларида Қирғизистон қочқинларига ёрдам тўпланмоқда


11 июндан бери Россиянинг турли шаҳарларида ўзбек ва қирғиз жамоаларининг намойишлари бўлиб ўтмоқда.
11 июндан бери Россиянинг турли шаҳарларида ўзбек ва қирғиз жамоаларининг намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Бугунги кунда Россиянинг турли ўлкаларида Қирғизистон воқеалари билан боғлиқ ўзбек ва қирғиз жамоаларининг ҳамкорликдаги тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Икки халқни сабр ва тотувликка чақириш баробарида бу йиғинларда жабрланганларга моддий ëрдам ҳам йиғилмоқда.


Қирғизистондаги миллий асосдаги низодан жабр кўрганларга ёрдам қўлини чўзишга Россиядаги маҳаллий ҳукумат идоралари ва оддий россияликлар қўшилмоқда.

Хусусан¸ Томск вилояти губернатори ҳузурида бўлиб ўтган ўзбек ва қирғиз жамоалари йиғилишида федерал хизмат ва маҳаллий бошқарув маъмурияти томонидан ёрдам кўрсатилиши масаласи муҳокама этилди¸ дейди вилоят Ахборот департаменти котиби Татьяна Валевич.

- Йиғилишда бизда яшаётган ўзбек ва қирғиз диаспораси вакилларининг Қирғизистонда оғир аҳволда қолган қариндошлари Томск вилоятига келадиган бўлса, раҳбариятимиз уларни жойлаштириш ва қўлимиздан келган кўмак беришга тайёр эканлигимизни билдирди. Яна шуни таъкидламоқчиманки, гап қочоқларни оммавий равишда қабул қилиш тўғрисида кетмаяпти. Бу ерда ҳужжатларни расмийлаштириш, керак бўлса фуқаролик бериш масалаларида ёрдамлашиш... Лекин ҳозирча бирор бир диаспора вакили бизга ёрдам сўраб мурожаат қилгани йўқ, деди Томск вилояти Ахборот департаменти котиби Татьяна Валевич.

- Жабр кўрганлар келадиган бўлса Томск вилояти Федерал миграция хизмати ҳужжатларни тайёрлаш, расмийлаштиришда ёрдам беришга тайёр, деди Томск вилояти Миграция бошқармаси бошлиғи Сергей Ирисбаев ҳам Озодлик билан суҳбатда..

Яна бир йирик тадбирлардан бири Челябинск вилояти Миллий-маданий маркази ва маҳаллий мусулмонлар бошқармаси томонидан уюштирилди. Челябинск мусулмонлар уюшмаси маъмурияти раҳбари Марат Сабиров ҳозирги асосий масала қирғиз ва ўзбек ёшлар ўртасида низони Россия ва бошқа ҳудудларга кўчмаслигини таъминлаш экани ва Челябинскдаги Оқ Масжидда қочоқларга моддий ёрдам кўрсатиш маркази тузилганлигини билдирди.

Бу марказ раҳбарларидан бири “Бобур” ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Маъмуржон Қодиров Челябинскда ёрдам кўрсатиш қай тарзда амалга оширилаётгани тўғрисида сўзлади:

Маъмуржон Қодиров: Аъзоларимиз 15-16 мингдан ортади. Эртага биз¸¸Худо хоҳласа¸ 18 июн куни Челябинск шаҳрининг администрацияси рухсати билан митинг ўтказмоқчимиз. Қирғизистон территориясида бўлаëтган нотинчликларда ва гуманитар ëрдам қилиш мақсадида¸ моддий ва маънавий томондан ўзимизнинг ўзбек халқини қўллаб-қувватлаб¸ қўлимиздан келганча ëрдам беришга ҳаммани тўплаб мурожаат қилмоқчимиз.

Озодлик: Йиғилган моддий маблағ¸ асосан пул бўлса керак. Уни қандай қилиб бериб юбормоқчисизлар?

- Иложи борича ëки Ўзбекистон территориясидаги озиқ-овқатлар олиб туриб қочоқлар лагерига ëки Қирғизистон ҳудудига ўтказиб туриб гуманитар ëрдамни ўша ерга олиб бориб тарқатишни ният қилаяпмиз. Биз қирғизлар билан шу ерда бир йил эмас¸ икки йил эмас 1000 йиллардан бери яшаб келаëтган халқмиз. Ўзбек халқига ҳам керак эмас бу тўполон¸ жанжал¸ қирғизларга ҳам керак эмас. Шу ниятда тўпландик. Янги тайëрланган губернатор Михаил Юревичга хат тайëрладик. Губернаторимиз томонидан қандайдир ëрдам бўлсин¸ деб илтимоснома билан мурожаат қилдик. Мана бугун Астра деган фирмадан телефон қилиб “Биздан қандай ëрдам керак бўлади?” деб мурожаат қилишди. Биз буни эшитиб хурсанд бўлдик. Сизлар бизга эътибор бериб бизларга чиққанинглардан жуда ҳам хурсандмиз. Худойим сизларнинг ишингларни яна ҳам ўнгласин. Россиянинг ҳар бир кўчасида яшаëтган ўзбек бўлсаки¸ бошини кўтариб юрган эркагими аëл кишисими миннатдорчилигимизни ҳам билдириб қўясиз¸ деди “Бобур” ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Маъмуржон Қодиров.

Маъмуржон ака миллатидан қатъий назар¸ барчани бир миллат фожиасига бефарқ бўлмаслик ва қўлидан келганича ёрдам беришга даъват этди.

Челябинскдаги “Ата-Мекен” хайрия жамғармаси раиси Қамбар Пусуров Қирғизистонда бўлаётган хунрезликлардан қирғиз жамоаси ҳам қаттиқ изтироб чекаётганини айтади:

- Ўз йиғилишларимизда биз Қирғизистон ҳукуматининг ҳаракатларини, аниқроғи ҳаракатсизлигини қораладик. Шунингдек ёшларимиз ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Бизларни уруштирмоқчи булганларга мен шуни билдириб қўймоқчиманки, ўзбек ва қирғиз ҳамма вақт бирга яшаган ва яшайди, ҳеч ким Қирғизистондан ҳеч қаерга кетмайди, деди Челябинскдаги “Ата-Мекен” хайрия жамғармаси раиси Қамбар Пусуров.

Оммавий ахборот воситаларидан келаётган хабарларга кўра, бугунги кунда Томск ва Челябинскдан ташқари Курган, Южно-Сахалинск, Новосибирск, Нижний тагил, Владивосток, Комсомольск-на-Амуре, Санкт-Петербург ва Россиянинг яна олтита минтақасида Қирғизистондаги миллий низо оқибатида жабр кўрганларга моддий ёрдам тўплаш акциялари уюштирилмоқда.
XS
SM
MD
LG