Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:39

Ўзбек фаоллари халқаро маҳкама учун қирғинга оид далил тўпламоқда


Ўш ва жалолободлик ўзбеклар ўз фожиаларида ҳукумат қўли борлигини айтиб¸ бу жиноятларнинг халқаро маҳкамада кўриб чиқилишини талаб қилишмоқда.
Ўш ва жалолободлик ўзбеклар ўз фожиаларида ҳукумат қўли борлигини айтиб¸ бу жиноятларнинг халқаро маҳкамада кўриб чиқилишини талаб қилишмоқда.

Ўш ва Жалолободдаги қирғин қурбонлари айбдорлар халқаро маҳкамага тортилиши лозимлигини айтмоқда. Қирғизистондаги "Мийзам жана тартиб" маркази бу зўравонликларни "геноцид " деб атаб бу жиноятнинг мустақил маҳкама тафтишини кутаëтганини айтмоқда.


Бу баëнотдан бир кун ўтиб Қирғизистон муваққат ҳукумати вакили Азимбек Бекназаров Ўш ва Жалолободдаги воқеалар юзасидан 59 жиноий иш қўзғатилганини айтди.

Айни пайтда Қирғизистон ичкариси ва ташқарисида қолган бир гуруҳ Ўш ва Жалолободдаги қирғинга алоқадорлиги иддао қилинаëтган ҳукумат адлия тизимига ишонмаслигини айтиб¸ Ҳаагадаги халқаро маҳкамага ариза топширди.

Ҳаагадаги маҳкамага Ўш ва Жалолобод этник тўқнашувларига оид ҳужжатларни ҳозир Швейцарияда истиқомат қиладиган ëзувчи¸ халқаро ëзувчилар парламенти аъзоси Сафар Бекжон топширди.

- Мен Ҳаагадаги Халқаро уруш жиноятлари трибунали прокурорларига ҳужжатлар жўнатган эдим. У ердан “Бутун ҳужжатлар бизда тўпланаяпти. Ҳамма жойдан ҳужжатларни жўнатишларингиз мумкин. Бирорта прокурор буни ўз зиммасига олади ва қораловчи сифатида Роза Ўтунбаева¸ Бакиев ва бошқа ҳарбийлар ҳақидаги талабномангизни инобатга олади” деган жавоб келди. Шу хатга асосан Қирғизистон фуқаролари¸ Қирғизистон инсоний ташкилотларнинг талабларига биноан бўлганлиги учун ташкилий гуруҳ қилиниши ва ташкилий гуруҳ асосан Қирғизистон фуқароси бўлиши кераклигини инобатга олиб улар зиммасига юкланди бу ишлар¸ дейди Сафар Бекжон.

Ҳаагадаги маҳкама геноцид (бир миллат¸ ирқ ëки этносни буткул ëки қисман йўқ қилиш)¸ инсониятга қарши жиноятлар (системали тарзда¸ олдиндан режалаб тинч аҳолига кенг кўламда тажовуз ўтказиш)¸ ҳарбий жиноятлар (уруш қонун-қоидаларига риоя қилмаслик¸ тинч аҳолининг ҳарбийлар тарафидан қириб ташланиши¸ маданият масканларини қасддан вайрон қилиш¸ асирларга ваҳший муносабат) каби уч жиноятни кўриб чиқади. Қирғизистонлик ҳуқуқшунос Ҳотамжон Ëқубов Ўш ва Жалолободдаги қирғинда ҳар учала жиноят унсурлари бор бўлса-да¸ вазиятни ҳуқуқий тилда геноцид деб аташга асос борлигини иддао айтади.

- Бу жиноятнинг квалификацияси геноциддир. Геноциддан бошқа нарса эмас. Яъни бир миллатни йўқотишга қаратилган ҳаракат¸ дейди Ҳотамжон Ëқубов.

Айни пайтда Қирғизистонда узоқ вақт фаолият олиб борган журналист Майкл Андерсон Ўш ва Жалолобод воқеаларини жиноий гуруҳлар иғвоси¸ деб билади.

- Ўзбек танишларим шу оғир кунларда қирғиз дўстларининг уйларида яшириниб жон сақлашди. Қирғиз ва ўзбек ўртаси дўстлик ришталари билан боғланган ва бу дўстликни қийин даврда ҳам сақлай олишди. Бу эса жанубдаги воқеаларнинг миллий уруш эмаслигига очиқ далилдир¸ дейди Майкл Андерсон.

Женевадаги инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ комиссияси вакили Рупперт Колвил ўз манбаларига таянган ҳолда¸ Ўш ва Жалолободдаги воқеаларнинг кутилмаган ҳодиса эмас¸ балки бу ўйлаб қилинган фитна эканини айтди.

Бу фитна оқибати бўлган жиноятлар маҳаллий инстанцияларда кўриб чиқилиши зарурлигини айтган ҳуқуқшунос Ëқубов ¸ маҳаллий адлия тизимларининг адолатли ҳукм чиқаришига шубҳа билдирди.

- Жинотчиларнинг ушлаб қамалишига ишонч йўқ. Ҳамма жавобгарликка тортилади¸ деб ишонмаймиз. Қирғизистонда адолатли суд тизими йўқ¸ дейди ҳуқуқшунос Ҳотамжон Ëқубов.

Ëзувчи Сафар Бекжон Қирғизистон куч ишлатар ва адлия тизимларидаги моно таркиб мамлакатдаги ўзбекларнинг ишончсизлигига сабаб бўлганини айтади.

- Тарафкашлик қилинаëтганининг сабабларидан биттаси¸ Қирғизистондаги ўзбек ҳеч қачон армияга¸ ҳарбий хизматга чақирилаëтгани йўқ¸ милиция ишларига олинаëтгани йўқ. Демак¸ у ерда тарафсиз ҳарбийларнинг ва тарафсиз милициянинг бўлишини тасаввур қилиш мумкин эмаски¸ аҳолининг асосий қисми бўлган ўзбеклардан ҳеч ким йўқ уларнинг ичида¸ дейди Сафар Бекжон.

“Халқаро тергов ва маҳкама талаблари бу қуруқ гап эмас. Ҳозир бизнинг фаоллар келажакдаги маҳкама учун ҳужжат ва даллиллар йиғмоқда”¸ дейди ҳуқуқшунос Ҳотамжон Ëқубов.

- Ҳужжат нималардан иборат? Ўлганларнинг олинган фотосуратлари¸ кўп ўлганлар ҳеч қандай медицина экспертизасидан ўтказилмасдан давлат томонидан лоқайдлик билан қаралгани учун одамларни тўртта-бешта қилиб кўмиб юборишди. Агар ўликнинг эгаси рухсат берса¸ экзигумация қилинади. Жасаддан чиққан ўқ ва бошқа тиғлар маҳкамада исбот ўлароқ кўрилиши мумкин. Асосан шу элнинг ўз томонидан олинаëтган фотосуратлар бизнинг Қирғизистонда бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ фуқаро паспортида бешинчи графа бор. Улути деб қўяди яъни миллати дегани. Ўша жойда ўзбек ëки қирғиз деб ëзиб қўяди. Шу томонлардан ҳисоб тариқасида фойдаланса бўлади¸ дейди Ҳотамжон Ëқубов.

Ëқубовга кўра 20 йил бурунги Ўш-Ўзган фожиаларининг тафтишсиз қолгани ва Қирғизистон жанубидаги ўзбекларнинг ҳукуматда етарли тамсил қилинмаганлиги бугунги вазият сабабларидан биридир.

- Одамларда ғайрат-шижоат бор. Қўрқув ҳам бор. Қўрқув йўқ эмас. Кечаги қилинган ваҳшиëна ишлар¸ бошқалар¸ аëлларнинг¸ ëш болаларнинг зўрланишлари¸ тириклайин одамларни уйига қамаб ëқиб юборишлари¸ албатта¸ одамлар ичидаги қўрқувни кучайтирди. Бу тан олиншимиз керак бўлган нарса. Шу билан бирга ғайрат-шижоат¸ албатта¸ бўлади. Чунки шунча одамни бегуноҳдан бегуноҳ¸ оддий одамларнинг БТРлар¸ автоматлар билан ўққа тутилишига ҳамма ҳам лоқайд қарайвермайди. Мана шу гувоҳ бўлганларнинг ичидан камида 80 фоизи судга бориб гувоҳлик беради¸ дейди Ҳотамжон Ëқубов.

Халқаро Ҳаага маҳкамасида Ўш ва Жалолободда ўзбекларнинг қирилиши юзасидан жараëн олиб бориш учун бир қанча бюрократик зинапояларни босиб ўтиш лозим¸ дейди бу маҳкама процедурасидан хабардор инсон ҳуқуқлари фаоли¸ Берлиндаги Ўзбек-Немис форуми раҳбари Умида Ниëзова.

- Халқаро трибуналга мурожаат қилиш учун Қирғизистон биринчидан¸ шу трибуналнинг ваколатини қабул қилиши керак ва бошқа бир давлат шу трибуналга мурожаат қилиши керак. Бу давлат Ўзбекистон ҳам бўлиши мумкин. Қирғизистон халқаро трибунал статусини ҳали қабул қилмаган. Парламент қонун чиқариб халқаро трибуналнинг ваколатини қабул қилиши керак¸ дейди Умида Ниëзова.

Ҳаагадаги халқаро суд 1998 йили Рим келишувида тузилган бўлиб¸ 2002 йилдан бери фаолият олиб боради.

Маҳкама Уганда¸ Судан ва Дарфурдаги қатлиомлар юзасидан ҳукм чиқарди. 2008 йилнинг 21 июлида Ҳага маҳкамаси Судан президенти Умар ал Баширни Дарфурдаги геноцидда айбли деб топди.
XS
SM
MD
LG