Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:11

АҚШ расмийси ўшлик қочқинлар билан учрашади


Расмий маълумотга кўра, 4 мингдан ортиқ қочқин ўз уйига қайтган.
Расмий маълумотга кўра, 4 мингдан ортиқ қочқин ўз уйига қайтган.

Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон жанубида юзлаб одам ўлимига сабаб бўлган зўравонликлар юзасидан холис халқаро тергов ўтказиш чақириқлари билан чиқди. Айни пайтда Ўзбекистонга қочган ўшлик қочқинлар билан учрашиш мақсадида АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк Бишкекка сафар қилмоқда.

"Бу мамлакатда тинчлик ва қонун устиворлигини ўрнатиш учун халқаро тергов ўтказилиши муҳимдир", - деб билдирди Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича эксперти Майси Вэйчердин.

Ташкилот шунингдек, қирғиз хавфсизлик кучлари зўравонликларни ҳужжатлаштирган маҳаллий журналистлар ва фуқаролардан фото ва видео далилларни мусодара қилишга уринаётгани ҳақидаги хабарлардан ташвиш изҳор этди.

"Ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистлар ҳуқуқ бузилиш холатларини ҳужжатлаштиришда муҳим рол ўйнайди. Қирғиз ҳукумати қайтанга уларни ҳимоя қилиши керак", - деб билдирди Халқаро Амнистия эксперти Майси Вэйчердин.

Халқаро Амнистия ташкилоти, шунингдек, Қирғиз ҳукумати хавфсизлик кучлари зўравонликларга қўшилиб кетгани ҳақидаги даъволарни текшириши ва инсон ҳуқуқларини бузганлар таъқиб этилиши ҳақида аниқ ишора бериши кераклигини ҳам эслатди.

Қирғизистон жанубида зўравонликлар бошланганидан бир хафта ўтиб АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк бугун Бишкекка сафарини бошламоқда.

Америкалик мартабали дипломат Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийлари билан учрашиб, зўравонликлардан азият чеккан мамлакат аҳолиси эҳтиёжларини ўрганиш ниятида.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг айтишича, Қирғизистондаги этник зўравонликлар боис камида 400.000 киши ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бишкек сафари аввалида Роберт Блэйк Тошкентда бўлди ва ўзбек-қирғиз чегара ҳудудига бориб Ўзбекистонга ўтган қочқинлар билан учрашди.

Қирғиз расмийларига кўра, мамлакат жанубида 10 июн куни бошланган зўравонликлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 190дан ортган.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг билдиришича, Қирғиз ҳукуматининг Ўшда вазият барқарорлашгани ҳақидаги иддаосига қарамай, шаҳарда талон-тарож, аҳолига нисбатан зўравонлик ва жинсий зўрлашлар тўхтамаган.

Айни пайтда Қирғизистон Чегара хизмати раиси ўринбосари Чўлпўнбек Турусбековнинг маълум қилишича, Ўзбекистондан бошпана топган қирғизистонлик ўзбекларнинг 4 мингдан ортиқроғи ўз уйларига қайтган.

Қозоғистон ҳукумати эса ўзбек миллатига мансуб қирғизистонликларни ўз ҳудудига киритилишини таъқиқлаган. Маълумотларга кўра, 17 июн куни Қозоғистон чегарачилари 268 қирғизистонликни мамлакатга киритмаган.

Айни пайтда Ўшга сафар қилган Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева шаҳар фаоллари билан бўлган учрашуви чоғида “Мен ҳалок бўлганлар ҳақида берилаётган расмий статистикани 10 га кўпайтирган бўлар эдим. Қишлоқ жойларида ўлимлар кўп бўлган ва бизнинг одатимизга кўра, марҳумлар дарҳол дафн этилган”, деб билдирди.

Роза Ўтунбаевининг айтишича, у Ўзбекистон президенти билан ҳам телефон орқали суҳбатлашган.

“Мен Ислом Каримов билан гаплашдим ва у қатъийлик билан “Сизлар томонга ўтиб ўз миллатдошларини ҳимоя қилган бирорта ҳам ҳарбий бўлмайди. Биз чегарани ёпамиз, бироқ қочқинларни қабул қиламиз”, деб айтди”, деди Роза Ўтунбаева.
XS
SM
MD
LG