Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:22

Қирғизистон жанубидаги хунрезликлар ортида ким турибди?


Бегуноҳ қирилганлар ортида бўзлаб қолганлар асл жиноятчилар жазоланишини сўрамоқда.
Бегуноҳ қирилганлар ортида бўзлаб қолганлар асл жиноятчилар жазоланишини сўрамоқда.

Минглаб одамнинг ваҳшийларча ўлдирилиши, саноқсиз вайронагарчиликлар, бир миллатни бошқа миллатга душман қилиш кимга керак бўлди, деган саволлар бугун Қирғизистон жанубида бўлаëтган қонли қирғинни кузатаëтган барчанинг оғзида.



Қирғизистон муваққат ҳукумати бу даҳшатли жиноятларни “бакиевчилар” ëки қандайдир “учинчи кучлар”га ағдараяпти, қирғизистонлик ўзбеклар уни эски ва янги қирғиз ҳукуматининг олдиндан пухта ҳозирланган “геноцид”и деб номлашди, яна кимдир бу воқеаларда наркомафия изини кўрса¸ яна бир гуруҳ расмий ва норасмийлар Қирғизистондаги миллий низода Россиянинг "ëвуз қўли"га урғу бермоқда, яна кимдир эса Қирғизистон¸ умумиятла эса Марказий Осиëда эски катта ўйиннинг кескинлашгани - ерда АҚШ ва Россия ўртасида стратегик тўқнашув содир бўлганини айтмоқда.

Вазиятнинг ўта мураккаблиги ва унга турли манфаатлар нуқтаи назаридан аралашиш эҳтимоли кучли томонлар сонининг кўплиги ва мақсадларнинг турлилигини инобатга олган ҳолда¸ "Қирғизистон жанубидаги бу хунрезликлар ортида ким турибди?" деган саволга берилаëтган турли қарашларни бир жойга жамлашга уриндик.

Илк суҳбатдошимиз Қирғизистондаги “Ата-мекен” партияси раиси муовини Равшан Жеенбеков бу саволга муваққат ҳукумат айтаëтган тахминни жавоб деб билади:

- Менимча, мазкур воқеалар ортида биринчидан¸ Бакиев оиласи турибди. Чунки улар Қирғизистонда парокандаликни кучайтиришдан манфаатдор. Иккинчидан, мен ташқи кучларсиз бу нарсанинг амалга ошишига ишончим йўқ, лекин буни исботлаш қийин. Лекин асосий сабаб - йиллар давомида ҳал этилмаган ижтимоий-иқтисодий муаммолар, камбағаллик. Ниҳоят улар миллий низо шаклида портлади. Нима учун Россия Қирғизистонга қўшин киритмади¸ деган саволингизга жавоб эса, менимча Россия ҳукумати қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида айбдор бўлиб қолишдан қўрқди. Бу ерда яна мен муваққат ҳукуматнинг вазиятни назоратдан чиқарганликда ҳам айбдор деб ҳисоблайман, дейди “Ата-мекен” партияси раиси муовини Равшан Жеенбеков.

Бутун дунë оммавий ахборот воситалари бир ҳафтадан бери давом этаëтган зўравонликларда асосан ўзбеклар талофат кўргани ҳақида гапирмоқда¸ ëзммоқда. Қирғизистон жанубида талафот кўрган ўзбек жамоаси вакилларидан Давронбек, ўшлик ўзбекларнинг аксарияти бу қирғиннинг ҳукумат вакиллари томонидан уюштирилганига ишониши ва ҳозирда Қирғизистон давлат идоралари ва мамлакатдаги сиëсатчилардан бирортасига ўзбекларнинг ишонмай қўйганини таъкидлайди:

- Менимча, бу воқеалар ортида эски, янги ҳокимият турибди. Уничтожение, геноцид кетаяпти бу ерда. Мана ҳозир дадамлар ўтирибди, ёниб кетган уйларда, маҳалладан ҳали ҳам чиқиша олмаяпти экан. Мелисалар “Келинглар, чиқинглар” деса , қўрқиб чиқмаяпти: доверие йўқда ҳокимиятга, дейди Давронбек.

Қирғизистон жанубида қонли низо бошланган куни ҳукумат вазиятни назорат қилаëтганини айтган Роза Ўтунбаева¸ бу баëноти эртасига жанубга Россия қўшинларини киритиш илтимоси президент Медведевга мурожаат қилди. Аммо Москва бу сўровни рад қилди. Россиянинг бу ҳатти–ҳаракатлари кўпчиликда яна саволлар туғдирмай қолмади.

Россия ҳукуматининг бу қарорини изоҳлар экан, Россия собиқ Бош вазири, ҳозирда мухолифатдаги “Солидарность” федерал ҳаракати раҳбари Борис Немцов бу воқеаларда бевосита Кремл раҳбариятини айблайди :

- Менимча, Путин ҳамиша Марказий Осиёдаги коррупциялашган тизимларнинг бари қўллаб қелмоқда: Акаевни, Бакиевни, мана энди янгиларини, Каримовни. У ҳозир васвасага тушиб Марказий Осиёда америкаликларга қарши курашиш билан овора. Ваҳоланки АҚШ толибларга қарши курашаяпти, толиб эса Россиянинг душмани... Қирғизистондаги жанжалга сабаб¸ халқнинг ҳокимият тепасидагилар очкўзлигига қарши курашини кузатаяпмиз. Бевосита Россия тизимларининг аралашувисиз ҳам бу бўҳрон пишиб етган эди, дейди Борис Немцов.

Нима учун Россия президенти Медведев Қирғизистонга қўшин киритмади¸деган саволимизга собиқ Бош вазир киноя билан жавоб қайтарди:

- Биз Москвадагилар учун Медведев ҳеч қанақанги президент эмас ва Путиннинг рухсатисиз ҳеч нарса қилолмайди.Улар ички оппозиция билан курашишга зўр. Россия қўшин киритса янги муаммолар гирдобига кўмилади.

Мана¸ Ўзбекистон ҳукумати аҳволини қаранг.. Менинг билишимча, улар ўз чегараларини ëпиб қўйибди. Ўзбекистон нима бўлган тақдирда ҳам ўз миллатдошларига ёрдам бериши керак. Қирғизистонлик ўзбеклар чегаранинг ёпилишини сотқинлик деб қабул қилади ва бу дарҳақиқат сотқинликдир! Мен Каримовни ҳам тушуниб турибман: кириб келганлар унинг тинчини бузади, бу одамлар тақдири эса уни заррача қизиқтирмайди, дейди Россия собиқ Бош Вазири, “Солидарность” федерал ҳаракати раҳбари Борис Немцов

Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари орқали қилинаётган баёнотлар ва фикр-мулоҳазаларда мавҳум “учинчи кучлар” ҳақида тез-тез гапирилмоқда. Москвадаги Сиёсий ва ҳарбий таҳлил институти(ИПВА) директори Александр Хромчихин:

- Мени умуман “учинчи кучлар” деган ибора таажублантирмоқда. Нима учун учинчи, биринчи ва иккинчи ким унда? Яна саволлар пайдо бўлаяпти... Ҳамма нарсани ўз номи билан аташ вақти келди. Россиянинг бу ишларда қўли борлигига умуман ишонмайман, чунки Россия бундан фақат йўқотди, яна бир муаммо орттирилди. Қўшин киритишнинг ҳам ҳожати йўқ эди, чунки бу Россиянинг манфаатларига зид: молиявий харажатлар, рус солдатларининг ўлими.. кимга керак деб ўйлайсиз. Кейин, мабодо аланга олиб кетадиган бўлса Қозоғистон чегараларини қўриқлашга пул ажратиш мақсадга мувофиқ бўлади, арзонроқ тушади.

Ўзбекистонга қочоқларни киритмаслик масаласида эса ҳам тушунарли - бу ҳаракатлар Ўзбекистон ҳудудига кўчмаслиги учун чегаралар ёпилди. Агар бу ўт Ўзбекистонда ҳам аланга олса, ана ўшанда Марказий Осиëда ҳақиқатан ҳам оғир вазият юзага келиши мумкин, дейди Сиёсий ва ҳарбий таҳлил институти(ИПВА) директори Александр Хромчихин.
XS
SM
MD
LG