Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:20

Ўзбекистон прокуратураси Қирғизистондаги қотилликлар бўйича жиноий иш қўзғади


Бугун Ўзбекистондан бошпана топган 120 мингдан ошиқ ўшлик ўзбеклар миллий асосда рўй берган қирғин тафсилотларини ҳикоя қилмоқда.
Бугун Ўзбекистондан бошпана топган 120 мингдан ошиқ ўшлик ўзбеклар миллий асосда рўй берган қирғин тафсилотларини ҳикоя қилмоқда.

Бу ҳақда хабар тарқатган Экспертлар ишчи гуруҳига кўра¸ айни кунларда Ўзбекистон прокуратураси ходимлари мамлакат ҳудудидан бошпана топган минглаб қочқинлар кўрсатмалари асосида Ўш ва Жалолободдаги ўзбеклар қирғини юзасидан жиноий иш бошлаган.

Ўзбекистон Қирғизистондаги тинч аҳолига нисбатан миллий асосда уюштирилган қотиллик ва бошқа зўравонликлар юзасидан жиноят иши очди.

Бу ҳақда хабар тарқатган Ўзбекистондаги Экспертлар ишчи гуруҳига кўра, ҳозирда Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтган ўшлик қочқинлар ўзбек терговчиларига ўзлари гувоҳи бўлган ваҳшийликлар ҳақида кўрсатма бермоқда. Қирғизистондаги тинч аҳолига нисбатан уюштирилган қотилликлар юзасидан жиноят иши очилиши ва ўтказилаётган тергов тафсилотларини Экспертлар ишчи гуруҳи Суҳроб Исмоиловдан сўрадик.

Озодлик: Ўзбекистон Қирғизистондаги зўравонликлар¸ қотилликлар бўйича тергов бошлагани ва жиноят иши очилгани тўғрисида хабар қилдингизлар. Қаердан чиқди бу хабар?

Суҳроб Исмоилов: Бу хабарни Андижон ва Наманган вилоятларидаги алоҳида манбаларимиз берган хабарга асосланиб тарқатдик. Ҳозирги пайтда текширув ишлари жиноят иши доирасида давом этмоқда.

Озодлик: Ким олиб бораяпти бу терговни?

Суҳроб Исмоилов: Бу терговни прокуратура органи ходимлари олиб боришаяпти.

Озодлик: Ўтказилаëтган бу тергов қандай қонуниятга асосланади ва халқаро қонунчиликка нақадар тўғри келади?

Суҳроб Исмоилов: Буни ўзича деб бўлмайди. Чунки бу халқаро қонун¸ халқаро ҳуқуқ талабларига ҳам мос¸ Ўзбекистон жиноят қонунчилиги талабларига ҳам мос. Мен ўйлайманки¸ фақат Ўзбекистон ҳудудида эмас, ҳар қанақа бошқа давлатда ҳам ўзга юртда содир бўлган бўлса¸ лекин натижаси бу давлатнинг ҳудудида якун топадиган бўлса¸ жиноят ишлари шунақа бўлиб қолса¸ албатта мана шу тафсилотларни ўрганиш бўйича¸ жиноят фактлари бўйича жиноят иши очилишини қонунлар тақозо этади. Мана шу кўриб чиқаëтган ҳолатимизда ҳам, асосан Қирғизистон ҳудудида ўқотар қуроллар натижасида¸ зўравонлик натижасида кишиларга талофат етиб¸ баъзиларининг ҳаëтдан кўз юмишларига етиб келгунича¸ баъзилари эса оғир тан жароҳатлари олганлиги бўйича – ҳозирги пайтда фақатгина мана шу фактларнинг ўзигагина асосланиб жиноят иши очилган. Кимга қарши¸ нималарда айбланаяпти – бу масалалар ҳозирчалик очиқ ва мен ўйлайманки¸ текширувларнинг давоми натижасида биз мана шу саволларга жавоб олишимиз мумкин. Лекин ҳозирча ўлим сабаблари ва талофатлар фактлари бўйича жиноят иши очилган. Бу халқаро ҳуқуқ талабларига ҳам¸ Ўзбекистон қонунчилиги талабларига ҳам мос келадиган бир амалиëт ҳисобланади.

Озодлик: Бу иш Ҳаага трибуналигача етади, деганими?

Суҳроб Исмоилов: Бу ҳозирча номаълум. Чунки бу тўғрисида келишув йўқ. Бизнинг фикримизча¸ ҳозирги пайтда қочқинларнинг Ўзбекистон ҳудудида турганлигидан фойдаланиб талофат излари янгилигидан¸ уларни ҳужжатлаштирса бўлишидан фойдаланиб мана шунақа текширув ҳаракатлари бошланган. Бунинг тафсилотлари нимага олиб келиши ҳозирча бизга номаълум. Биз бугун берган хабаримизда иккита вариантни илгари суришга ҳаракат қилдик.

Биринчиси¸ бордию Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари битта келишувга кела олса¸ унда иккала тараф ҳам ўзаро олиб бораëтган текширув натижаларини битта жойга бирлаштириб¸ бўлиб ўтган ва ҳозирги пайтда ҳам баъзи бир жойларда давом этаëтган (суҳбат 22 июн куни ëзиб олинган – таҳр.) воқеалар бўйича яна ҳам одилроқ¸ холисроқ баҳога¸ якуний бир хулосага келишларига ëрдам берган бўларди. Биз биламизки¸ ҳозирги пайтда Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида 190 дан ортиқ ўлим фактлари бўйича жиноят ишлари очилган. Улар бўйича ҳам текширувлар давом этаяпти. Шунинг учун биз ўйлаймизки¸ агар иккала тараф келишувга кела олса¸ унда иккала тарафнинг ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларидан иборат қўшма тергов ëки текширув гуруҳи тузилган бўларди. Унда ҳозирги олинаëтган натижалар бирлаштирилган бўларди.

Биз илгари сураëтган иккинчи бир вариант¸ мабодо икки давлат бир-бири билан келишувга кела олмаса¸ унда БМТга ўхшаган халқаро универсал ҳукуматлараро ташкилотлар ўртага тушиб мана шу воқеалар бўйича халқаро текширувни амалга оширишни ўзининг бўйнига олиши мумкин. Биз халқаро амалиëтда бўлиб ўтган кўпгина шунга ўхшаш ҳолатларни ўрганиб туриб шунақа хулосага келишимиз мумкинки¸ кўпгина мана шу ҳолатларда БМТ ҳамкорлиги остида БМТ нинг махсус ҳисоботчисими ëки махсус вакилими тузиладида айнан мана шу ҳолат бўйича ва мана шу механизм орқали воқеаларнинг халқаро текшируви ўтказилишига туртки берилади.

Озодлик: Ҳозиргача Ўзбекистон расмийлари бу ҳақда бирор маълумот чиқаргани йўқ. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

Суҳроб Исмоилов: Бизнингча¸ ҳозирга қадар очиқланмаëтган энг асосий битта сабаби бор. Буни биз шу кунгача кутдик. Унчалик катта баëнотлар берилгани йўқ. Лекин куни кеча Ўзбекистон президенти ўзининг Бухорога қилган сафари доирасида биринчи марта аниқроқ таҳлил қилишга ҳаракат қилди. У воқеалар атрофида ташқи кучлар турганига яна ишорат қилиб “Бунинг асосий мақсадларидан бири Ўзбекистон тарафини низога тортиш” деган фикрни айтиб ўтди.

Бизнинг фикримизча¸ мана шу нуқтаи назарга Ўзбекистон ҳукумати расмийлари жуда ҳам қаттиқ ишонишади. Балки бунинг тагида яққол бир далиллар ҳам бордир. Ҳозирча бу бизга қоронғу. Лекин айнан мана шу ишонч тўполоннинг¸ низонинг биринчи кунлари Ўзбекистон расмийларини шу воқеалар бўйича жуда ҳам фаол тарзда ўз фикрларини билдиришдан тўхтатиб турди. Кузатадиган бўлсак¸ то тўртинчи-бешинчи кунларигача қуролли тўқнашувлар пайтида Ўзбвекистон ҳукумати фақагина бир марта Ташқи ишлар вазирлиги томонидан чиқарилган баëнот билан чекланди. Унда ҳам жуда умумий ибораларда қисқа баҳо берилган эди. Юқорида айтиб ўтган сабабимиз шунга тааллуқли.
XS
SM
MD
LG