Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:57

“Ўзбекистонда ўтган йили 940 минг иш ўрни яратилди”


Озодлик суҳбатдошларига кўра, четга чиқиб кетолмаган ишсиз ўзбекистонликларнинг кўпи мамлакатда мардикорлик ёки таксичилик билан шуғулланмоқда.
Озодлик суҳбатдошларига кўра, четга чиқиб кетолмаган ишсиз ўзбекистонликларнинг кўпи мамлакатда мардикорлик ёки таксичилик билан шуғулланмоқда.

“Регнум” ахборот агентлигининг Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизматига таяниб ёйинлаган хабарида шундай дейилади. Бироқ оддий ўзбекистонликлар мамлакатда ишсизлар армияси сони тобора ошиб бораётганини айтмоқдалар.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати матбуот хизматининг хабарига кўра, Ўзбекистонда шу йилнинг ўзида корхоналар ва микрофирмалар ҳисобидан 132,1 минг иш ўрни яратилди.

Агар Олий Мажлис Сенатига келадиган бу хабарлар пастдан¸ туманлар ҳокимиятларидан чиқиб келаётганини инобатга олсак, бу рақамларнинг ҳаётийлигига шубҳа пайдо бўлмасдан бошқа илож йўқдай кўринади. Зеро, Озодлик радиоси билан суҳбатда бўлган ва ўз исмини ошкор этишни истамаган аҳолини иш билан таъминлаш бошқармасининг бир расмийси сўзларига кўра, аҳолининг иш билан бандлигини юқори қилиб ҳисобот бериш бу нормал ҳолат бўлиб қолган:

- Бу ҳаммаси қоғоздаги нарса.

Озодлик: Нимаси қоғоздаги нарса? Ҳисобот талаб қилинадими?

- Бизнинг вазифамиз бўйича иш юзасидан нима қилиш керак-да. Ишлайсизми¸ ишлагандан кейин ишларни қилиш керак. Нимаси бўйича ойлик отчëти бўлади¸ квартал отчëти бўлади. Квартал отчëтида шунча сўм кириши керак¸ янги ишчи ўрни яратиш керак. Бу ҳаммаси қоғоздаги нарса.

Озодлик: Аслида иш ўринлари яратиладими-йўқми?

- Бўлиши мумкин. Тахминан 60 фоизга етиши мумкин. Ундан ортиғи йўқ. Қолган ҳаммаси қоғоздаги нарса.

Озодлик: Ҳозир аҳолига таклиф қилинаëтган иш ўринларининг ўртача ойликлари қанча?

- Минимал зарплата 38 минг қанчада.

Озодлик: Ташкилот ва корхоналар “Бизга иш ўринлари керак” деб сизларга таклиф беришадими?

- Албатта вакансия бўлади. Мактабларда¸ институтларда ўқитувчи етмайди. Биология фани бўйича етишмовчилик бор. Мутахассис йўқ, дейди туман ҳокимликларидан бирида ишлаётган бу одам.

Унинг сўзларига кўра, шаҳар ва туманларда ташкил этилаётган янги иш ўринлари ярмаркаларида таклиф этилаётган ишларнинг ойлик маоши жуда паст бўлганлиги учун ҳам саноқли одамларгина ночорликдан шунга рози бўладилар.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган йилда мамлакатда 940 минг янги иш ўринлари яратилди. Бироқ фарғоналик Шукуржон ака бу рақамларга ишонмаслигини, аксинча ишсизлар армияси сони ошиб бораётганини айтади:

- “Меҳнатга лойиқ аҳолининг 8 миллиони иш билан таъминланган” дейилган экан ҳукуматнинг чиқарган қарорида. Агар 8 миллион ишга яроқли аҳоли ишлайдиган бўлганда¸ ҳамма ëқ яхши бўларди. Тахминан 2-3 миллион аҳоли иш билан таъминланган бўлса керак. Улар ҳам ўқитувчи¸ врачлар бўлса керак. Бошқа жойларда завод ва фабрикаларнинг узлуксиз тўлиқ ишлаганидан бехабарман бизнинг вилоятда. Тошкентда ишлаши мумкин. Бизда ҳар қандай фабрика тўрт-беш ой ишлаб ëпилади. Банкрот бўлади¸ бошқа бўлади ë эгаси ўзгаради. Бизда кичик-кичик фабрикалар бор ип йигирадиган¸ пахта тозалайдиган туман марказларида. Мана биздаги яқинда ëпилган эди¸ яқинда яна ишга тушибди. 45 тами одамни ишлатаяпти экан. Ана шунақа ишлар. Бунга мен ҳеч ишонмайман, дейди фарғоналик Шукуржон ака.

Унинг сўзларига кўра, яхшироқ иш топиш мақсадида аксарият одамлар касбларини алмаштиряпти. Жумладан, ўқитувчилар ўзларини савдога уришяпти, малакали тиббиёт ходимлари эса хорижга иш излаб кетмоқда.

Жиззахлик Холмат ҳам асли касби тракторчиликдан кўра, бугун шахсий машинасида таксичилик қилишни афзал билади:

Озодлик: Сизнинг асл касбингиз нима?

- Тракторчи.

Озодлик: Ҳозир шу ишда ишлаяпсизми?

- Йўқ.

Озодлик: Нимага?

- Сабаби ҳозир тракторчилик билан оила боқиб бўлмайди.

Озодлик: Фермерларга бориб тракторчилик қилса бўлмайдими?

- Мисол учун, улар бир тонна буғдой беради. Ойлигининг мазаси йўқ. Буғдой беради¸ бошқа қилади¸ бир бало қилиб алдайди-да. 15-20 йил ишладим-ку.

Озодлик: Мана районларда¸ шаҳарларда иш ўринлари ярмаркалари ташкил қилинаяпти. Мана иш таклиф қилишаяпти. Нимага бормайсиз?

- Кўзбўямачилик булар.

Озодлик: Нимага?

- Бориб турганингиз билан "очередга тур" дейди. Фамилиянгизни¸ исмингизни ëздирасиз. Шу билан "фалон куни келасан" дейди. Борсангиз¸ "жой тўлиб қолди" дейди¸ бошқа дейди¸ хуллас, қоғозбозлик.

Озодлик: Доим бор ишларнинг ойлиги қанча?

- Бизнинг пулга 150 минг¸ 200 минг. Энди кўз олдингизга келтиринг, бир кило гўштнинг ўзи 8-10 минг бўлиб ëтибди. Ҳисоб-китоб қилсангиз¸ бир кило унингиз 500-600 сўм бўлаяпти. 150-200 минг билан бола-чақа боқиб бўладими? Ҳеч иложи йўқ-да.

Озодлик: Ҳозир қандай тирикчилик қилаяпсиз?

- Нима қиламан? Қонунни четлаб ўтиб, бола-чақани боқишнинг ҳаракатини қиламиз-да.

Озодлик: Қонунни қандай четлаб ўтаяпсиз?

- Таксичилик қилиб юрибмиз-да.

Озодлик: Таксичилик қонунни четлаб ўтишмас-ку.

- Таксичиликка ҳам лицензия керак. Документ керак, дейди¸ у дейди¸ бу дейди. 50-60 фоиз таксига ўтиб кетган ëки мардикорлик қилади¸ дейди жиззахлик собиқ тракторчи Холмат.
XS
SM
MD
LG