Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:29

Ўш дафтари: Шоирларга тажовуз


Мағрур Навоий ҳайкали бўйнига солинган сиртмоқ¸ 21 июл куни ҳам олинмасдан қолмоқда.
Мағрур Навоий ҳайкали бўйнига солинган сиртмоқ¸ 21 июл куни ҳам олинмасдан қолмоқда.

Навоийнинг бўйнига сиртмоқ тортилди. Бобурнинг уйи куйди. Шавкат Раҳмон кўчаси эса ëниб кул бўлди...



Ўшнинг марказида истироҳат боғи бор. Навоий кўчасининг бир томони бозор. Бошқа томони айтганимиз боғ.

Навоий ҳайкалининг тўрт томони боғ эмас¸ харобазорга айланган.
Бозор ҳам, боғ хам Оқбура сойи соҳилида.

Боққа кираверишда ҳазрат Навоийнинг ҳайкали бор.

Эсимни таниганимдан бери туради бу ёдгорлик.

Эсимни таниганимга эса ярим аср бўлди.

Навоий кўчасидан ўтиб кетаётиб Навоий ҳайкали бўйнида арқон кўрдим.

Одам ўзини осмоқчи бўлганда арқонни шундоқ ташласа керак бўйнига.

Шоирнинг бўйнига ташланган арқоннинг бир учи тиззасидан сал тепароққача тушиб турибди.

Кўп нарсани кўрганман. Лекин ҳайкални осмоқчи бўлганларини кўрган эмасдим.

- Йўқ осмоқчи эмас, йиқитмокчи бўлишган, дейишди бизга ҳамроҳ ўшликлар.

Мана 40 кундирки¸ арқонни биров ечиб қўяй, уят бўлади, демайди.

Шаҳар чеккасидаги уйлар олдини ажриқдан тозалаëтганларга Навоий боғининг ҳолидан бехабар кўринди...
Нега шундай, десам, ўшликлардан бири ҳазрат Навоий бир рамздан - Ўш ўзбекларнинг ҳам шаҳри эканлиги рамзи эканлигидан бошқа рамзга - ўзбекларга нафрат рамзига айлантирилган, деди.

Халқаро ташкилотлар пулига кўнгиллилар ёлланиб шаҳар тозаланаяпти. Ҳатто шаҳар четроғидаги кўчалар четидаги абадий ажриқларниям кетмон билан чопиб тозалаётганларини кўрдим.

Лекин шаҳар марказидаги Шоирнинг бўйнидаги сиртмоқни ечиб қўядиган одам йуқ.

Атайлаб ечишмаяпти, деди яна бир ўшлик. Кўришсин¸ дейишаяпти.

Ҳазрат Навоийнинг олдига Бобурнинг ёнган уйидан келувдик.

Тахти Сулаймон тоғи устидаги Бобур уйини айтмаяпман.

Шоҳ ва Шиор номидаги Ўш ўзбек академик драма театрини назарда тутаяпман.

Нафақат Ўшу Қиргизистон, балки бутун минтақадаги энг кекса театрлардан бири бўлган бу санъат даргоҳи яқинда ўзининг 90 йиллигини нишонлаган, юбилей олдидан капитал таъмирдан чиқарилган эди.

11 июн куни босқинчилар таъмирдан кейин ялтираб турган театрниям ёқиб юборди.

Томоша зали худди бомба тушгандай. Курсилар ёниб кетган, залдан куйиндининг ачимсиқ ҳиди анқийди. Оёқ остида курсиларнинг куйиндиларию шиша синиқлар...

Саҳнаям ўша аҳволда. Юбилей шарофати билан тикилган янги пардаям куйиб кул бўлибди.

-50 минг долларга тушган эди янги парда, деди театрнинг қоровули.

Шу куни Шавкат Раҳмон кўчасигаям бордик. Шоирнинг ота уйи, акасининг уйи, опасининг уйи, юзлаб қўшниларининг уйи ўрнида вайрона кўрдим. Куйинди кўрдим.

Шавкат Раҳмон кўчасидаги вайрон этилган уй девори.
Яқинда Озодликнинг "Адабиëт" эшиттиришига келган шарҳлардан бирида агар Шавкат Раҳмон тирик бўлганида бу воқеаларни кўриб ўлиб қоларди, деган гапни ўқувдим.

Йўқ, ўлиб қолмасди, Шавкат Раҳмон деган ўжар Шоир.

Ана, Шоирларнинг Энг Каттаси - Ҳазрат Навоий турибдику, Уни йиқитишолмабдику?!

Бунда яна бир рамз кўрдим.
XS
SM
MD
LG