Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:22

Тожикистон президенти халқни озиқ -овқат ғамлашга чақирди


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон аҳолини 2 йиллик озиқ-овқат ғамлашга даъват қилишдан чарчамаётир.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон аҳолини 2 йиллик озиқ-овқат ғамлашга даъват қилишдан чарчамаётир.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Рамазон арафасида халқига мурожат қилиб, келгуси икки йил учун озиқ-овқат ғамлашни тавсия берган. Тожик президенти, хусусан, кўпроқ буғдой захира қилиш зарурлигини таъкидлаган. Давлат раҳбарининг бу таъкидини тожикистонликлар қандай қабул қилишди?

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг “ҳар бир оила келгуси икки йил учун озиқ-овқат, хусусан буғдой захира қилиши зарурлиги” ҳақидаги мурожати, Россия ва Қозоғистоннинг тожикистонликларга буғдой ва ун экспортини таъқиқлаган бир пайтига тўғри келди.

Мамлакат бозорларида аввал 80 сомоний ёки 18 АҚШ долларидан сотилган бир қоп ун бугун 120 сомоний, яъни 27 АҚШ долларига сотилаяпти. Яъни бир қоп ун сўнгги бир ҳафта ичида 9 долларга қимматлади.

Буғдой ҳам қимматлади. Аввал бир сомонийдан сотилган бир кило буғдой бугунги кунда 1 сомоний 50 дирамдан.

Ёвон туманилик деҳқон Ҳусан ота: «Президент дунёдаги бугунги иқтисодий вазиятини назарга олган ҳолда халқни икки йиллик озиқ-овқат ғамлашга ундамоқда», дея фикр билдиради.

У ўзи яшаётган Ҳаёти нав (Янги ҳаёт) қишлоғида аҳолига захира қилиш учун маҳаллий ҳукумат томонидан имкониятлар берилаётганини айтди.

- Биз пахтачилик билан шуғулланамиз. Ўн гектар ер берилган. Шу ўн гектар еримиздан бир гектарига турли маҳсулотлар, жумладан, пиёз, картошка ва дон маҳсулотлари экиб, захира тўплашимиз учун ажратилган. Мана бу йил шу ернинг ярмидан ўн тоннадан ошиқроқ пиёз олдик. Ҳар йил шундай захира қилиб бораверамиз. Захира ҳамиша керак. “Дони бор – доно ” дейдиларку, - дейди етти фарзанднинг отаси Ҳусан Сатторов.

Пардахол опа эса келгуси бир йил учун икки тоннадан ортиқроқ буғдой ғамлаганини айтди.

-Икки тонна буғдой йиғиб олганмиз, бу йилнинг ҳисобидан. Келгусида яна кўрамиз. Ўзимиз деҳқонмиз ердан ҳосил оламиз, хор эмасмиз Худога шукур. Беш фарзандим бор, етади йиққанларимиз, - дейди Пардахол опа.

Лекин шуни ҳам айтиш жоизки, тожикистонликларнинг ҳаммаси ҳам деҳқончилик билан шуғулланмайди.

Чунки умумий майдонининг 93 фоизи тоғликлар ва атиги етти фоизи экин ерлардан иборат бўлган Тожикистонда ҳамма ҳам ер билан таъминланмаган.

-Еримиз йўқ. Буғдой экиш учун гектаримиз йўқ. Бозорда ўтириб савдо қилиб, ҳар кун топганимизни ҳар кун еймиз. Хай энди нима қиламиз, ризқимизга яраша. Энди бу ёғи Оллоҳнинг айтгани бўлади, биз нима қила оламиз. Мана қаранг, бир ерни сув ювиб кетаяпти, бир ер ёниб кул бўлаяпти, - дейди Ҳисор туманлик Адолатхон ая.

Шаҳар марказидаги уйларнинг бирида яшаётган Мавжудахон ҳам кунлигини кунда сотиб олишини айтади. Аёл уч нафар балоғатга етмаган фарзанди билан ойликдан ойликкача зўрға яшаётгани учун ҳам захира йиға олмаслигини айтади.

-Ойлигимиз ойлигимизга етмайди. Ҳеч нарса захирамиз йўқ. Ейдиган овқатимизга етмайдию. 240 сомоний ( 53 доллар таҳр,.) ойлик оламан, нима бўлади. Шаҳарда захира қила олмайсиз, ҳамма нарса пул.
Бирор ердан ёрдам бўлса, масалан, Россияда ишловчингиз бўлса, унда захира қилиш мумкин, - дейди шаҳар боғчаларининг бирида мураббийлик қилаётган Мавжудахон.

Аммо суҳбатдошларимиз орасида захира ғамлашга имкони бўлса-да, захира тўпламасликка қарор қилганлар ҳам бор экан.

- Худога шукур ризқни Парвардигор беради. Борига шукур қилиб ейиш керак. Эскидан мақол борки “Оч ўлмас, ҳовлиққан ўлар ”. Бу даъват ҳам шундай гапда. Тирикчилиги ўтиб турибди ҳамманинг, - дейди исмини айтмаган Турсунзода туманлик суҳбатдошимиз.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчилар эса Тожикистон бозорларида ун ва ун маҳсулотлари келгусида янада қимматлашиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

- Чунки, - дейди иқтисодчи Ҳожимуҳаммад Умаров, - мамлакатга буғдой импорти экспорт қилувчи давлатлар томонидан тўхтатилди. Ичкарида етиштирилган буғдой эса бу йил ҳар йилгидан мўл бўлганига қарамай, аҳоли эҳтиёжини қондирмаслиги мумкин.


Бунинг сабабларини изоҳлар экан, Умаров, аксарият оилалар кўп болали, боз устига аҳолининг тенг ярми қашшоқлик домида кун кечираётир деди.
XS
SM
MD
LG