Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:55

Душанбе дискоклубидаги портлаш энди "безорилик", дея баҳоланмоқда


"Дўсти" дискоклубида содир бўлган портлаш террорчилик хуружи бўлгани тахмин этилмоқда.
"Дўсти" дискоклубида содир бўлган портлаш террорчилик хуружи бўлгани тахмин этилмоқда.

Тожикистон пойтахтидаги “Дўсти” дискоклубида душанбага ўтар кечаси содир бўлган портлаш оқибатида, маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, 7 тагача киши тан жароҳати олган, 2 кишининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.


Душанбенинг Сино туманидаги “Дўсти” бозори яқинида жойлашган “Дўсти” дискоклуби биноси портлашдан жиддий зарар кўрмаган. Бинонинг ташқи кўринишидан тунда бу бинода портлаш рўй берганига ишониш қийин, чунки деворлари ҳам, дераза ойналари ҳам жойида.

Тунги портлаш Рамазон ойининг Лайлатул-қадр кечасига тўғри келди. Ҳодиса содир бўлган маҳаллада яшайдиган душанбеликларнинг кўпчилиги бу тунда бедор бўлганлари туфайли ҳақиқатан ҳам 6 сентябрга ўтар кечаси “Дўсти” бозори атрофидаги портлаш овозини эшитганини айтишди.

Улардан бири Алоуддин ота портлаш овозини воқеа жойидан 500 метрлар наридаги маҳалла масжидида эшитганини айтади.

- Масжидда бир неча нафар чол билан ўтирган эдик. Соат тахминан 12 лар эди. Бирдан нимадир портлади. Аввалига трансформатор деб ўйладик. Чоллардан бири эса: “Масжидга қўшни бўлган уйлардан бирининг дарвозаси қаттиқ ёпилди”, деди. Бомдод намозидан кейин билсак, “Дўсти” дискотекасида портлаш рўй берибди. Бир неча нафар жароҳат олиб, касалхонага олиб кетилган экан, дейди Алоуддин ота.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги дастлаб бу воқеа террорчилик хусусиятига эгалигини билдириб, мазкур ҳодиса Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан ўрганилаётгани баён қилган эди.

6 сентябр кунининг иккинчи ярмида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси тунги клубдаги портлаш "террорчилик эмас, безорилик" бўлганини маълум қилди. Тожикистон МХҚсига кўра, диско-клуб залида "пиротехник мосламадан тайёрланган ва катта кучга эга бўлмган портловчи мослама ҳаракатга келтирилган."

Расмийлар мазкур воқеага алоқадорликда гумон қилиниб, икки киши қўлга олинганини маълум қилди.

Мустақил таҳлилчилар эса, “Дўсти” дискоклубидаги портлашда ахлоқий ва сиёсий омиллар қоришиб кетганини айтишмоқда.

- Бу портлашнинг икки хусусияти бор. Биринчидан, “Дўсти” дискоклуби бошқа дискоклубларга қараганда халқ орасида салбий жиҳатлари билан танилган эди. Рамазон ойида ҳам бу клуб ўз фаолиятини тўхтатмагани айрим диний-экстремистик ташкилотлар тарафдорларининг ғашини келтирган бўлиши мумкин. Иккинчидан эса, Тожикистон ҳукумати ҳар гал Ислом билан боғлиқ барча масалаларга бир томонлама қараб, мусулмонлар диний эркинлигини поймол қилаётгани шундай ҳодисанинг рўй беришига туртки бўлган, деб ўйлайман, дейди сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.

Таҳлилчи фикрича, ҳукумат мамлакатда фуқароларнинг дин эркинлигини ҳурмат қилиши зарур.

Бошқа бир таҳлилчи Парвиз Муллажонов мулоҳазасича эса, бу ҳодиса шу йил 3 сентябрида Хўжандда рўй берган портлашнинг давомидир.

Унингча, бу портлашлар ортида Ал-Қоида ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати тарафдорлари турибди.

- Бу Тожикистондаги, қолаверса, Марказий Осиёдаги барқарорликни издан чиқариш учун қаратилган серияли портлашларнинг бир қисми, десам хато бўлмас. Бундай портлашлар яна кўплаб қайтарилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шуни назарга олган ҳолда, минтақа давлатлари бир ёқадан бош чиқариб, бу террорчи ташкилотларга қарши биргаликда курашиши учун вақт етган, дейди мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов.

Айтиш жоизки, Душанбедаги тунги портлаш Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими биноси ёнида 3 сентябр эрталаб худкушлик ҳужуми содир этилганидан икки кун ўтиб рўй берди.

Тожикистонда бир ойнинг ичида кетма-кет рўй берган портлашлар тожикистонликлар орасида турли шов-шувларга сабаб бўлаётгани кузатилади.
XS
SM
MD
LG