Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:13

Ўзбекистон "Тинчлик миссияси-2010"да қатнашмаяпти


Ҳарбий машқлар биринчи навбатда ШҲТнинг ташкилот сифатида аҳамиятини кўз-кўз қилишга қаратилган, дейди таҳлилчилар.
Ҳарбий машқлар биринчи навбатда ШҲТнинг ташкилот сифатида аҳамиятини кўз-кўз қилишга қаратилган, дейди таҳлилчилар.

Қозоғистонда ШҲТ доирасида қўшма ҳарбий машқлар бошланди. "Тинчлик миссияси-2010" машшқларида Ўзбекистон ҳарбийлари иштирок этмаяпти. Айни пайтда, Қўшма Штатлар Ўзбекистон куч ишлатар идораларини террорчиликка қарши кураш бўйича таёргарликдан ўтказиди.


Пайшанба куни бошланган “Тинчлик миссияси-2010” аксил террор машқларида Россия, Хитой ва Қозоғистондан мингтадан қўшин ҳамда Тожикистон ва Қирғизистондан юзлаб ҳарбийлар қатнашмоқда.

Бу ҳақда матбуотга маълум Россия пиёда қўшинлари расмийси Олег Юшковга кўра, “Ўзбекистон бу машқларда ҳеч қандай шаклда иштирок этмайди, Қозоғистонга на ўзбек ҳарбий бошлиқлари, на қўшинлари келди.” Бунда Ўзбекистонга ҳам ШҲТнинг бошқа аъзо давлатлари каби таклифнома юборилди, дея қўшимча қилди ҳарбий машқлар штабидаги Россия вакили.

ШҲТ қошидаги аксил-террор минтақавий тузилманинг бош қароргоҳи Тошкентда жойлашганига қарамасдан, Ўзбекистон ШҲТ доирасида ўтказилаётган аксил террор машқларини биринчи марта беписанд қолдираётгани йўқ. Ўтган ой Россиянинг Саратов вилоятида, ўтган йили эса Тожикистонда ШҲТ ўтказган машқларда ҳам Ўзбекистон ҳарбийлари қатнашмаган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон МДҲ мамлакатларининг ягона хавфсизлик тузилмаси ҳисобланмиш Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ўтказадиган ҳарбий машқлар, кейинги пайтларда эса, унинг йиғинларини эътиборсиз қолдириб келмоқда.

Қозоғистонда ўтказилаётган машқлар уч босқичдан иборат бўлиб, 17 кун давом этади.

Дастлаб Олма Отададаги радиоэлетроника ҳарбий-инженер инстиутида машқларнинг тайёргарлик босқичи ўтказилади. 24 сентябр куни эса, Жамбул вилоятидаги “Матибулоқ” полигонида машқларнинг ҳарбий босқичи бошланади.

Юзлаб ҳарбий машиналар, жанговар учқичлар ва минглаб қўшинлар иштирокидаги ҳарбий машқлар, таҳлилчилар фикрича, биринчи навбатда ШҲТнинг ташкилот сифатида аҳамиятини кўз-кўз қилишга қаратилган ва амалий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этмайди.

“Коммерсант” газетасининг халқаро шарҳловчиси Владимир Соловьёв “Ўзбекистоннинг ШҲТ ва КХШТ доирасида ўтказилаётган ҳарбий машқларда қатнашишга қизиқиш кўрсатмаётгани бир томондан бундай тадбирларнинг қанчалик аҳамиятсизлиги, иккинчи томондан мазкур тузилмалар ичидаги парокандаликдан дарак беради”, дея таъкидлади Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Айни пайтда, Американинг Ўзбекистондаги элчихонаси махсус операциялар бўйича АҚШ қўмондонлиги қошидаги қўшма махсус амалиётлар университети Ўзбекистон куч ишлатар идоралари вакилларини террорчиликка қарши кураш бўйича тайёргарликдан ўтказишга доир лойиҳани якунлаганини маълум қилди.

Ўзбекистон Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари ва Бош прокуратурасининг 15 ходими иштирок этган курсларда америкалик мутахассислар интерактив маърузалар ўқиди ва амалий машғулотлар ўтказди, дейди Озодлик билан суҳбатда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати раҳбари Молли Стивенсен.

- Бу бир ҳафталик тренинг курсларини Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда ўтказдик. Мазкур курсларда Ўзбекистон Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари ва Бош прокуратурасининг 15 га яқин юқори ва ўрта даражадаги расмийлари иштирок этди. Лойиҳа бу идоралар ўртасида террорчиликка қарши кураш бўйича ҳаракатларни самарали тарзда мувофиқлаштиришларига ёрдам беришга қаратилган эди. Бундан кўзланган асосий мақсад, ҳам Қўшма Штатлар, ҳам Ўзбекистон учун муҳим бўлган масала – глобал террорчиликка қарши кураш самарасини оширидир, дейди АҚШ элчихонаси расмийси.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида бундай лойиҳа амалга оширилган бирнчи давлатдир, дея қўшимча қилди АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати раҳбари Молли Стивенсен.
XS
SM
MD
LG