Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:11

Қирғиз-тожик чегараси ёпилди


Қирғизистон-Тожикистон чегарсидаги ўтиш пунктларининг барчаси ёпилди.
Қирғизистон-Тожикистон чегарсидаги ўтиш пунктларининг барчаси ёпилди.

Қирғиз расмийлари Тожикистон билан чегаранинг ёпилганини мамлакатда беқарор вазият ҳукум сураётган бир пайтда, қўшни республиканинг Рашт туманида ҳукумат кучлари билан тўқнашган қуролли гуруҳ Қирғизистон ҳудудига ўтишга ҳаракат қилиши мумкинлигига оид хавотирлар билан изоҳламоқда.


Қирғизистон Чегара хизмати раиси ўринбосари Чўлпўнбек Турусбековнинг айтишича, тожик-қирғиз чегарасидаги ўтказиш пунктлари ёпилган ва чегара чизиғи бўйлаб кучайтирилган тартиб ўрнатилган. Бироқ Чегара хизмати расмийсининг айтишича, чегара чизиғидаги барча ҳудудларни назорат қилишга куч етарли эмас.

- Қирғизистон жанубига шимолий ҳудудлардан- Норин, Қоракўл, Толас ва Чуйдан махсус тайёргарликдан ўтказилган қисмларни жойлаштирдик. Тожик-қирғиз чегарасининг барча қисмида қаттиқ назорат ўрнатишга ҳаракат қилаяпмиз,- деди Чўлпўнбек Турусбеков.

Кўпчилик таҳлилчилар Қирғизистон ҳуқуқ –тартибот тузилмаларининг мамлакат ҳудудига ўтишга ҳаркат қиладиган қуролли гуруҳларга бас келадиган даражада тайёргарлиги мавжудлигига шубҳа билан қарайдилар.

Чунки 2006 йилнинг апрел-май ойларида Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги қамоқхонадан қочган 12 кишидан иборат қуролли гуруҳ Қирғизистон ҳудудига кириб келган эди. Ўша йили Жалолободда ҳам террорчи ташкилотга мансублиги айтилаётган гуруҳ пайдо бўлиб қолган эди. Қирғиз махсус хизматлари бу гуруҳларни қўлга олиш учун ўтказган амалиёт бир неча кунга чўзилган ҳамда ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидаги жанговор тайёргарликнинг сустлиги туфайли кўп қурбонлар берилган эди.

Хавфсизлик масалалари бўйича мутахассис, Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ раҳбарларидан бири Артур Медетбековнинг айтишича, Ўш воқеларидан сўнг қуролли кучлар янада заифлашган.

- Жанубдаги тартибсизликлар оқибатида чегараларни қўриқлашга ожизроқ бўлиб қолганмиз. Чунки асосий кучлар жанубий ҳудудни назорат қилиш учун ташланган, чегарада эса куч етишмайди. Иккинчидан, чегарани етарли даражада қўриқлашни ташкил этиш учун маблағ етишмовчилиги сезилмоқда. Айни пайтда қирғиз чегарачилари замонавий техник воситалар билан ҳам ўртамиёна даражада таъминланган. Чегарада техник воситаларнинг етишмаслиги ҳам мавжуд,- дейди Артур Медетбеков.

Мутахассиснинг айтишича, Рашт туманида пайдо бўлган қуролли гуруҳ вазиятдан фойдаланиб Қирғизистоннинг жанубий ҳудудига ўтиши ҳамда бу ерда радикал кайфиятдаги гуруҳлар ёки жиноий унсурлар билан бирикиб турли тартибсизликларни бошлаши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош ҳудудида жойлашган Боткен вилояти расмийси Тоштемир Эшалиев эса бундай таҳминларга асос йўқлигини айтади. Унга кўра, қўшимча кучларнинг чегарага жалб қилиниши ҳам тоғли ҳудудларда, яъни довон ва сўқмоқларда тўла назорат ўрнатиш иконини бермаяпти, бироқ чегаранинг асосий қисми қаттиқ назорат остида.

- Довонлар ҳозирги кунда ҳам очиқлигича қолмоқда. Бироқ Қирғизистон ҳудудига ўтиш мумкин бўлган бошқа йўллар ва сўқмоқлар тўла назорат остида. Бу йўл ва сўқмоқлардан қуролли гуруҳнинг Қирғизистон ҳудудига кириб келишидан хавфсирамаса ҳам бўлади, - деди Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳокимияти расмийси Тоштемир Эшалиев.
XS
SM
MD
LG