Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:40

Пахта нархи ошди, лекин деҳқонга бунинг нафи йўқ!


Жаҳон бозорида пахта нархининг кескин ошиб кетгани ўзбек деҳқонини хурсан қилгани йўқ.
Жаҳон бозорида пахта нархининг кескин ошиб кетгани ўзбек деҳқонини хурсан қилгани йўқ.

Пахта нархи йил бошидан буён 62 фоизга ошди. Айни пайтда жаҳон бозорида бир фунт (454 грамм) пахта толаси 1,02 долларга сотилмоқда. Пахта нархининг кўтарилгани бу йил Осиёда пахта ҳосили кам етиштирилиши билан изоҳланмоқда. Жаҳон бозорида пахта нархининг кўтарилганидан ўзбек деҳқонининг ҳам даромади ошадими?


Бир фунт (454 грамм) пахта толаси нархининг 1 АҚШ долларидан ошгани пахта савдоси тарихида иккинчи бор кузатилмоқда. Бу жаҳон бозорларида пахта хом ашёсининг етишмаслиги ва бу йил Осиёда пахта ҳосили кам бўлиши билан боғлиқ.

Вести.Ру ахборот агентлиги Америка пахта таъминотчилари ассоциацияси Президенти Жордан Лининг “АҚШдаги фуқаролик урушидан кейин иккинчи бор бир фунт пахта бир доллардан ошди”, деган баёнотидан иқтибос келтирди.

Пахта етиштиришда дунёда биринчи ўринда турадиган Хитойда йил серёмғир келди, дунёдаги пахта экспортининг 8 фоизини берадиган Покистонда пахта майдонларини сел ювиб кетди, Ҳиндистон эса ҳали пахта экспортига қўйган чекловини бекор қилгани йўқ. Ана шу сабабларга кўра, экспертлар бу йил дунёда пахта дефицити 2 миллион тоннага етиши ва ҳар тонна пахта толасининг нархи 2,8-3 минг долларгача кўтарилиши мумкинлигини башорат қилмоқда.

Осиёдаги пахта етиштирувчи бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, бу йил Ўзбекистонда пахта ҳосили ҳар йилгидан анча яхши бўлди. Ўзбекистонлик деҳқонлар бу йил пахта йили бўлганлигини айтмоқдалар. Хўш, жаҳон бозоридаги пахта нархининг ошиши ўзбекистонлик деҳқонга наф келтирадими?

Бухоролик фермер Бобомурод Раззоқовнинг айтишича, пахта нархининг жаҳон бозорида ошгани ўзбек фермери учун ҳеч қандай наф келтирмайди, чунки Ўзбекистонда пахтани давлат деҳқондан сотиб олади ва ўзи истаган нархида экспорт қилади. Ўзбекистонда пахтани етиштиришга кетадиган харажат ва ҳукумат сотиб оладиган нархнинг ўртасида фарқ жуда кам бўлади, яъни фермер сотилган ҳосилдан келадиган даромаднинг бор-йўғи 10-15 фоиз миқдорида фойда кўриши мумкин, дейди суҳбатдошимиз.

- Агар ҳосил чўғи яхши бўлса, шартномани бажариб билсак, Худо хоҳласа, 10 фоизларни ташкил қилади. Дейлик, 100 миллион харажат қилиб қўйган бўлсак, 10 миллион фойда кўришимиз мумкин. 85-90 фоизини сарф-харажат эгаллайдида, дейди Бобомурод Раззоқов.

Фермер айтганларини мисоллар билан изоҳлашга ҳаракат қилади:

- Агар давлат ҳозир ҳар тонна пахтани деҳқондан ўртача 600 минг сўмдан сотиб олаётган бўлса, демак уч тонна пахтанинг нархи ўртача 1 миллион 800 минг сўм бўлади. Уч тонна пахтадан бир тонна тола чиқади. Бу расмий курсда 1100 доллар атрофида бўлади. Жаҳон бозоридаги бугунги нарх эса 2000 доллардан ортиқ,- дейди Бобомурод Раззоқов.

Қорқалпоғистонлик фермер Қубай Ортиқов бугун деҳқон етиштираётган пахтадан тушадиган даромаднинг асосий қисми давлат ҳисобига ўтиб кетяпти, дейди.

- Давлат биздан биринчи сорт пахтани 640 минг сўмдан, иккинчи сортни 600 минг сўмдан сотиб оляпти. Деҳқон айни пайтда пахта реал баҳосининг 50 фоизини олаяпти. Қолган 50 фоизи хлопкопромга қолаяпти. Чиновникларга қолаяптида. Деҳқоннинг манглай тери пахта етиштиришга кетаяпти, ҳузурини эса бошқалар кўраяпти. Иккинчидан, олибсотарлар, пахтага квота олиб, чет давлатларга сотадиган ташкилотлар. Деҳқоннинг меҳнати ҳузурини шулар кўраяпти,- дейди Қубай Ортиқов.

Бугун деҳқон пахта етиштиришдан деярли фойда кўрмайди, кузда хирмон кўтарилганда фойда ва харажат учма уч бўлиб чиқяпти, дея давом этади Қубай оға.

- Мана минерал ўғитнинг баҳоси ўртача ҳисоблаганда, тоннаси 300 минг сўм. Солярканинг бир литри 1200 сўм. Янги техника олиш қанча эканини биласизми? Битта култиваторли трактор 27 миллион туради. Ҳисоб-китоб қилинг амортизацияси қанча бўлади унинг. Яна давлатга тўлайдиган солиқ юки жуда оғир. Ойликка деб олган ҳар 1000 сўмимизга 450 сўмдан солиқ тўлаяпмиз. Биласизми фермер қанча солиқ тўлайди? 16 хил солиқ тўлайди. Ягона солиқ системасини барпо қилганимиз қаëқда қолди, бу солиқлар қаëққа кетди?

Юртбошимизнинг нияти тузук. Солиқ юкини камайтириш, деҳқончиликда бир нима бўлсин дейди. Жуда катта ëрдамлар берилди кадастр бўйича, бошқа бўйича. Масалан, бизнинг туманнинг ўзида фермерларга 2 миллиард ëрдам берилди ўтган йили. Лекин натижаси қаëқда бунинг? Натижаси исроф бўлган дизтопливо, исроф бўлган ўғитларнинг қарзини ëпдикда, икки бармоғимизни бурнимизга тиқиб қолавердик,- дейди қорақалпоғистонлик фермер Қубай Ортиқов.

Бухоролик фермер Бобомурод Раззоқовга кўра, ўзбекистонлик фермер токи чин маънода ҳокимиятдан мустақил бўлмас экан, жаҳон бозорида пахта нархи қанча бўлишидан қатъий назар унинг бири икки бўлмайди.

- Асосланмаган харажатларга йўл қўйилаяпти фермерлар томонидан. Бунга фермерларни юқоридан туриб мажбур қилишаяпти. Шартномалар асосида фермерларни бошқариш керагу, лекин уларнинг устидан туриб назоратни кучайтириш, бошқарувни кучайтириш, уларга диктоват қилиб туриш, қачон экишни ўргатиш, қандай экишни ўргатиш, қайси техникадан фойдаланиш кераклигини ўргатиш, менимча, керак эмас. Мана шу нарсаларнинг ўзи фермер хўжаликларини ҳолдан тойдиради.

Мана ҳозир пахта терими даврини олайлик. Пахта терими даврида ҳам худди шундай система ишлаб турибди. Дефоляция қиласан ва ҳоказо. Давлат ҳеч қачон бу харажатларни қоплаб бермайди. Бу харажатларнинг ҳаммасини ўзимизнинг ишлаб чиқаришимиз орқали қоплашимиз керак. Бу нарса ҳеч қачон ўйланмайди. Фақат битта нарса – ўзингни ўлдир, планни тўлдир. Совет давлати, совет системасидан қолган бу шиор ҳозирги пайтда жуда амал қилишни бошлаган. Олдинги пайтда бунчалик эмас эди. Ҳар бир фермер назорат қилинади. Ички ишлар, прокуратура, ҳокимиятнинг барча структуралари фақат фермерни назорат қилишга ўтдида. Худди жамиятда, ижтимоий ҳаëтда уларда фермердан бошқа бир муаммо йўқдай тасаввур ҳосил бўлаяпти,- дейди бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов.
XS
SM
MD
LG