Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:18

Қийноққа қарши сукут


Ўзбекистонда қийноқларни ўз бошидан ўтказган Санжар Умаров қийноқлар муаммосининг ечими сифатида, сўроқ ўтказиладиган камераларга видео-камералар ўрнатишни таклиф қилди.
Ўзбекистонда қийноқларни ўз бошидан ўтказган Санжар Умаров қийноқлар муаммосининг ечими сифатида, сўроқ ўтказиладиган камераларга видео-камералар ўрнатишни таклиф қилди.

Санжар Умаров озодликка чиққанидан бери биринчи интервьюни New York Times газетасига берди. Суҳбат асосида тайёрланган мақолада “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси асосичиси Ўзбекистондаги қийноқлар, давлат сиёсати эмас, балки қамоқ назоратчиларининг шахсий ташаббуси билан қўлланади, деган фикрни илгари суради.


“Қийноқдан омон қолган ўзбек тутқуни унга (қийноққа) қарши сукут билан курашмоқчи” номли мақола Санжар Умаровнинг тўрт йил давомида ўзбек қамоқхонасида бир кишилик камерада бошдан кечирган кўргиликларининг қисқача ҳикояси билан бошланади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари жаҳондаги энг репрессив режимлардан бири, деб тасниф берувчи “Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилувчилар бўлса, жаноб Умаров уларнинг сардори бўлиши керак эди. Бу суҳбат унинг учун имконият эди”, дея хулоса қилади New York Times мухбири Си Жей Чиверс.

Лекин, жаноб Умаров Ўзбекистонга нисбатан гинаси йўқлиги ва ҳатто қамоқхонада бўғиқ бўлиб қолган овози тикланганда ҳам кескин айбловларни хитоб қилишни истамаслигини айтади, дейилади мақолада.

Санжар Умаров инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳужжатлаштирганидек, Ўзбекистонда қийноқлар ҳукумат расмийлари кўрсатмаларига кўра қўлланади, деган хулосаларни инкор қилиб, қийноқлар қамоқхона назоратчилари хоҳиш-истаги билан қўлланади, деган фикрни илгари суради.

“Назоратчиларнинг ҳаммаси ҳам ёмон, демоқчимасман. Уларнинг орасида яхшилари ҳам, ёмонлари ҳам бор. Қамоқхона тизимининг ношаффофлиги боис ёмонлари ўз лавозимларини суиистеъмол қилади”, дея таъкидлайди “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси асосчиси.

Ўтган йили Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси аралашуви билан озод қилинган Санжар Умаровнинг бу фикрлари Human Rights Watch, Amnesty International ва кўплаб халқаро ҳамда маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлар шу пайтгача айтиб келган ўзбек қамоқларидаги қийноқлар систематик тус олган, деган хулосаларини инкор қилади.

Бу хулосаларни 2002 йилда Ўзбекистонга бориб вазиятни бевосита ўрганган БМТнинг ўша пайтдаги қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен ўз ҳисоботида қайд этган эди.

Ўзбекистонга сафаридан кўп ўтмай Озодликка берган интервьюсида жаноб ван Бовен, жазони ижро этиш муассасаларидаги қийноқлардан Ўзбекистон ҳукумати, жумладан, шахсан президент Ислом Каримовнинг хабардорлигига шубҳа қилмаслигини айтган эди.

- Биласизми, унинг, яъни Каримовнинг бу ҳақда хабари бўлиши керак. Давлат раҳбари бўла туриб бу нарсалардан хабарим йўқ, деб ўзингизни гўлликка сололмайсиз. Чилининг собиқ диктатори Пиночет ҳам қамоқларда қийноқлар борлигидан бехабарман деганлардан бири эди. Лекин кейинчалик унинг қамоқларда рўй бераётган бедодликлардан хабари бўлгани, чунки ўзининг хавфсизлик хизмати бошлиғи билан ҳар куни гаплашиб, вазиятдан бохабар бўлиб тургани аниқланган эди. Президент Каримов ҳам қийноқлардан хабари борлиги шубҳасиздир ва бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилиши керак, деган эди 2003 йилда Тео ван Бовен Озодлик билан суҳбатда.

Санжар Умаров каби Ўзбекистон қамоқхонасида ўтириб чиққан, лекин ундан фарқли ўлароқ, АҚШ элчисининг мурувватидан фойдалана олмаган Муҳаммадсолиҳ Абутов “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси асосчисининг қийноқлар давлат сиёсати эмас, деган фикрларини соддадилликка йўяди.

- Бир суткада 24 соат бўлса, 24 соатга тегишли бўлган ҳамма, дейлик жисмоний бўлсин, маънавий томонлама, ҳамма томонлама қийноқ турлари ишлаб чиқилди, ўйлаб чиқилди ва бутун муассаса маъмурияти шунга сафарбар қилинди. У одам бекорларни айтибди. Тўғри гап эмас у гап. Бундай фикрлаш жуда содда фикрлаш бўлади. Бу ҳаммаси тепадан бажарилган. Асосан СНБнинг ўзи турибди тепасида. Шулар тарафидан қилинаëтган давлат сиëсати бу. Бундан бошқача тушунишлик соддалик бўлади, дейди Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Қийноқларни ўз танасида синаган собиқ маҳбус Муҳаммадсолиҳ Абутов ҳам қийноқлар учун шахсан давлат раҳбари масъул эканига шубҳа қилмайди.

- Мен бунга аминман. Буни шахсан ўзининг раҳбарлигида, ўзининг талаби билан бўлаëтганлигига аминман. Шундай деб тушунаман. Чунки унинг 20 йилдан бери хабари бўлмаслиги мумкин эмас. Унинг шу пайтгача тутган, юритган сиëсати, қайсидир сессияларда туриб гапирганлиги, диндорларга нисбатан гаплари, турмада ўтириб бизлар буни кўрар эдик, кузатиб келар эдик. Унинг сессияда айтилган гаплари оҳангидан биз зонадаги погода қайси тарафга ўзгаришини билар эдик. У ерда айтилган гапнинг бир ҳафтадан кейин зонада таъсири бўлар эди. Натижасини кўрар эдик, дейди собиқ маҳбус Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Озодликка чиққанидан бери биринчи интервьюсида Санжар Умаров, ўзининг озод этилганини Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар рўй бериши мумкинлигига ишора сифатида кўришини айтади.

Суҳбат асосида ҳосил бўлган “Қийноқдан омон қолган ўзбек тутқуни унга (қийноққа) қарши сукут билан курашмоқчи” номли мақолада “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси асосчиси Ўзбекистонда қийноқлар муаммосини ҳал этишнинг йўлларидан бири ўлароқ, сўроқ ўтказиладиган камераларга видео-камералар ўрнатишни таклиф қилади.
XS
SM
MD
LG