Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:20

Қирғизистондаги сайловлар: бир газ сайлов қоғози муаммо туғдирмоқда


Қирғизистонда ўтаётган бу галги парламент сайлови аввалгиларидан уч жиҳати билан фарқланади. Биринчиси: қирғизистонликларнинг постсовет ҳудудида биринчи бўлиб янги бошқарув тизими - Парламент республикаси учун овоз бераётгани; иккинчиси: сайловда 29 сиёсий партиянинг иштирок этаётгани; учинчи эса овоз бериш варақчасининг узунлиги 70 сантиметрни ташкил этгани.

Қирғизистонда ўтаётган бу галги парламент сайлови аввалгиларидан 2 жиҳати билан фарқланади. Биринчиси: сайловда 29 сиёсий партиянинг иштирок этаётгани, иккинчи эса овоз бериш варақчасининг узунлиги 70 сантиметрни ташкил этгани.

Кўпчилик маҳаллий кузатувчилар мафкураси турлича бўлган 29 сиёсий партиянинг сайловда иштирок этиши овоз бериш жараёнида турли муаммоларни, партиялараро низоларни келтириб чиқаради ва бу мамлакатдаги вазиятни янада беқарорлаштиради, деган нуқтаи назарни билдирган эдилар. Бироқ ҳозирча овоз бериш жараёнида бундай муаммолар ва тартибсизликлар кузатилганича йўқ. Аммо овоз бериш варақчалари анчагина муаммони туғдирди. Узунлиги 70 сантиметрни ташкил қилган овоз бериш варақчалари сайлов қутиларининг жуда тез тўлиб қолишига сабаб бўлмоқда. Маълумотларга қараганда, сайлов участкаларига янги қутиларни олиб келиш эса анча кечикаяпти.

Бундан ташқари, овоз бериш жараёнида айрим ҳудудларда майда қонунбузарликлар юз бераётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Бироқ ЕХҲТ кузатувчилар гуруҳи раҳбари Мортен Хогланднинг айтишича, умуман олганда, Қирғизистон ҳукумати сайловнинг адолатли ва демократик ўтказилишини таъминлаган.

Президент Роза Ўтунбаева ҳам 10 октябр куни овоз берар экан, бу галги сайловлар холис бўлишини таъкидлади:

- Қирғизистонда 1993 йилда ва ўша йили қабул қилинган Конституцияда демократия худди бугунгидек кучли эди. Биз 1993 йилга, яъни демократияга қайтаяпмиз, - деди Роза Ўтунбаева.

Президент журналистларнинг “Қирғизистондаги айрим сиёсий партиялар раҳбарлари сайлов арафасида Дмитрий Медведев, Владимир Путин ва Нурсултон Назарбоев томонидан қабул қилинганини қандай баҳолайсиз? Бу Қирғизистондаги сайловларга таъсир кўрсатиш ҳаракати эмасми? “қабилидаги саволларига ҳам жавоб берди:

- Агар бугун биз ўзбеклар билан жанжаллашаётган бўлсак, ким билади, балки эртага бошқа бир миллат билан жанжаллашиб қолишимиз мумкин. Менимча, сиёсий партиялар буни жуда яхши тушуниб қолишди. Шунинг учун сиёсий партиялар ўйин қоидаларини қабул қилишди ва мазкур учрашувлар улар зиммасига бўлиб ўтган воқелар қайтарилмаслиги учун катта масъулиятни юклади. Партиялар бу билан мамлакат ва мана шу мамлакатда яшаётган барча халқлар тақдири учун масъул эканликларини ҳис қилишди, - деди Роза Ўтунбаева.

Қирғизистонда овоз беришнинг расмий ва якуний натижалари одатда икки-уч кун оралиғида эълон қилинар эди. Аммо Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариевнинг айтишича, бу сафар якуний натижаларни эълон қилиш муддати узоқроққа чўзилиши мумкин.

- 29 партия сайловда иштирок этмоқда. Марказий сайлов комиссиясида ҳар бир партиянинг вакили кузатувчи бўлиб ўтирибди. Шунинг учун овоз бериш натижалари эълон қилиниши ортга сурилиши мумкин. Чунки ҳар бир партия вакили ўз партияси манфаатидан келиб чиқиб, натижаларни қайта текширишни талаб қилиши мумкин, - деди Ақилбек Сариев.

Сайловни кузатаётган бир қатор нодавлат ташкилотларига кўра, Қирғизистондаги 99 фоиз сайлов участкаларида овоз бериш жараёни қонунчиликка тўла амал қилинган ҳолда бошланган ҳамда тушдан кейинги соат 15.30 га қадар овоз бериш натижаларига таъсир эта олмайдиган 30 та кичик қонунбузарлик содир этилган.

Айтиб ўтиш лозимки, Қирғизистондаги сайлов жараёнини халқаро оммавий ахборот воситаларининг 175 нафар журналисти ҳам ёритиб бормоқда. Улардан бири даниялик Майкл Андерсон Ўш шаҳридаги овоз бериш жараёнини кузатмоқда.

- Ҳозир ўшлик ўзбеклар орасида сайлов масаласида икки хил нуқтаи назар бор. Ўзбек ёшлари бу сафар сайловда фаол иштирок этишмайди, деб ўйлайман. Улар ҳукуматга ҳам, сайлов тизимига ҳам ишончини йўқотишган. Катта ёшдаги ўзбеклар эса асосан тартиб ва қаттиққўллик ҳақида гапираётган партияларни қўллашларини билдирмоқдалар. Бунда Россия телеканалларининг таъсири катта бўлди, деб ўйлайман. Чунки ўзбеклар ахборотни қирғиз оммавий ахборот воситаларидан ололмай қолди. Ўшдаги ўзбек телеканаллари ёпилган. Давлат телеканаллари эса, юмшоқроқ қилиб айтганда, асосан қирғизларга ён босадиган бир тарафлама ахборотни тарқатмоқда, - дейди Майкл Андерсон.

Қирғизистонда овоз бериш жараёни соат 20.00 гача давом этади. Сайлов натижалари эса бир неча кундан сўнг эълон қилинади. 120 ўринли парламентда кўпчиликни ташкил қилган сиёсий партия ҳукуматни шакллантиради.

Шу йилнинг 27 июлида қабул қилинган янги Конституцияда Қирғизистон парламент республикаси сифатида эълон қилинган.
XS
SM
MD
LG