Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:18

Муҳожирлар оғир жиноятга қўл урмоқдами?


Муҳожирни душман қиёфасида тасвирламанг, дейди Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский.
Муҳожирни душман қиёфасида тасвирламанг, дейди Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский.

Россия расмийлари кейинги пайтларда мамлакатдаги муҳожирлар содир этаётган оғир жиноятлар сони ортиб бораётганини айтмоқда. Мутаҳассислар эса, муҳожирлар содир этаётган жиноятлар сони бўрттириб кўрсатилаётгани ва бунга маҳаллий органларда коррупциянинг авж олаётгани сабабчидир.

Москва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, милиция генерал-лейтенанти Владимир Колокольцев “Комсомольская правда”га берган интервьюсида Россиянинг йирик шаҳарларида чет-эллик фуқаролар содир этаётган оғир жиноятлар сони ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг айтишича, Россияда содир этилаётгани оғир жиноятларнинг 70 фоизини чет-элликлар содир этмоқда. “Шаҳримизда, хусусан, жинсий зўрлаш билан боғлиқ жиноятлар сони жиддий тарзда, 79 фоизга ортган! Бу жиноятларни содир этаётганлар шу ерда яшаб, ишлаётган ва ўз физиологик эҳтиёжларини шу йўл билан қондираётган гастарбайтерлардир”, деди Москва милицияси бошлиғи.

Москва шаҳар Жанубий округ милиция бўлимининг участка нозири Антон Власов Озодлик билан суҳбатда ўз бошлиғи фикрини тасдиқлар экан, сўнгги пайтларда ишсиз қолган меҳнат муҳожирлари оғир жиноятлар, жумладан талон-тарож, зўрлаш, қотиллик, накотик савдоси билан боғлиқ жиноятларга қўл ураётганини таъкидлади.

- Кунда келаётган маълумотга кўра, чет эл фуқаролари томонидан содир этилаётган жуда катта миқдордаги жиноятлар қайдга олинмоқда. Бу жиноятларнинг аксарияти ҳеч қаерда қайддан ўтмаган ёки Россияда ноқонуний равишда яшаб келаётган шахслар томонидан амалга оширилмоқда, дейди участка нозири Власов.

Россия Ички ишлар вазирининг биринчи муовини милиция генерал-полковниги Михаил Суходольский ўтган йили меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилган жиноятлар миқдори 15 фоизга кўпайганини маълум қилган.

Бироқ Россия федерал миграция хизмати чет эл фуқаролари содир этаётган жиноятлар сонига оид ўзгача маълумотларни бермоқда.

Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский шу йилнинг август ойида маҳаллий матбуотда қилган чиқишида Россияда содир этилган жиноятларнинг атиги 4 фоизи меҳнат муҳожирларига тўғри келишини таъкидлаган эди.

- Муҳожирни душман қиёфасида тасвирламанг! У душман эмас, у Инсон! Унинг мақсади ўғирлаш эмас, ишлаш, унинг мақсади ўлдириш эмас, ишлаш!, деган эди ФМС раҳбари.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти раиси Светлана Ганнушкина Россияда меҳнат муҳожирлари орасида жиноятчилик кўрсаткичининг ошиб бораётганини маҳаллий органларнинг коррупциялашиб бораётгани билан боғлайди.

- Бизда коррупция чуқур илдиз отиб бормоқда, хусусан, меҳнат миграцияси соҳасида ҳам коррупциянинг авж олиб бораётганини кўриш мумкин. Бу кўринишнинг илдизи амалдаги қонунлардадир. Бизда квоталарни қанчалик камайтирсак, Россияда ички меҳнат бозорини шунчалик ҳимоя қиламиз ва россияликлар бу иш жойларини эгаллашади, деган фикр сингдирилмоқда. Аслида эса, масала бошқача қўйилиши лозим: меҳнат муҳожири қонуний ишлай оладими ёки йўқми? Асосий савол шунда! Яъни, квоталар қисқаргани билан меҳнат муҳожирлари сони камаймайди, дейди Светлана Ганнушкина.

Ўзбекистондаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов Россияга мардикорликка кетган меҳнат муҳожирлари энг ҳуқуқсиз қатламга айланиб қолди, дейди. Милиция ходимларининг бедодлиги туфайли улар энг оғир жиноятларда айбланиб ўзоқ муддатларга қамалмоқда, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

- Охирги пайтларда Ўзбекистон фуқаролари асосан Россияда катта муаммоларга дучор бўлишмоқда. Уларни адолатсиз равишда қамалишлари, бедарак йўқолишлари, умуман улар тўғрисида бирор бир хабар олиш муаммога айланиб кетган. Бугунги кунда манга май ойидан Қорақалпоғистон, Хоразм вилоятлари бўйича 115 фуқаро мурожаат қилган. Буларнинг 25 яқини қамалган, бошқалари бедарак йўқолган. Бизга, нафақат Хоразм ва Қорақалпоғистон, балки Самарқанд, Бухоро ва бошқа вилоятлардан ҳам шунақа мурожаатлар бўлган. Ҳозирги даврда эса бунинг статистикасини юритадиган нафақат Ўзбекистонда, Россиянинг ўзида ҳам манба йиғадиган ташкилот ёки идора йўқ. Россияда одам савдоси авж олган! Мана шу одам савдосини қўллаб-қувватлайдиган идоралар бор, деб ўйлайман, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Россияда ўзбекистонликларнинг бедарак йўқолишига ёки бир неча йилдан кейин дараги қамоқхонадан чиқишига оид ҳоллар ҳам кўпайиб бораётганини айтади. Унинг фикрича, бу муаммо учн ҳам Ўзбекистон, ҳам Россия давлат органлари бевосита масъулдир.

- Ишчи мигрантларнинг йўқолиши масаласида бир нарса айтмоқчиман... Одамлар айнан қўлига маош олган ҳамда Ўзбекистонга қараб йўлга чиққан куни улар билан бирор ҳодиса юз беряпти. Масалан, Хива туманидан Жуманиёзов Алишер 2008 йилда Санкт-Петербург шаҳрига ишга кетади. 22 ноябр куни отасига телефон қилади “Ота, ман қўлимга 2000 доллар пул олдим”. Уйдагилар хурсанд бўлиб ўтиришади, тўй қиламиз, озми-кўпми ўғлим пул ишлабди, деб. Лекин 23 ноябр куни ўша йигит милиция томонидаy қўлга олинади. Ҳозир у қотилликда гумон қилиниб 8 йилга қамалган. Ҳеч ким билмайди. Унга ҳимоячи, таржимон тайинланганми... Ўзбекистон давлатии томонидан ҳам ҳеч ким қизиқмаган у билан. Унинг бедарак йўқолишига ҳуқуқ-тартибот органларига илтимоснома, аризалар берилган. Лекин бирор-бир ариза йўқки, ўша милиция томонидан топилган бўлсин, дейди “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов.
XS
SM
MD
LG