Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:30

Венесуэла Беларусга 30 миллион тонна нефт етказиб берадиган бўлди


Кузатувчиларга кўра, Венесуэла президенти Уго Чавес ташрифига Минскда жуда катта тайёргарлик кўрилган.
Кузатувчиларга кўра, Венесуэла президенти Уго Чавес ташрифига Минскда жуда катта тайёргарлик кўрилган.

Бу борадаги шартнома Венесуэла президенти Уго Чавеснинг Минскка ташрифи чоғида имзоланди ва маросимдан сўнг Чавес: “Беларус заводлари кейинги 200 йил ичида ёнилғига муҳтож бўлмайди”, деди. Айни пайтда томонлар келишув нарх-навоси ҳақидаги расмий маълумотлар ошкор қилингани йўқ.

Венесуэла президенти Уго Чавес 16 октябр куни Минскка борди ва президент Лукашенка билан учрашиб, Беларус заводларининг “кейинги 200 йиллик эҳтиёжини қоплайдиган” миқдорда нефт етказиб беришни ваъда қилди.

Кейинги пайтларда Москва нефтга экспорт солиғини оширганидан сўнг Минск Вэнесуэладан кўпроқ нефт олишга уринаётган эди. Шу боис Венесуэла президентининг бу ваъдаси Беларус раҳбарига жуда хуш ёқди.

Беларус президенти Александр Лукашенка бундай келишув учун Венесуэла президентига яқин дўст оҳангида миннатдорчилик билдирди.

- Қадрли Уго, шундай оғир дамда Беларус халқига кўрсатган мислсиз ёрдаминг учун яна бир карра миннатдорчлик билдираман. Хотирласанг керак, бир вақтлар сен менга: “Бизга суянишингиз мумкин” деган эдинг. Айни пайтда сиз венесуэлаликлар бизга қилган бу яхшилигингизни биз нимагаки қодир бўлсак — биз эса кўп ишларга қодирмиз — шу қодир бўлганимиз қадар қайтаришга тайёрмиз, - деди Беларус президенти.

Айни пайтда Чавес ҳам бундай сўзларга муносиб жавоб миннатдорчилигини билдирар экан, 2011 йилдан бошлаб, уч йил давомида Беларусга 30 миллион тонна нефт етказиб берилишини ваъда қилди.

Норасмий хабарларга кўра, келишувнинг умумий қиймати 19 миллиард 400 миллион доллар атрофида бўлиши мумкин.

Одатан, популистик чиқишлари билан танилган Чавес бу келишувдан кейин Украинага борадиган нефт билан бу давлат заводларининг кейинги 200 йиллик эҳтиёжини қоплаш мумкинлигини айтди.

Айни пайтда Чавеснинг бу ваъдаси жамоатчилик ёдига ёнилғи бобида Беларус ва Россия можаросини солмоқда.

Россия йиллар давомида Беларусга бозор нархидан арзонроқ нархда газ ва нефт етказиб бераётган эди. Кейинчалик Москва Россиядан имтиёзли нархда газ олаётган Минск эҳтиёжидан ортганини бозор нархида Европанинг бошқа давлатларига сотаётганидан норози бўлди.

Кейин эса кескин равишда июн ойидан Беларусга кетаётган газнинг маълум миқдорини қисқартирди. Бундан эса Беларус орқали Россиядан газ оладиган бошқа Европа давлатлари ҳам азият чекди.

Кейинчалик Россия Беларус билан бир муросага келиш ва бу билан Европа давлатларининг газ узилиб қолишидан туғилган ҳадигини туширишга уринди. Хусусан, Чавес ташрифи олдидан — 15 октябр куни Россия Бош вазири Владимир Путин “Газпром” ширкатига Беларус билан 2015 йилга қадар муддатга шартнома тузишга эришиш тўғрисида кўрсатма берган эди.

Минскда Лукашенка билан учрашган Венесуэла президенти айни пайтда Лукашенка декабрда бўладиган президентлик сайловида яна бир муддат қолиш учун ғалаба қозона олишига ишончи комил эканини ҳам айтиб ўтди.

- Декабр ойидаги сайловда сиз ғалаба қозонишингизга мутлақо ишончимиз комил. Биз буни нишонлашни ҳозирданоқ бошлашимиз мумкин. Зеро, Беларус ҳозир бораётган йўлини давом эттириши керак, назаримизда, - деди Уго Чавес.

Чавес Беларусга Москва сафаридан сўнг келди. Бундан кейин у Украина, Эрон ва Сурияга боради.

XS
SM
MD
LG