Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:00

Орол фожеаси тан олинганига 20 йил бўлди


Фазодан олинган расм: чапда Орол денгизининг 2006 йилдаги сатҳи, ўнгда унинг 2009 йилдаги аҳволи.
Фазодан олинган расм: чапда Орол денгизининг 2006 йилдаги сатҳи, ўнгда унинг 2009 йилдаги аҳволи.

Бундан 20 йил муқаддам - 1990 йилнинг 22 октябрида уч инглиз олими Орол денгизига қилган илмий экспедициясидан Британияга қайтган ва ўзларининг "Орол денгизи унинг атрофидаги минтақа дунёдаги энг аянчли экологик ҳалокатни бошидан кечирмоқда", деган хулосасини эълон қилган эди.


Ўша йили СССР Олий Совети ҳам Оролбўйи минтақасини Экологик ҳалокат зонаси, деб тан олганди.

Орол муаммолари билан Қайта қуриш даври ва Ўзбекистоннинг мустақиллигининг дастлабки йилларида шуғулланганлар ҳам, бу муаммо ечими устида бугун ишлаётган мутахассислар ҳам ўтган 20 йил ичида ҳалокат оқибатларини бартараф этиш ва Оролни қутқариш бўйича муайян ишлар амалга оширилганини эътироф этадилар.

Бироқ истиқболда қилиниши керак ишлар ҳам кўп.


Орол денгизи мавзуи сўнгги 20 йил ичида ўз долзарблигини йўқотмади. Бу муаммонинг борлигини ҳар бир ўзбекистонлик билади.

Шундай эса-да, ҳалокат кўламини яна бир бор эсингизга солиб қўймоқчимиз.

Хоразмлик таниқли врач Суҳбат Абдуллаев 90-йиллар бошида адабиётшунос олим Пирмат Шермуҳамедов етакчилигидаги Оролни сақлаш қўмитаси эксперти сифатида Оролбўйидаги аҳволни ўрганган эди.

- Орол муаммоси билан жуда кўпчилик соҳа мутахассислари бутун дунëда шуғулланган. Шу жиҳатдан мен ҳам кўпроқ уни тиббиëт соҳаси бўйича шуғулланганман.

Озодлик: Ўша шуғулланишингиз қанақа бўлган? Илмий асосда шуғулланганмисиз ëки ҳаваскор публицист сифатида шуғулланганмисиз?

- Мен профессионал жиҳатдан шуғулланганман. Ўша пайтлари биз бориб сувнинг шўрланишидан, ҳайвонот дунëсининг қирилиб кетишидан, қум барханларининг пайдо бўлишидан, тузларнинг Орол тубидан учиб кетиб ҳатто Антарктидада топилишидан, бошқа ҳаммасини биз илмий асосда ўрганиб, илмий асосда шарҳлаб, илмий асосда ўз прогнозларимизни ўша пайтда берганмиз. Мен ўша гуруҳда бўлганман, дейди Суҳбат Абдуллаев.

Оролни сақлаш қўмитаси ташаббуси билан Суҳбат Абдуллаев ва бошқа мутахассислар ўтказган тадқиқотлар натижалари ўта аянчли эди.

Орол денгизининг қуриши оқибатида, дейди суҳбатдошимиз,

- Онкологик касалликлар беш баробар ошганлигини, қандли диабет ва асаб касалликлари саккиз баробар ошганлигини, яна бошқа-бошқа касалликларнинг ошганлигини биз бевосита мисол асосида шу пайтда исботлаб бергандик.

Озодлик: Нимага нисбатан?

- 1000 одамга нисбатан.

Озодлик: Республикадаги ўртача кўрсаткичдан беш баробар кўп-а?

- Ҳа. Бу жуда катта глобал бўҳрон эканлиги алоҳида қайд қилинган эди, дейди хоразмлик врач Суҳбат Абдуллаев.

Орол денгизи ва унинг атрофидаги минтақа дунёдаги энг аянчли экологик ҳалокатни бошидан кечираётганлиги жаҳон миқёсида ҳам собиқ Совет Иттифоқи миқёсида тан олинганидан буён 20 йил ўтибди ҳамки, муаммо ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов жорий ой бошида Қорақалпоғистонга қилган амалий сафари давомида бундай деган эди.

“Орол билан Қорақалпоғистоннинг тақдири бир. Орол учун курашсак, бизлар Қорақалпоғистон учун курашгандай бўламиз. Бу миллион-миллион одамларнинг тақдири деган гап. Бу шунақа бир муаммо”, деган эди Ислом Каримов.

Демак, Орол учун кураш шу кунда ҳам давом этмоқда.

Ўша курашда эришилган ғалабалар ва балки мағлубиятлар тўғрисида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси мутасаддилари билан гаплашдик.

Жамғарма раҳбари ўринбосари Демесин Нурмағанбетовнинг айтишича, сўнгги 20 йил ичида Орол денгизининг аҳволи ўнгланиб қолгани йўқ, чунки сувнинг озайиши тўхтагани йўқ.

- Бироқ, Оролбўйи минтақасидаги аҳоли фаровонлиги минтақадаги мамлакатлар иқтисодиёти ўсиши ҳисобига яхшиланиб бормоқда, дейди жаноб Нурмағанбетов.

Жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Усмон Бўронов ҳам Озодлик саволларига жавоб берди.

Унинг маълум қилишича,

- Ўтган йили Орол денгизи суви 100 куб километрча озайиб кетди. Сув шу қадар шўрлашганки, кўлда балиқчилик қилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, дейди Усмон Бўронов.

Усмон Бўроновнинг айтишича, у киши вакили бўлган Жамғарма Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда Оролбўйи минтақаси экологияси, минтақа аҳолиси аҳволини яхшилаш юзасидан қатор ишларни амалга оширмоқда.

Жумладан, дейди Усмон Бўронов, Амударё дельтасида сув ҳавзалари тармоғини яратаяпмиз-ки, бу тармоқ Орол денгизидан кўтарилаётган заҳарли тузлар олдига қўйилган тўсиқ ролини бажаради.

- Бундан ташқари, заҳарли қумлар кўчкисини тўхтатиш учун шу минтақага хос буталарни кўчираяпмиз, яшил зона ҳосил қилаяпмиз, дейди Усмон Бўронов.

Умуман, суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси минтақада кўплаб ишларни амалга оширмоқда.

Ҳукумат Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожоанишига катта эътибор қаратмоқда, кўплаб мактаб ва лицейлар, қишлоқ тиббиёт пунктлари қурмоқда, минтақадаги аҳоли пунктларини ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлаш соҳасида сезиларли ишлар қилинди, деди Усмон Бўронов.

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ўзбекистондаги вакилининг бу гапларини Ўзбекистон ҳукуматини ҳадеб мақтайвермайдиган хоразмлик врач Суҳбат Абдуллаев ҳам эътироф этди.

Озодлик: Бугунги аҳвол ҳақида нима дея оласиз? Мана 20 йилда у ëки бу тарзда Оролни қутқаришга ҳаракат қилинди. Бир нарса ўзгардими ўзгармадими?

- Гап шундаки, бугунги кунда ижтимоий жиҳатдан баъзи бир нарсалар қилинди. Мисол учун ичимлик суви масаласи Хоразм, Қорақалпоғистон ҳудудига водопровод шаклида тортиш масалалари бўлди. Қорақалпоғистон региони учун ойлик маошларни кўтариш масаласини ҳал қилди. Оролнинг ўзига, Орол бўйи зоналарига тажрибали варачлардан, санъаткорлардан иборат поездлар ташкил қилинди. Шундай нарсалар қилиб турилди, дейди Суҳбат Абдуллаев.

Лекин, деб давом этади врач, бу ишларнинг барчаси Орол денгизи қуриши туфайли пайдо бўлган муаммоларни ечиш учун етарли эмас. Қолаверса, бу муаммолар ечимига битта мамлакат куч етмайди ҳам.

- Менинг ўйлашимча шундайки, Ўзбекистоннинг битта ўзининг саъй-ҳаракати билан Оролни қутқариш масаласини ҳал қилиб бўлмаслигига кўп одамнинг ақли етди шекилли. Бу биргина давлат доирасида бўладиган муаммо эмас шекилли. Буни жуда кўп мамлакатлар бирлашиб, шундай бир саъй-ҳаракатларни бошлашга олиб келадиган нарса эканлиги бугунги кунда очиқдан очиқ кўриниб қолди. Чунки бир мамлакат бу нарсани қила олмайди. Оролни қуритишда, мисол учун беш республика шу ҳудудда жойлашган бўлса, иккита дарë шу ердан оқиб ўтган бўлса, барча республикаларнинг Оролнинг қуришида жуда катта “ҳисса”лари бор, деди Суҳбат Абдуллаев.

Оролнинг қуришига, суҳбатдошимиз айтаётгандай, минтақадаги барча давлатлар "ҳисса" қўшган, лекин кўл икки қўшни мамлакат: Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бевосита "бош оғриғи"дир.

Бош қароргоҳи Қозоғистонда жойлашган Оролни қутқариш жамғармаси раҳбари ўринбосари Демесин Нурмағанбетовнинг айтишича, Орол масаласида халқаро ҳамжамият ҳам қараб тургани йўқ.

Нурмағанбетовнинг айтишича, жорий йил декабрида донор давлатлар халқаро анжумани ўтказилади.

- Форумда минтақанинг барча муаммолари, сув таъминоти муаммоларидан тортиб, ижтимоий-иқтисодий муаммоларигача муҳокама қилинади, деди Оролни қутқариш жамғармаси вакили.

“Казахстанская правда” газетасининг 22 октябр куни хабар қилишича, Орол муаммоси куни кеча Брюсселда ҳам муҳокама қилинди. Издиҳомда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган мамлакат – Қозоғистон вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон парламенти вице-спикери Борий Алихонов иштирок этди.


Live Earth жамғармаси суратга олган "Орол денгизи" филми.
XS
SM
MD
LG