Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:10

Ўшда Қурбон ҳайити тинч ўтди


Қурбон ҳайити арафасида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида турли ваҳимали миш-мишлар тарқалганига қарамай, аксар ўшликлар бугун ҳайит намозини тинч-осойишта адо этганларини айтмоқдалар. Бироқ, ўшликларга кўра, икки миллат ўртасида ўзаро ишончсизлик ҳали-ҳамон сезилади.


Аҳрорбек Ўшнинг Мажримтол маҳалласи ёнидаги ширинликлар бозорчасида савдо қилади. У Қурбон ҳайити муносабати билан бугун иш жойига хавфсирамасдан келганнни айтади:

- Ҳамманинг кайфияти яхши, бугун байрамимиз, ака. Байрамда кулиб турибмиз, энди. Байрамга келиб кулдик. Бошқа куни кулиш йўқ. Ерга қараб, шаҳарга келиб, ерга қараб, шаҳардан чиқиб кетиб қолаяпмиз, - дейди Аҳрорбек.

Суҳбатдошимиз бугун барча харидорлари, миллатидан қатъий назар, бир-бирлари билан хушмуомалада бўлаётгани, бир-бирларига табассум билан қараётганидан мамнун.

Аҳрорбек ҳайит намозини Ўшнинг “Янги автовокзал” деб аталадиган мавзесидаги масжидда ўқиган. Бу ерда қирғиз ва ўзбек миллатига мансуб одамлар аралаш яшайдилар. Шу боис ҳайит намозини ҳам бу икки миллат вакиллари аралашиб ўқиганлар.

Ўш қирғинида энг кўп жабр тортган Фурқат мавзесида ҳам ўзбеклар ва қирғизлар ҳайит намозини биргаликда адо этганлар. “Бир-биримизга ёвқараш қилмасдан ўқидик, намозни”, дейди фурқатлик суҳбатдошимиз Зокиржон ака.

- Бизнинг мавзеда асосан ўзбеклар яшайди. Ўзбек маҳалларида беш-олтитадан қирғиз оилалари ҳам яшайди. Ана шулар билан аралашиб, бир масжидда намоз ўқидик. Масжиддан чиқиб, болаларимизга, невараларимизга ширинликлар сотиб олдик. Ҳамма нарса жуда чиройли бўлди, - дейди Зокиржон ака.

Анваржон ака Ўшнинг Ўн адир мавзеидан. Бу мавзеда асосан ўзбеклар истиқомат қилади. Анваржон ака ҳайит намози ўқиладиган масжидлар хавфсизлигини милиция ходимлари таъминлаганини айтади:

- Ҳайит намози ўқиладиган масжидга одам тўлди. Намоз соат 8.30 да ўқилди. Мелиса ходимлари ҳам ҳар бир намоз ўқиладиган масжидда тўртта-тўрттадан бўлиб, навбатчилик қилишди.

Озодлик: Одамларнинг кайфияти қандай?

- Шаҳарда ўзбеклар барибир эмин-эркин юриша олмаяпти. Масалан, кеча бир воқеа бўлди. Шомдан кейин шаҳарнинг “Араванский” деган жойидан ўтиб кетаётган эдим. Қўққисдан икки-учта йигит менинг машинамга ҳужум қилишди. Мен тезликни ошириб, бу ҳужумдан қутилиб қолдим, - дейди Анваржон ака.

Суҳбатдошимиз Ўн адирдаги масжид ҳайит намозини ўқигани келган одамлар билан тўлганини айтди. Бироқ шаҳарнинг Қирариқ мавзеидаги маҳалла масжидида эса, ўшлик Ҳошимжон акага кўра, намозхонлар сийрак бўлган.

- Жомеъ масжидга бориш учун Зайнобиддинов кўчасига (Имом Бухорий масжидига – таҳр.) тушиш керак. Ҳар йили шу масжидга тушардик. Лекин бу йил замон нотинчроқ бўлгани учун маҳалла масжидида ўқидик намозни. Маҳалланинг масжиди ҳам намозхонлар билан тўлгани йўқ. Чунки кўпчилик ёшлар Россия ва бошқа давлатларга кетиб қолган. Шаҳар марказига тушишга барибир ишонч йўқ-да. Масалан, кеча кечқурун ўн яримларда беш-олти марта автомат отилганини эшитдик. Ким билан ким отишганини ҳам билмаймиз. Балки бу атайин вазиятни кескинлаштириш учун, одамларнинг юрагига ваҳима солиш учун қилинаётгандир.

Озодлик: Ҳайит кунлари одатда уришган одамлар бир-бирлари билан ярашади, бировнинг дилини оғритганлар кечирим сўрайди. Эски гиналар унутиладиган кун. Ўшда мана шу ҳолат сезилаяптими?

- Очиқ гап, маҳалламиздан шаҳарга тушган одамларни ҳам кўрганим йўқ, ўзимиз ҳам тушганимиз йўқ. Ҳайитни байрам қилиб, невараларимизни бир шаҳар айлантириб келиш истаги ҳам йўқ. Ҳамма маҳалланинг ичида юрибди, - дейди қирариқлик Ҳошимжон ака.

Ўш марказидаги Шаҳидтепа мавзесида ҳам ҳайит намози, суҳбатдошимиз Содиқжон акага кўра, тинчгина ўқилган.

- Намоз тинч ўтди. Бу ерда асосан ўзбеклар яшагани учун масжидга қирғизлар келгани йўқ.

Озодлик: Ўшда кайфият қандай?

- Эртанги кунга ишонч йўқ-да барибир. Оллоҳдан тилаб турибмиз “тинчлик берсин, осойишталик берсин” деб. Аҳволни ўзингиз билиб турибсиз-ку. Ерларимизни босиб олишаяпти. У ерларга бориб, “босқинчиликка қаршилик қилайлик” десак, ғалва чиқади. Шунинг учун ҳам оқсоқоллар: “Ўша ерларга бормай туринглар, ғалва чиқмасин, айбни яна бизга юклаб қўйишмасин”, дейишаяпти. Ўтганда (июн воқеалари назарда тутилаяпти – таҳр) ҳам ҳамма айбни бизга ағдаришди-ку, “мана шулар бошлади” деб.

Озодлик: Шаҳарда бемалол юрибсизларми?

- Шаҳидтепада бемалол юрилаверади, биз томон эски шаҳар, асосан ўзбеклар яшайди. Аммо тепа томон, яъни янги шаҳарда юриш хавфлироқ. Янги шаҳарда кечқурун еттидан кейин ўзбек миллатига мансуб одамларнинг ҳаракати тўхтайди. Биз томонда ҳамма ўзбек бўлгани учун бемалол юриш мумкин, - дейди шаҳидтепалик Содиқжон ака.
XS
SM
MD
LG