Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:44

Синфдошим Саломат


Саломат Исоқова билан Ўшдаги Толстой мактабида 8 йил бирга ўқигандик.
Саломат Исоқова билан Ўшдаги Толстой мактабида 8 йил бирга ўқигандик.

Бир оғир дард бор. Ирсий бу дард, одатда ёш болаларда зоҳир бўлади. Дардли боланинг танаси мўрт бўлади. Бирон нарсага уриб олган жойи дарров кўкариб чиқади. Қаттиқроқ уриб олса яра пайдо бўлади. Болани кўриб қўрқасиз. Танаси тана эмас - яралар тўплами.

Мана 6 ойдирки, руҳим мўрт. У ёққа ўгирилсам ҳам Ўшга тегиб кетаман, бу ёққа ўгирилсам ҳам.

Кеча қўшнилар нима ёзаяптийкан, деб қирғиз ҳамкасбларим сайтига (Озодлик радиоси қирғиз хизмати) кирдим.

Ҳамкасбим Жанил Ўш воқеаларидан жабр кўрган тадбиркор аёллар тўғрисида ёзибди.

Унинг мақоласидаги асосий қаҳрамон - ўшлик қирғиз аёл. Уйида тикув цехи очган бу аёл, айтишига қараганда, уруш арафасида ойига 150 минг сўмгача (3 минг АҚШ долларидан ортиқ) пул топган.

Фожеа кунлари уйи куйганидан, бизнесидан айрилиб, шу кунда бекорчи бўлиб қолганидан зорланган у.

Жанилнинг мақоласига илова қилинган, ўқиётган сатрларингиз устига ҳам кўчириб босилган суратдаги аёлдир ўша аёл.

Дарров танидим. Исмини ўқимаёқ танидим.

Чунки у - синфдошим.

Синфдошим Саломат.

Саломат билан Увомбўйидаги мактабда 1-синфдан 8-синфгача бирга ўқиганмиз. 8-синфни битиргач, Саломат кетган, мен қолганман.

Мактабимиз – Лев Толстой номидаги ўзбек мактабини ҳам босқинчилар июнда ёндириб кетишган. Шу кунда қайта қурилаяпти.

"Синфдошингиз қирғиз экан, нима учун ўзбек мактабда ўқиган?"

Сиз муштарийнинг кўнглидан кечган бу савол бугунги кун учун қанчалик табиий бўлса, ўтган асрнинг 60-йиллари учун, қолаверса, 80-йиллари учун ҳам шунчалик ғайритабиий эди.

Умуман ўйлаган эмасмиз Саломат ёки яна бир синфдошим Холис, ёки "Б" синфдаги Мўйдинлар қирғиз бўлатуриб нима учун ўзбек мактабида ўқиганини.

Маҳалласидаги мактаб ўзбекча бўлса, ўзбекча ўқийди-да.

Умуман, миллат суриштирилмас эди. Кимсан, қаердансан – кимнинг нима иши бор?

Мана, Саломатларнинг оиласи маҳалламизга – Қирариққа Саломат 6 яшар қизча пайтида Тожикистондан кўчиб келиб қолганини, орадан қарийб 50 йил ўтиб, кеча Жанилнинг мақоласидан билдим.

Саломат ва Холис иккаласи синфимизда 8-синфгача ўқишди. Кейин Холис Ўшдаги ягона қирғиз мактабига – Сойгузардаги интернат мактабга ўтиб кетди.

Бу интернатда, асосан, умри яйловларда ўтадиган қирғиз чорвадорларининг болалари ўқир эди.

Ўшда - шаҳарда - бошқа қирғиз мактаби йўқ эди.

Саломат интернатга ўтганми-йўқми – эсимда йўқ.

Кетганидан кейин синфдошимни узоқ йиллар кўрмадим.

Бу даврда мен шаҳарнинг бошқа четида (Қирариқдаги уйимиз бузилиб кетган) Саломат ўша эски уйида (уларники ариқнинг нариги юзида –бузилмаган томонида), қолаверса, ишимиз бошқа, ташвишимиз бошқа, Ўш Париждай катта бўлмасаям, каттароқ туман марказидан каттароқ жой, хуллас, йўлимиз кесишмаслиги табиий эди.

80-йилларда бир-икки марта кўчада учрашиб қолдик. Саломат ўшанда соф ўзбекча сўрашганди мен билан.

Энди, бугунга келиб, ўйланиб қолдим: шу кунда у мен билан ўзбекча сўрашадими?

Афсуски, "Ҳа", деб дадил айтолмайман.

Ҳамкасбимга берган суҳбатини ўқиб туриб шундай фикрга келдим.

Қирариқда бўлган фожеа тўғрисида гапирибди Саломат. Балки худди Саломат айтгандай бўлгандир.

Бироқ унинг қўшнилари (Саломатнинг қўшнилари мутлақ ҳаммаси ўзбек, уларнинг орасида икковимизнинг синфдошларимиз ҳам бор) воқеаларни бошқача ҳикоя қилиб беришган-да менга?!

Уларнинг гапига ишонмасликка асосим йўқ.

Хўш, энди нима қиламиз, Саломат?

Ўшга борганимда учрашиб қолсак, қандай сўрашамиз?

Бир-биримизга тескари қараб ўтиб кетмасмиз, ахир?!

Келинг, агар учрашиб қолсак, мен "Саламатсизби, Саламат?" дейин қирғизчасига.

Сиз "Яхшимиз, Ўктам", денг ўзбекчасига. Болаликдагидай "Яхшимисан, Карис", десангиз ҳам майли. Қайтанга суюнаман.

Уйи куйган, жигарлари ўлдирилган бошқа синфдошларимиз ҳам бор. Йўлингиздан чиқиб қолса улардан ҳам ҳол сўраб қўйинг. Яхши бўлади. Ҳолни ўзбекча сўрасангиз, иккаламизга ҳарф танитган раҳматли Зокиржон ака Ҳожиматовнинг руҳи шод бўлади.

Ҳол сўраб кўринг-да, бирдан руҳингиз енгил тортганини сезиб қоласиз. Сиз билан мен, синфдошларимиз – қирариқликлар, умуман ўшликлар нопок сиёсатчиларнинг қурбони бўлганимизни тушуниб қоласиз.

Ҳар ҳолда, шуни тушуниб етишингизни истайман.

Мактабимиз, ҳарф танитган ўқитувчимиз битта эканини унутмаслигингизни истайман.

Маслаҳатимни таклиф, деб қабул қилинг. Таклифим оғир келган бўлса, ўзимга тан.

Яна бир гап. Субановани (Холис) учратиб қолсангиз, мендан салом айтинг.

"Ҳалиям сени яхши кўраркан", денг.

Айбга буюрманг. Биламан, бир аёлни яхши кўришини бошқа аёлга айтиш беадаблик эканини биламан. Лекин Сиз билан мен бу масалада одоб сақлаш ёшидан сал ўтиб қолдиг-ов...

Кўришгунча, Саломат!

Синфдошингиз Сарвар Усмон - Ўктамбек Каримов.
XS
SM
MD
LG