Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:17

Масжидга йўл - ҳақини ким тўлайди?


Москвадаги Жомеъ масжидида ўқиладиган ҳайит намозларига 100 мингга яқин мусулмон келади.
Москвадаги Жомеъ масжидида ўқиладиган ҳайит намозларига 100 мингга яқин мусулмон келади.

Москванинг “Проспект мира” метро станциясида ишлаётган назорат ходимлари учун энг оғир кунлар мусулмонларнинг Рамазон ва Қурбон ҳайитлари экан. Станция ходимларининг Озодликка айтишича, кейинги йилларда муҳожир мусулмонлар гурас-гурас жамоат намозига келадиган жума кунлари ҳам айни шундай оғир кунлар қаторига қўшилган.


Санкт-Петербург шаҳрида "Горковскaя" метро бекатида олинган бу видеороликни аллақачон юз минглаб одам томоша қилди.



(Афтидан¸ будкасида ўтирган назоратчи суратга олган бу видеотасвир 16 ноябр куни Youtube.com сайтига қўйилди. Озодлик унинг аниқ жойи ва вақтини тасдиқлай олмайди.)

Нафақат Россиянинг “маданий пойтахти” Питер, балки Москвада ҳам одат тусига кириб¸ сўнгги йилларда доимий такрорланадиган бу ҳодиса акс этган мазкур видеотасвир жорий йилнинг Қурбон Ҳайити куни - 2010 йилнинг 16 ноябрида суратга олинган.

Масжиддан чиққан оломондан қўрқиб¸ ўз будкаларига кириб олган петербурглик милиция ходимларидан фарқли, Москва милицияси раҳбарияти ҳайит кунлари “Проспект мира” метро бекатидаги жамоат тартибини назорат қилиш ишига юзлаб ОМОНчиларни ташлади.

”Ҳайит намозидан қайтаётганларнинг аксарияти метрога билет олишдан кўра ёпирилиб келиб турникетлардан сакраб ўтишни афзал билади. Бизда уларни тўхтатмасликка¸ ҳатто буйруқ ҳам бор”, дейди Москва Жомеъ масжиди ёнида жойлашган метро бекати назоратчиларидан бири Светлана Шеенкова.

- Бугун жума¸ масжид куни. Улар соат 2 лардан 3:30 ларгача келaди. Биласизми, биз уларни қўрқиб кутиб ўтирамиз. Бу оқимдан қўрқмасдан илож ҳам йўқ: сизни ҳатто тепкилаб, уриб-суриб кетишлари мумкин! Ўтган йили мен осиёлик билетсиз ўтаётган бир йигитни тўхтатмоқчи бўлган эдим. У мени шундай туртиб кетдики, ҳозиргача йиқилиб уриб олган жойим оғрияпти. Уларни ҳатто милиция ходимлари тўхтата олмайди! Охирги пайтларда фақат ОМОНчиларни жалб қилиб бироз тартиб ўрнатишга уриндик, дейди метро назоратчиси Светлана Шеенкова.

Метро назоратчиси билан суҳбатлашиб турган чоғимизда турникетдан сакраб ўтиб кетаётган йигитга кўзим тушди. Подмосковъенинг Апрелевка шаҳарчасидан дўстини кўргани келган қирғизистонлик бу йигит аввалига кассани кўрсатиб¸ навбатда тургим келмади¸ дея баҳона қилмоқчи бўлди. Аммо ”Кассада ҳеч ким йўқ-ку!” деган ажабланишимиздан сўнг:

- Ақча бўлса ўтаверардим. Ақчанинг йўқлигидан. Агар тўхтатиб қолса кассага туриб оламан, мажбур. Кунига шундай қилиб 7-8 маротаба метродан ўтаман, дея “қуён” бўлди.

Бу йигитнинг иқрорига кўра, ўзи ва ҳамроҳлари Россиядаги электр поездлари ва автобусларда ҳам пул тўламай¸ чипта олмай юришнинг ҳадисини обдон олишган.

Метро назоратчиси айтган каби¸ соат иккилар атрофида масжиддан чиқаётган “қуёнлар” ёки метро назоратчилари таъбири билан айтганда, “кенгурулар” сони кўпайишни бошлади. Ўз исмини ошкора қилишни истамаган ўзбекистонлик йигитлар жума намозидан қайтаётганларини эътироф қилдилар.

”Йигитлар, тоат-ибодат нима бўлдию тартибни бузиб билетсиз ўтишларинг нима бўлди?” дея ташлаган луқмамизга жавобан:

- Иншаллоҳ, мана шу ерга бермасдан бирор бир муҳтожларга берилса мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблайман. Шу 27-28 сўмни буларга бермасдан, муҳтожлар ҳозир роса кўпда, шуларга берган маъқул. Иншаллоҳ, муҳтожларга берамиз. Маҳаллий ўрислар ҳам сакрайди-да¸ деди улардан бири.

Суҳбатга тортилган йигитлардан яна бири Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келганларнинг аксарияти оиласи билан ҳаминқадар яшаши ва ҳар бир сўмни тежашга ҳаракат қилишидан гапирди. “Лекин сакраётган “қуёнларнинг асосий қисми ёшлар-ку…”, дея билдирган эътирозимиз эшитган бу йигитлар узр сўраб хайрлашиб қолди.

Сакраб ўтаётган қорамағиз йигитлар орасида кассага туриб билет олиб ўтаётган дўппили йигитнинг исми Равшанбек экан. ”Қуëн ëхуд кенгуру”лар подасидан ажраб қолган бу йигитни суҳбатга тортдик

- Стройкалардан келади бу ерга ўқигани, улар пул олмаган пайтлари бўлади. Кимнингдир чўнтагида бор, кимнигдир чўнтагида йўқ ҳозир...Тўғри, пули борлар ҳам ўтади. У ўзига қилади. Пулим йўқлигида ман ҳам ўтганман, ўтмаганман демайман. Пулим борлиги пайтимда ҳам ўтган бўлишим мумкин.

Озодлик: Агар шу йигитларга кўп пул тўласа билетсиз ўтмайди, деб ўйлайсизми?

- Ўтади ҳаммаси. Пулни яхши кўрмайдиган одамни кўрганмисиз?! Лекин бировнинг ҳақини ейишдан қўрқиш керак! деди Равшанбек.

Сўнгги пайтларда меҳнат муҳожирларининг Россия пойтахтидаги юриш туриши аксар русларнинг эътироз ва норозилигини кучайтирмоқда. ”Икки миллионлик муҳожирлар армияси Москвадаги жамоатчилик транспорти вазиятини янада оғирлаштиришга сабаб бўлмоқда”, дейди “АвтоИзвестия” газетаси бош муҳаррири Дмитрий Семенов. Унга кўра, айрим муҳожирлар москваликлар орасида “жиҳод-такси” деб номланган эски “жигули” автомобилларида шаҳар кўчаларида пойга уюштирса, қолганлари метрода билетсиз юради.

- Мигрантларнинг учдан икки қисми жамоатчилик транспортида пул тўламасдан юради, жумладан метрода ҳам.Улар турникетлардан сакраб ўтишни афзал, деб билади. Бу ҳолат нафақат шаҳар транспорт инфратузилмасига жиддий оғирлик юклайди, балки молиявий жиҳатдан катта зиён келтиради, дейди “АвтоИзвестия” газетаси бош муҳаррири Дмитрий Семëнов.

Муҳожирлар¸ хусусан мусулмон мигрантларнинг жамоатчилик транспортидаги ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари маҳаллийларнинг муҳожирларни “маданиятсизлик”, “беодоблик”, “тартибсизлик” ва “ҳурматсизлик” айблашига асос бўлиб хизмат қилмоқда.

“Мусулмонларнинг бундай ҳатти-ҳаракатига Ислом ҳукмии қандай?”, дея мурожаат қилдик мусулмонлар байрамлари¸ қолаверса ҳар жума куни қайталанаëтган манзара асосида Россиянинг Осиё қисми мусулмонлари идораси раиси ва Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Ашировга.

- Нафақат Ислом, оддий одам маданияти нуқтаи назаридан, ҳатто ёввойи қабилаларда ҳам ўғрилик қораланган ва қораланади. Ҳар қандай жамиятда шундай! Буни аниқлаш учун Ислом қоидаларидан иқтибос келтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Лекин метроларда ёшларнинг турникетлардан сакраб ўтишини¸ айнан Ислом байрамлари билан боғлаётган оммавий ахборот воситалари ноҳақдир, чунки негадир 1 май ёки футбол фанатларининг кўчаларга чиқиб дод-вой солишига биров индамайди, байрам кунлари намозга йиғилганлар билан боғлиқ ҳар қандай вазиятни эса Исломга тақаш одатий тус олди. Метродаги вазият эса ҳозирги ёшларга хос “маданият” ва Исломга унинг мутлақо алоқаси йўқ¸ дейди Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Аширов.

Умумроссия Ижтимоий фикр маркази (ВЦИОМ) томонидан жорий йилнинг июн ойида ўтказган сўров хулосасига кўра, москваликларнинг 68 фоизи¸ санкт-петербургликларнинг эса 75 фоизи муҳожирларга нисбатан салбий муносабатдадир. Сўнгги икки йил давомида меҳнат муҳожирларига нисбатан фикри ижобий бўлган россияликлар сони 21 фоиздан 15 фоизга қисқарган.
XS
SM
MD
LG