Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:08

Россияда муҳожирларни алдаш ҳолати урчияпти


Россияда ишлаётган муҳожирлар арзларининг кўпи уларга иш ҳақи тўланмаётгани билан боғлиқ.
Россияда ишлаётган муҳожирлар арзларининг кўпи уларга иш ҳақи тўланмаётгани билан боғлиқ.

Human Rights Watch олиб борган кузатув натижаларига кўра, россиялик иш берувчиларнинг аксарияти меҳнат муҳожирларини меҳнат шартномасисиз ишлатаяпти. Бу ҳол эса мардикорни маҳаллий адлия ва ҳуқуқ-тартибот тизимлари олдида заиф кимсага айлантириб қўймоқда.

Сўнгги йилларда Россияда меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг аёвсиз топталиши оммавий тус олиб бормоқда. Кўп ҳолатларда бундай вазиятларнинг юзага келишида иш берувчи ва ишга ёлланувчи ўртасида шартномаларнинг оғзаки тузилаётгани ёки тузилган ҳолатда ҳам муҳожирлар хужжат мазмунига эътибор қаратмасдан имзо чекаётгани сабаб бўлаяпти. Ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни меҳнат муҳожирларига шу қадар мураккаб туюладики, фуқароларнинг кўпчилиги буни четлаб ўтишга ҳаракат қилади.

Озодликка қўнғироқ қилган жалолободлик Анвар ака Россия учун одатий ҳолатга айланиб бўлган яна бир шундай вазият ҳақида гапиради.

- Биз Қирғизистоннинг Жалолободиданмиз. Илож йўқ, 10 кун ётувдик, иш йўқлигидан таваккалга келувдик. 12 ноябр куни 4 киши иш бошлаганмиз. Кейин метрини 95 сўмдан, деб келишганмиз...

Озодлик: Нима иш қилгансизлар?

- Забор қилганмиз. Бўйи бир метр, "ҳар 600 метрга расчет қиламиз" деган. Мана вақти келди ҳисоблашга - пулини бермаяпти.

Озодлик: Ким билан шартнома тузилган?

- Шу Александр деган билан тузганмиз. У билан шу ерда бир армани орқали танишганмиз. Армани олиб келган бизни ишга, кейин у йўқолиб қолди. Договорни туздик, иш бошладик. Бошида бизни роса алдаб ишонтирди: "аванс ҳам бераман", деди. Бир тийин пул ушлатгани йўқ - телефонларимизда пулимиз қолмаган. Ишни битирдик. Кесилган бруслар бор эди. "Мана, брусларни ишлатасан", деган. Бошида бизга айтмаган, энди бўлса: “Сенлар кесилган брусларни ишлатгансан. Ишлатган брусларни қайтадан кесиб берасан”, деяпти. “Нега олдин айтмадинг?” десам, “Сенларнинг питаниенгга кўп пул кетиб қолди”, дейди. У питание билан расчёт қилиб юбормоқчи экан-да, мақсад пул бермаслик. Олдин договорда йўқ эди-да у. “600 метр қиласан - пулингни оласан!”, деган эди. Энди бизга иш қўшиб беряпти - ановини қилиб берасан, мановини қилиб берасан, деб. Биз ишимизни конкретни қилиб қўйдик. Технадзордан ўтди. Улар эски ишини ҳам қилдириб олмоқчи-да...

Озодлик: Анваржон ака, мана шу ишларни бажариш ҳақида шартнома имзоланганми?

- "600 метр қилдим", деб қўл қўйганман.

Озодлик: У шартнома кимнинг қўлида?

- Александрнинг қўлида. Бугун келса, ўшани сўрайман, деяпман.

Озодлик: Демак, шартномани имзолатиб, ўзида олиб қолган...

- Ҳа, ўзи олволди-да, дейди иш берувчи томонидан алданган Анваржон ака.

Мутахассислар меҳнат муҳожирлари ҳақ-ҳуқуқларининг бузилиши асосан меҳнат шартномаси тузилиши жараёнида кузатилаётганини таъкидламоқдалар. Жалолободлик мардикорлар дуч келган муаммо ҳам ана шулардан биридир.

Россия Давлат меҳнат назорати инспектори Тамара Невайкина ўз ташкилоти томонидан олиб борилаётган текширувлар бу ачинарли ҳолат авж олиб бораётганини тасдиқлаганини айтди ва ишга ёлланаётган меҳнат муҳожирларини шартнома тузишда жуда эҳтиёт бўлишларини тавсия қилди.

- Давлат меҳнат назоратчилари томонидан аниқланаётган асосий қонунбузарликлар иш берувчи томонидан иш ҳақининг ўз вақтида берилмаслиги билан боғлиқ. Охирги пайтларда бу оммавий тус олиб бормоқда. Бу қонунбузарликларнинг асосий қисми шартнома тузишга йўл қўйилган фирибгарлик ёки мигрантнинг шартномани синчиклаб текширмасдан қўйган имзосидан келиб чиқади. Шартнома бўлмаса, унда ҳатто Федерал миграция хизмати қайдига хужжат топширган меҳнат муҳожири ҳам “ҳеч қаерда ишламаётган” ҳисобланади ва қонунга мувофиқ 90 кун ичида мамлакатимиз ҳудудини тарк этмоғи лозим, - дея меҳнат шартномасининг муҳимлигини яна бир бор таъкидлади меҳнат инспектори Тамара Невайкина.

Демак, меҳнат назоратчисининг сўзларига кўра, шартномасиз бажарилаётган ҳар қандай иш қонуний кучга эга эмас, яъни бу ҳолат кейинчалик суд ёки бошқа давлат идораларига арз-шикоят қилиш ҳуқуқидан маҳрум этади.

Хўш, жалолободлик меҳнат муҳожирлари тушган вазиятда нима қилиш керак? Бу савол билан Озодлик “Миграция ва Қонун” ахборот-таҳлилий марказ юристи Абдиш Қўўнбаевга мурожаат қилди.

- Дарҳақиқат, бу вазиятда улар иш жойларини тарк этмасликлари керак. Кейин кечиктирмасдан бизга ўхшаш ташкилотларга мурожаат қилиши лозим. Россияда меҳнат қилаётган ҳар бир мигрант энг аввало шундай тузилмаларнинг алоқа телефонларини ўзи билан олиб юриши керак. Чунки кўп ҳолатларда иш берувчига бир марта қўнғироқ қилишимизнинг ўзи масалани ҳал этишга кифоя қилади. Ахир Россия мигрантлари касаба уюшмалари, мигрантлар муаммолари билан шуғулланувчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари сон-саноқсиз. Қолаверса, Қирғизистон элчихонаси қошида ҳам бундай тузилмалар мавжуд. Жалолободликлар билан боғлиқ ҳолатда биринчи навбатда шартномани ўз қўлларига олишни тавсия қиламан. Кейин меҳнат инспекцияси назоратчилари иш берувчи билан учрашиб, ҳолатни жойида ўрганади, - дея тавсия қилди “Миграция ва Қонун” ахборот-таҳлилий маркази юристи Абдиш Қўўнбаев.

Озодлик жалолободлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ вазиятни кузатишни давом этади.
XS
SM
MD
LG