БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти эълон қилган ҳисоботга кўра, бу йил энг қашшоқ давлатларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари импортига кетадиган харажати 11 фоизга ошади. Ташкилот 2011 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган экинзорлар етарли даражада кўпайтирилмаса, дунё аҳолисини оғир кунлар кутаётганидан огоҳлантиради.
“Товар бозорларидаги нархлар ўсишининг бир қанча сабаблари бор. Об-ҳавонинг ёмон келиши маҳсулот таъминотида дефицитни барпо қилди, иккинчидан, озиқ-овқат маҳсуотларини экспорт қиладиган айрим давлатларнинг валюта бозорларидаги тебранишлар бунга сабаб бўлди. Агар келгуси йилда озиқ-овқат маҳсулотларининг асоси бўлган маккажўхори, буғдой ва дуккакли экинлар етиштириш кўпайтирилмаса, жаҳондаги озиқ-овқат нархлари янада кўтарилиши мумкин”, дейилади БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоботида.
Ўзбекистонда ҳам 2010 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари тез суръатларда ўсиб борганини кузатиш мумкин. Тошкентлик иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимов фикрича, жаҳон молиявий инқирози Ўзбекистонга таъсир қилмади деяётганлар катта хато қилган бўлади, дейди:
- Ўзбекистон иқтисодиëтининг асосий кўрсаткичи Ўзбекистон сўми ҳисобланади. Ўзбекистон сўми нарх-наволар билан чамбарчас боғланган. Асосан Ўзбекистонда мана шу йилнинг ўзида жуда кескин ўзгарган нарсанинг баҳоси бу албатта ун. 2010 йил 1 январ ҳолатига бир килограмм олий навли ун 1000 сўм атрофида эди. Ҳозир 2000 сўм атрофида. Ундан ҳам қимматроғи бор. Биринчи навли унлар ҳам шунақа. Тахминан 700-800 сўм турар эди. Ҳозир 1600 сўм атрофида. Деярли икки баробар ошган. Бундан ташқари шакарнинг баҳоси кескин ошган. 2010 йил 1 январ ҳолатида тахминан 2000 сўм атрофида эди. Ҳозир 3200 сўм. Бундан ташқари гўштнинг баҳоси ҳам анчагина ошди. Тахминан 40-50 фоизга ошди. Бир килограмм ўсимлик ëғи 2000 сўм атрофида эди. Ҳозир 4000 сўм атрофида,- дейди Жаҳонгир Шосалимов.
Иқтисодчига кўра, нарх-наволарнинг ўртача икки баравар ошиши ўз вақтида ўзбек сўмининг ҳам икки баравар қадрсизланишини кўрсатади.
Ўзбекистонда жорий йил давомида иш ҳақи уч марта оширилди. Биринчи бор 12 фоизга, иккинчи бор 20 фоизга, учинчи бор 10 фоизга. Жаъми 42 фоизга. Бироқ озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари 50 фоиздан 100 фоизгача кўтарилди.
Ўзбекистонликлар ҳар гал иш ҳақлари ошиши билан энг аввало озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ҳам ошишига кўникиб қолган. Кундалик эҳтиёж моллари нархларини эса ҳеч ким назорат қилмайди, дейди қашқадарёлик Ҳасанжон:
- Умуман бу назорат қилинмаяпти. Мен ҳозир шуни прямой эфирга айтишим мумкин. Умуман назорат қилиш йўқ. Фақатгина Тошкент шаҳри назорат қилиниши мумкин. Туман, вилоят миқëсида умуман назорат қилинмайди. Нимага? Фалончанинг уруғи. Дадасининг, ота-бобосининг фалон чевараси СНБда ишлайди. Тегиб бўлмайди. Уннинг нархи ҳозир 60 мингга чиқиб турибди. Қозоғистонники 84 минг. Қолгани 60-70 минг. Оддий буғдойнинг нархи 1000 сўм. Бир кило гўшт 11 минг. Ҳозир яна кўтарилаяпти. Кўтарилиш давом этаверади. Ўзбекистонда шунақаки, бир кўтарилиб олса бўлди, қайтиб тушмайди. Бошқа давлатларда кўрдим тушади. Бизнинг давлатда унақа нарса йўқ. Ҳайрон қоламан. Ҳеч тушуниб бўлмайди. Оддий фуқарога қийинда. Менга ўхшаган ишсизга қийин,-дейди Ҳасанжон.
Қашқадарёлик суҳбатдошимиз фикрича, кундалик эҳтиёж моллари нархининг назорат қилинмаслиги озиқ-овқат маҳсулотлари бозорларининг асосан ҳокимиятга алоқадор шахсларнинг қўлида эканлиги билан боғлиқ. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар ҳам, маҳсулотларни улгуржи сотадиганлар ҳам "ўшаларнинг қўлида", дея давом этади Ҳасанжон. Оддий халқнинг харид қуввати қандай экани билан ҳеч кимнинг иши йўқ:
- Масалан, солиқда ишлайдиганнинг иккита-учта точкаси бор. Бозорнинг яхши жойидан жой олиб олган. “Бу налогда ишлайди. Унга тегиб бўлмайди”, уни ҳеч ким назорат қилмайди. У ўзининг нархини хоҳлаганча қўйиб, хоҳлаганча сотаяпти. Майли ҳалоли бўлсин. Лекин сал инсоф биланда. Мана нарх-наво, бензин. Тошкентда 1100, бизда 2500-3000. Оддий газ мана ўзимизнинг Қашқадарëдан чиқади. Бугун оддийгина газ балонни 1600дан тўлдириб келдим. У ҳам килога ҳисобланади, лекин литрда сотилади. Буни назорат қиладиган органнинг ўзи қолмади,-дейди Ҳасанжон.
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида истиқомат қиладиган Саъдулла ҳам нарх-наволар кундан-кунга ошиб бораётгани шундоқ ҳам зўрға тирикчилик қилаётган халқни қийнаб қўймоқда, дейди:
- Нарх-навони текширадиган одамнинг ўзи қолмади. Мана ҳозир болаларим касал бўлиб қолди. Аптекага келсам, 200 сўмлик аспирин 600 сўмга чиқиб кетибди. Текширадиган одамнинг ўзи йўқ. Тўртта дори олсангиз, 5000 сўм. Универмагда ëғ сотади пластикка. Беш литри 22 минг сўм. Қўлда 17 минг сўм, нақд пулга. Пластикка бўлгани ҳам пул билан баробар бўлгани маъқулмасмикан. Шуни текширадиган одамлар бўлса, мутасаддилар Бахт шаҳрининг ағдар-тўнтарини чиқаришса дейманда, -дейди Саъдулла.
Ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимовнинг айтишича, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг юқори чеграларини белгилаш функцияси Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва рақобатни қўллаб-қувватлаш қўмитасига топширилган ва бу қўмита фақат 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари чегараларини белгилайди:
-Агар нарх-наво чегарадан ошиб кетса, қўмита ўша субъектга нисбатан жарима чораларини қўллайди, маъмурий чорани эмас. Мен ҳам шундай бўлиши керак деб ўйлайман. Чунки бозор йўлини танлаган мамлакатда нарх-навонинг белгиланиши бозор қонун-қоидаларига асосан талаб ва таклифдан келиб чиқиши керак, -дейди Ориф Ҳошимов.
Иқтисодчига кўра, эркин бозор шароитида ҳукумат озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини мажбуран пастлата олмайди, чунки бу бозор талаби. Бироқ ҳукумат ана шу озиқ овқат молларини харид қиладиган аҳолининг ижтимоий ҳимоя функциясини ишлаб чиқиши керак:
- Бунинг ечимини давлат нимада кўриши керак? Энг аввало аҳолининг ижтимоий ҳимоя функциясини давлат бажариши керак. Икки баробар озиқ-овқат маҳсулотлари ошган бўлса, бошқа истеъмол товарларининг нархи ошган бўлса, бунга давлат ўртача ойлик иш ҳақини индексация қилиш йўли билан таъсир кўрсатиши керак.
Мана тасаввур қилинг, мисол учун 100 сўмлик иш ҳақини тўлаш учун ишлаб чиқарувчими, хизмат кўрсатувчими, хўжалик субъектими ўз ходимига тоза 100 сўмлик иш ҳақи бериш учун 75-80 сўмлик солиқ тўлаши керак. Агар ишлаб чиқарувчига шундай имтиëз берилсаки, ойлик иш ҳақи тўлаш билан боғлиқ солиқни икки баравар камайтирса эди, у 120-130 сўмгача ойлик тўлаш имкони бўларди. Яъни шу томондан борилиши керак, -дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.