Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2023, Тошкент вақти: 08:57

Тожикистонлик ўзбеклар Ўзбекистон паспортини олишга умид қилмай қўйдилар


Яшил паспортга эга бўлиш Ўзбекистон фуқаролигини олишни истаган хорижлик ўзбекларнинг аксарияти учун қарийб чорак асрдан буён орзулигича қолмоқда.
Яшил паспортга эга бўлиш Ўзбекистон фуқаролигини олишни истаган хорижлик ўзбекларнинг аксарияти учун қарийб чорак асрдан буён орзулигича қолмоқда.

Ўзбекистонда истиқомат қилаётган бир гуруҳ шахслар Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга мурожаат қилиб, тожик паспортини олишга кўмаклашишни илтимос қилганлар.


Тожикистоннинг Спитамен туманида истиқомат қилган Гулчеҳра Мўминова 1988 йилда ўзбекистонлик йигитга турмушга чиққан ва Бекободга кўчиб кетган. Бироқ орадан 22 йил ўтса ҳамки, Гулчеҳра ҳали-ҳамон Ўзбекистон учун бегона, фуқаролиги йўқ шахс бўлиб ҳисобланади.

- Биз Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга мактуб ёздик. Мактубда Гулчеҳра ва унинг фарзандларига Тожикистон фуқаролиги берилишга кўмаклишишни илтимос қилганмиз. Чунки мана шу 20 йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон президентига Ўзбекистон фуқаролиги берилишини сўраб, ўнлаб мактублар йўллаганмиз - натижа йўқ. Аксинча, биз тожикистонликларга нисбатан бу ерда тазйиқлар кучайди. Жумладан, Гулчеҳра ҳатто ҳовлидан кўчага чиқолмай қолди. Милиция вакиллари доим пойлаб туришади, - дейди Гулчеҳранинг қариндоши Қўшмурод Ғойибов.

Навбатдаги сухбатдошимиз Ҳалима опанинг айтишича, ўтган асрнинг 1998 йилда қизини Фарғона вилоятининг Бешариқ туманига турмушга чиқарган, лекин қизи ҳанузгача қайдга олинмаяпти.

- Мана шу уруш пайтида кетдик. Ўшанда бордик, кейин больницага тушдим. Больницадан чиқдим, ўшанда ҳам югуртиришди шу прописка қилиш учун. Ўзим ҳам ўша ерда туғилганман. Икки йил юрдик, тағин қайтиб келдик шу ерга. Мана энди қизим Муҳаббатни ҳам ҳозиргача прописка қилишмаган. Борса, мелисалар айтишарканки: “кетавергин, ҳозирча битта-иккита боланг борлигида кетавергин” деб. Билмасам энди бу Каримов нима учун бундай қилаяпти, - дейди Ҳалима опа.

Собиқ иттифоқ даврида Тожикистонга минглаб ўзбекистонлик қизлар келин бўлиб тушган. Фуқаролик уруши йилларида уларнинг баъзилари ўз юртига қайтмоқчи бўлдилар. Бироқ Ўзбекистонда туғилган бўлса ҳам, улар ўз юртларига қўйилмади. Қўйилганларига эса, фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси берилди.

Ўзбекистондаги мавжуд қонунчиликка кўра, фуқаролиги йўқ шахс беш йилдан сўнг фуқаролик олиши мумкин. Лекин орадан 10-20 йил ўтиб кетган бўлса ҳамки, Ўзбекистонда яшаётган фуқаролиги йўқ шахсларга, яъни аксарият ўзбекларга фуқаролик берилмаяпти.

Тожикистонлик ўзбекларнинг сўзларига кўра, 1992 йилда мамлакатда фуқаролик уруши авж олган пайтда минглаб одамлар ўзларининг тарихий ватани бўлмиш Ўзбекистонга қочқин сифатида борган эдилар. Лекин уларнинг аксарияти Ўзбекистонда расмий қайдга олинмади, аксинча Тожикистонга қайтариб жўнатилди.

Абдужаббор исмли йигит ҳам ота-онаси асли жиззахлик эканини айтади.

- Бизни Ўзбекистонда ёмон қабул қилишди. Милиция вакиллари ўзбекистонликларга мурожаат қилиб, “Булар ўзбек эмас, ҳайданглар. Улар тинч ҳаётимизни бузади, бизда ҳам жанжал чиқаришади”, дея одамларни бизга қарши қўйишди, - дейди Абдужаббор.

Суҳбатдошларимиз мустақилликдан сўнг барча давлатлар раҳбарлари бошқа мамлакатларда яшаётган миллатдошларининг тақдирига бефарқ бўлмагани, бундан факат ўзбек расмийлари мустасно бўлганини айтадилар.

- Мана шу Қозоғистон раҳбарлари Тожикистондаги қанча қозоқ бўлса, барчасини териб кетди. Ўзлари машина ташкил қилиб, ҳаммасини олиб кетишди. Ўзбекистон раҳбарлари эса, бошқа йўл тутган. Танишларимдан бирининг ўғли Ўзбекистонда уйланиб яшайди. Бориб, фарзандини кўрмоқчи бўлган. Қайси бир ариқлардан яшириниб, писиб ўтмоқчи бўлган. Лекин ўғлини кўролмай қайтиб келган, - дейди Тожикистонда яшовчи Хақберди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистондан Тожикистонга қайтиб келаётганлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Биргина ўтган 2010 йилда Тожикистонга мингдан ортиқ фуқаролар қайтиб келгани маълум. Аммо қайтиб келаёганларга ҳам шу заҳоти паспорт берилмайди.

- Республикада 1994 йилда қабул қилинган Конституцияга биноан Тожикистон фуқаролигини олмоқчи бўлганларга ўша заҳоти паспорт берилган. Лекин шундан кейин республикага келаётган одамларга, миллатидан қатъий назар, беш йил давомида “Фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси” берилади. Шундан кейингина республика фуқаролигига эга бўлади, - дейди Хўжанд шаҳар ички ишлар бўлими паспорт столи раҳбари Диловар Шаропов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг биргина Бекобод туманида беш мингдан зиёд собиқ тожикистонлик истиқомат қилади ва улар ҳанузгача “Фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси” билан юришибди. Уларнинг кўпчилиги Тожикистон фуқаролигини олиш ниятида паспорт столига ариза ёзишган.
XS
SM
MD
LG