Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:13

Россияда муҳожирларга ажратилган квоталарни тақсимлаш бошланди


Россияда мардикорлик қилаётганлар орасида миллионлаб ўзбекистонликлар ҳам бор.
Россияда мардикорлик қилаётганлар орасида миллионлаб ўзбекистонликлар ҳам бор.

Москвада хорижлик мардикорларни ёллайдиган иш берувчилардан 2012 йилга ажратилган квоталар учун аризалари қабул қилина бошлади. Меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш Департаментига кўра, ишчи мигрантлар учун ажратилган квоталарни тақсимлаш май ойигача давом этади.


Россиядаги меҳнат муҳожирларини келаси йилда ишга жалб қилиш ниятида бўлган тадбиркорлардан квоталарни тақсимлаш учун аризаларни Москвадаги ишчи кучини айирбошлаш маркази қабул қилиб олмоқда.

Квоталарни тақсимлаш ишчи кучига эҳтиёж йил сайин ошиб бораётган Москва шаҳридан бошланди.

“2011 йилнинг январидан 1 майга қадар хорижлик ишчиларни 2012 йилда меҳнат фаолиятига жалб қилиш истагида бўлган иш берувчилардан аризалар қабул қилинади”, дейилади Москва шаҳар Меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш Департаментининг расмий сайтидаги хабарда. Унда айтилишича, тадбиркорлар ва корхона раҳбарлари ўз аризаларида 2011 йилга белгиланган квоталар ўзгартирилиши талаблари билан ҳам мурожаат этишлари мумкин.

Департамент раҳбари Олег Нетеребский меҳнат муҳожирлари учун квоталар секин-аста қисқаритилиши зарур дейди. Унинг фикрича, бу Россияга ноқонуний миграция оқимини сезиларли даражада камайтиришга ҳисса қўшади.

- Биз квоталарни фақатгина ҳақиқатан иш жойига эга бўлган ва четдан келган меҳнат кучига эҳтиёжи бўлган корхоналарга тарқатамиз. Бошқа томондан, биз ижтимоий норозиликни келтириб чиқармаслик мақсадида чет эллик меҳнаткашларни жалб қилиш бўйича махсус идоралараро комиссияни ташкил этдик. Иш берувчи мигрантларсиз ишлай олмаслигини бизга асослаб бериши керак. Шундан кейин биз иш ҳақининг минимал даражаси, муайян ижтимоий кафолатлар ва босқичма-босқич бу ишчиларни россиялик ишчилар билан алмаштириш бўйича ўз шартларимизни қўйиб, руҳсатнома берамиз,- дейди Москва шаҳар Меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш Департаменти директори Олег Нетеребский.

Сўнгги йилларда иқтисоди ўсиб бораётган Россияда меҳнат муҳожирларига эҳтиёж сезиларли даражада ортиб бораётганига қарамасдан, чекловлар ҳам кучайиб бормоқда. 2009 йилда хорижликларга ажратилган квота Москвада 400 минг киши, 2010 йилда эса, 250 минг кишини ташкил этган бўлса, ҳукумат жорий ва келаси йилларда бу кўрсаткич 200 мингдан ошмаслиги лозим, демоқда.

Меҳнат Департаменти тарқатган хабарда айтилишича, квоталар бўйича аризалар ва зарурий барча бошқа хужжатлар Москвадаги ишчи кучини айирбошлаш маркази томонидан қабул қилинади.

Пойтахт Москвадан меҳнат муҳожирларини сиқиб чиқаришга қаратилган чора-тадбирлар билан бир пайтда, Россия минтақаларида меҳнат муҳожирларига ажратилган квоталар миқдори аксинча ошиб бораётгани кузатилмоқда.

“Фонтанка.ру” сайтига кўра, 2011 йилда Санкт-Петербургда қарийб 200 минг муҳожир ишга жалб қилиниши режалаштирилган. Бу ўтган йилгига нисбатан беш баробар кўпроқдир. 2010 йилда Россиянинг шимолий пойтахтида 34 минг меҳнат муҳожири расман иш билан таъминланган.

Мутахассислар, расмийлардан фарқли ўлароқ, Россияда, айниқса, аҳоли зич жойлашган Москвада мигрантларга ажратилган квоталарининг қисқартирилиши шаҳарда ноқонуний яшаб, меҳнат қилаётган муҳожирлар сони кўпайишига олиб келишини таъкидламоқдалар.

“Миграция - 21 аср“ ташкилотининг миграция масалалари бўйича эксперти Наталья Власова квоталаш тартиби ҳукумат тизимидаги коррупциянинг янада чуқурроқ илдиз отишига олиб келганини таъкидлади. Меҳнат муҳожирларига эҳтиёж ортиб бораётганда уларга нисбатан квоталарни қисқартириш вазиятни янада чигаллаштириб юборади, дейди суҳбатдошимиз.

- Квоталаш тизими коррупцияга, бу квоталарнинг олди-сотди бозорига айланишига, меҳнат муҳожирларини эса мажбуран ноқонуний фаолият билан шуғулланишига олиб келмоқда. Марказий Осиё мамлакатларида аҳоли сони ошиб бормоқда, бу минтақада аҳоли иқтисодий қийинчиликларга юз тутгани маълум… Улар қаерга боради - Кореягами, Араб Амирликларигами? Йўқ, албатта, Россияга. Демак, Россияда мигрантлар сони ҳам ошиб бориши табиий,- дейди Наталья Власова.

Унинг айтишича, сўнгги пайтларда жамоат транспортида муҳожирлар сони сезиларли даражада кўпайиб қолгани кўзга ташланмоқда. “Ҳукумат чиройли ваъдаларни бериб, баланпарвоз сўзларни гапирмоқда, ижтимоий таранглик эса, ортиб бормоқда”, дея давом этади Наталья Власова.

- 2010 йилда Москвада иш берувчилар хорижлик ишчиларни ёллаш учун 1,5 миллиондан ортиқ ариза топширган! Айни пайтда ўтган йил бошида квота 300 минг қилиб белгиланган эди. Ҳукуматимиз ва Меҳнат Департаменти олиб бораётган сиёсат мутлақо куракда турмайди, чунки у россиялик иш берувчиларнинг манфаатларини ҳам ҳисобга олаётгани йўқ,- деди “Миграция - 21 аср“ ташкилотининг миграция масалалари бўйича эксперти Наталья Власова.

Россия Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, 2011 йилда Россияда чет эл фуқароларига 1,7 миллионта меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи руҳсатнома тарқатилиши белгиланган. Бу рақамларга патент олувчилар киримайди.
XS
SM
MD
LG