Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:51

Ўш расмийлари ўзаро иноқликни тарғиб қилмоқда


Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматовнинг 2011 йилни “миллатлараро дўстлик ва иноқлик йили” деб эълон қилиш ҳақидаги баёноти самимийлигига кўпчилик ўшликлар шубҳа билан қарамоқдалар.
Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматовнинг 2011 йилни “миллатлараро дўстлик ва иноқлик йили” деб эълон қилиш ҳақидаги баёноти самимийлигига кўпчилик ўшликлар шубҳа билан қарамоқдалар.

Ўш шаҳрида 2011 йил “Миллатлараро дўстлик ва иноқлик йили” деб эълон қилинди. Бироқ бу йилда миллатлараро дўстликни, иноқликни қайта тиклаш учун қандай реал чора-тадбирлар кўрилиши лозимлиги тўғрисида аниқ ҳаракатлар дастури йўқ.

2011 йилни “Миллатлараро дўстлик ва иноқлик йили” деб эълон қилиниши ҳақида Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов баёнот берди.

- 2011 йил Ўшда "Миллатлараро дўстлик ва иноқлик йили", деб эълон қилинсин, - деди Мелис Мирзакматов шаҳар ҳокимиятида ўтган навбатдаги йиғилишда.

Бироқ 2011 йил номи эълон қилингани билан миллатлараро муносабатларни қайта тиклаш юзасидан конкрет чора-тадбирлар эълон қилингани йўқ.

Ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб бўлган кўпчилик ўшликлар 2011 йилда дўстлик ва иноқлик фақат ҳокимият ходимлари ёзган қоғозлардагина қолиб кетади, деб ҳисоблайдилар.

- Ростини айтсам, икки халқ ҳозиргача бир-бирига тиш қайраб, бир-бирини душман ҳисоблаб, яшаб келмоқда. Ҳокимият 2011 йилни дўстлик ва иноқлик йили, деб эълон қилгани билан бу ғояни амалга ошириш учун аниқ ҳаракатлар қилишига шубҳа билан қарайман. Мажлислар ўтказиш, концертлар кўрсатиш, кўчаларга шиорларни ёзиб қўйиш билангина дўстлик ва иноқликни тиклаб бўлмайди, - дейди ўшлик Азамат Қўжўев.

Ўшлик ўзбеклар эса 2011 йилда Ўшда миллатлараро дўстлик ва иноқлик пайдо бўлиши учун, энг аввало, миллатидан қатъий назар, шаҳарликларнинг хавфсизлиги таъминланиши, ўзбекларга нисбатан кўрсатилаётган босимлар тўхталиши шартлигини айтадилар.

- Шаҳарда ўзбеклар бемалол юришга ҳали ҳам қўрқмоқдалар. Масалан, мен яқинда машинада Араванский мавзеидан ўтиб кетаётган эдим. Мени йўлимни тўсишиб, машинамни ағдаришмоқчи, ўзимни эса калтаклашмоқчи бўлишди. Мен ҳужум қилганлардан аранг қутилиб қолдим, - дейди исмини айтишимизни истамаган ўшликлардан бири.

Кейинги суҳбатдошимиз Содиқжон ака ҳам Ўшда ўзбекларнинг хавфсизлиги шу кунгача таъминланмаганидан шикоят қилади.

- Шаҳарда соат 7 дан кейин ўзбек миллатига мансуб одамларнинг ҳаракати тўхтайди. Стабиллаштириш ҳозирча йўқ ҳисобида, деб ўйлайман.Ўзбекларни калтаклашаётгани ҳақида ҳам ҳар куни эшитамиз. Чунки ўзбекларни ҳимоя қиладиган одамнинг ўзи йўқда, -дейди Содиқжон ака.

Ўш шаҳар Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбарияти эса Ўш шаҳар мэрининг 2011 йилни "Миллатлараро дўстлик ва иноқлик йили", деб эълон қилиш ташаббусини қўллайди. Мазкур марказ раиси Рашид Хўжаевнинг айтишича, икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни тиклаш жуда қийин, деярли амалга ошириб бўлмайдиган иш. Бироқ бундай вазиятда қўл қовуштириб ўтираверилса, вазият янада мураккаблашиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам марказ қошида икки халқни яраштириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган ва бу кенгаш шаҳарнинг энг кўзга кўринган одамларидан иборат.

Рашид Хўжаев: Бу борада жамоатчилик кенгашини ташкил қилганмиз. Унга шаҳарнинг таниқли одамлари - Содиқ қори ака (уламодан бири - таҳр.), Муҳаммаджон Мамасаидов (академик - таҳр), Бахтиёр Тўхтаматов (Қирғизистон халқ артисти - таҳр.) каби одамлар аъзо бўлган. Улар билан биз халқ ўртасида тушунтириш ишларини олиб борамиз.

Озодлик: Бу тадбирлар бирон натижа беради, деб ишонасизми?

Рашид Хўжаев: Қийин…Лекин биз бўлмас экан, деб қўл қовуштириб ўтирсак ҳам ярашмайди. Бир қадам-бир қадам бўлса ҳам олдинга юраверишимиз керак. Энг биринчи қиладиган ишимиз ишхоналарда ўзбек ишчиларини иш ўринларига тиклаш бўлади. Агар шу ишни уддаласак, ўзбек билан қирғиз яна аралашиб ишлай бошласа олдинга силжиш бўлади, деб умид қиламан.

Озодлик: Ишдан бўшатилган ўзбеклар жуда кўпми?

Рашид Хўжаев: Жуда кўпчилик ишдан кетган. Кеча шаҳар ҳокимиятида ҳам корхона раҳбарларига жуда қатъий кўрсатма берилди, миллатчилик қилмаслик, ўзбек ва қирғизни аралаштириб ишлатиш ҳақида.

Озодлик: Қирғин кунлари Навоий ҳайкали қўлсиз қолган эди, Бобур театри ёниб кетган эди. Агар миллатлараро ишонч ҳақида гап кетадиган бўлса, бу ишончни тиклаш учун ишни мана шулардан бошлаш керакмасмикин?

Рашид Хўжаев: Бобур театрининг ремонти якунланиб қолди. Худо хоҳласа, бир-икки ойдан сўнг театр ўз фаолиятини бошлайди. Алишер Навоий ҳайкали масаласини ҳам биз кўтарганмиз. 2011 йилда ҳокимият шаҳар бюджети ҳисобига Навоий ҳайкалини таъмирлайдиган бўлган, - деди Ўш шаҳар Ўзбек-миллий маданий маркази раҳбари Рашид Хўжаев.
XS
SM
MD
LG